Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Қашқадарёда иш берувчилар ва ишчиларнинг қўнимсизлиги энг катта муаммо” – Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси тадбиркорларга кўмаклашувчи “Business port” лойиҳасини йўлга қўйди. Платформа орқали кичик ва ўрта бизнес вакилларига амалий ёрдам бериш, мавжуд муаммоларга ечим топиш режалаштирилмоқда. Ваҳобовнинг сўзларига кўра, ушбу лойиҳа ЖСТга қўшилишдан олдин тадбиркорларга фойдали бўлиши мумкин.
21 октябр куни Савдо-саноат палатаси Тошкентда янги “Business port” лойиҳасининг илк тадбирини ўтказди. Ташаббускорларининг сўзларига кўра, платформа кичик ва ўрта бизнес вакилларининг тажриба алмашишига ва ҳамкорлик қилишига кўмаклашади. Хусусан, тадбиркорларга ҳуқуқий, молиявий, интеллектуал мулк, халқаро муносабатлар, кадрлар сиёсати, рақамлаштириш каби йўналишларда маслаҳатлар берилиши ва муаммоларга ечим топилиши кутилмоқда.
Лойиҳанинг илк тадбирида минглаб ишчи ўринлари яратган 250 дан ортиқ тадбиркорлар йиғилди. “Business port” вакили Шохруҳ Низомиддиновнинг сўзларига кўра, платформа бизнес эгалари учун маслаҳат жойи бўлади.


“Ўзбекистоннинг денгизга чиқиш имконияти йўқ, шу учун ўзимизнинг бизнес портимизни яратдик, тадбиркорлар бунга қизиқади”, - дейди ФCБ агентлигининг бошқарувчи ҳамкори Низомиддинов. Унинг қўшимча қилишича, ушбу лойиҳа 2 та асосий мақсадни кўзлаган.
“Биринчи вазифа – Жаҳон Савдо ташкилотига кириш арафасида маҳаллий корхоналарни халқаро кириб келадиган брендларга, корхоналарга қарши рақобатбардош қилиш. Иккинчи мақсад — маҳаллий корхоналарнинг экспортга чиқарадиган хизматлари ва маҳсулотини кучайтириш (сифат ва ҳажм назарда тутиляпти). Буни фақат бренд қуриш ва тўғри нарх сиёсати ва бошқа омиллар орқали қилса бўлади. Шунинг учун “Business port” бир ҳуб бўлди. Тадбиркорларга йўналишига қарамай ёрдам беради”, - дейди Низомиддинов.


Лойиҳа вакилининг қайд этишича, айни пайтда маркетинг, реклама йўналишларида деярли муаммолар йўқ.
“Охирги 7-8 йилни оладиган бўлсак, фақат ривожланиш ва бозор очиляпти. Ҳар йилига 30-40 фоизга ошиш бўляпти. Қайтага бизга Россия, Украина, Беларусдан агентликлар кириб келиб, биз билан рақобатчилик қилишмоқчи. Албатта, биз рақобатга ҳар доим тайёрмиз”, - дейди ФCБ агентлигининг бошқарувчи ҳамкори Шохруҳ Низомиддинов.
Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовнинг айтишича, лойиҳа орқали халқаро ва маҳаллий кўргазмаларда иштирок этиш ва манфаатли ишлаш имкониятлари ҳам кенгаяди.


Kun.uz мухбири палата раисидан платформа орқали қандай муаммоларни ҳал қилиш режалаштирилгани ҳақида сўради.
“Биз ҳозир уларга (тадбиркорлар) саволнома бердик. Саволномада кимда қанақа муаммолар борлигини муҳокама қилиб олдик. Энди йиллик режалар нима дейиладиган бўлса, мана, Қашқадарёда HR (инсон ресурслари) тизими. Яъни бугунги кунда иш берувчилар билан ишчиларнинг қўнимсизлиги энг катта муаммо ва яхши кадр топа олмаяпти. Бунинг учун биз кучли HR’ларни олиб келамиз, улар Қашқадарёда йиғилади. Кейингиси бу ташқи бозорга чиқиш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш. Учинчи ойда маркетинг тизими бўйича иш олиб борамиз. Мана, шунақа қилиб ойма-ой шаклланаверади. Унинг натижасида ўша тадбиркорлар кўтарган масаласи ҳам чиқиб келади. Бухгалтерия ҳозирги кунда оқсаяпти, тадбиркорларда ҳисобчилар етарли эмаслиги катта муаммо. Шунинг учун тадбиркорларнинг ўзида қизиқиш чиқиб келаверади. Ишончим комилки, биз шундоқ ҳам ҳар ой онлайн мулоқотни ҳам олиб борамиз ва айнан шу “Business port” номи билан энди шу онлайн муаммоларни ҳам такроран шакллантирамиз”, - дейди Ваҳобов.
Палата раиси мазкур платформанинг ЖСТга қўшилишдаги аҳамиятли томонларига ҳам тўхталди.

“Президентимиз Жаҳон савдо ташкилотига март ойида киришимизни аниқ айтдилар. Энди кўп тадбиркорларимиз бу нима бўларкин, менинг маҳсулотим рақобатбардош бўла олмасмикан, деб айтади. Лекин у тадбиркорнинг маҳсулоти бошқа давлатда рақобатбардош бўлиб турсин, Жаҳон савдо ташкилотига киргандан кейин у ердаги қўйилган божлар олинади. Бугун биз Жаҳон савдо ташкилоти аъзоси бўлмаганимиз учун МДҲ давлатларидан ташқарига олиб борсак, 40-50 фоиз бож бор.
Агар маркетингни тўғри қўйиб, маҳсулотини ҳозирдан тўғри қадоқлаш бўладими, унинг устидаги ёзувларни тўғри қиладиган бўлса, қўшилганимиздан кейин ўша бозорга биз 40-50 фоиз бож эмас, 10 фоиз бож ёки нол бож билан кира оламиз. Масалан, ҳамма ҳайрон қолади, бугунги кунда Японияга текстил маҳсулоти сотиляпти. Лекин ўша маҳсулотга талаб бор. Ҳозир битта корхона кириб борди. Биттасининг орқасидан қолганлари ҳам кириб бориши мумкин. Бизнинг мақсад, 1 миллион доллар битта маҳсулот у ёққа сотилдими, демак, биз унинг тагига қолган 10 та тадбиркорни ўша сифат, вақт ва молиявий имкониятдан келиб чиқиб, ўша ёққа олиб бориш”, - дейди Савдо-саноат палатаси раиси
Ваҳобовнинг маълум қилишича, тадбир сўнгида бизнес вакиллари билан Қорақалпоғистонда тадбиркорлар паркини қуришга келишиб олинган.
Маълумот ўрнида, лойиҳа доирасидаги навбатдаги тадбир Қашқадарёда ташкил этилади.
Мавзуга оид
09:23 / 15.10.2025
Ўзбекистон афғон тадбиркорлари учун бизнес визаларини соддалаштириши мумкин
20:20 / 09.10.2025
Мис сим экспортига бож киритилади. Иқтисодчилар бу хатолигини айтмоқда
17:18 / 13.08.2025
“Қурувчи таннархидан эмас, бюджетга тўлайдиган солиғидан чегирма қилиб беряпти” – ССП раиси
15:19 / 07.07.2025