Ўзбекистон | 15:19 / 07.07.2025
1486
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-Покистон қўшма Савдо-саноат палатаси тузилади

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раҳбарияти ва юртимиз тадбиркорларидан иборат делегациянинг Покистонга амалий сафари давомида бир қатор иқтисодий тадбирлар ўтказилди.

Фото: "Дунё" АА

Мамлакат элчихонаси ташаббуси билан Равалпинди ва Исломобод савдо-саноат палаталари вакиллари иштирокида Ўзбекистон-Покистон бизнес форумлари ўтказилди. Мазкур форумлар икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада чуқурлаштириш ва янги қўшма лойиҳаларга замин яратди.

Равалпинди Савдо-саноат палатасида ўтказилган бизнес-форумда қишлоқ хўжалиги, терини қайта ишлаш, фармацевтика, туризм, қурилиш, логистика ва савдо соҳаларида фаолият юритувчи покистонлик тадбиркор иштирок этди.

Музокаралар давомида қўшма Ўзбекистон-Покистон Савдо-саноат палатасини тузиш ва йил охиригача соҳавий делегациялар алмашинувини йўлга қўйиш бўйича ташаббуслар илгари сурилди.

Исломобод Савдо-саноат палатасида бўлиб ўтган бизнес-форумда сўзга чиққан палата раиси Насир Курейши икки давлат ишбилармонлари ўртасида доимий мулоқотни йўлга қўйиш, импорт ўрнини босувчи ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини қайд этди.

Форумлар доирасида ўтказилган В2В шаклидаги учрашувларда тўқимачилик, фармацевтика, тери ва жунни қайта ишлаш соҳаларида қўшма лойиҳалар бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Шунингдек, Исломобод Савдо-Саноат палатаси аъзоларидан иборат делегациянинг жорий йил Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё, Сирдарё ва Бухоро вилоятларига бизнес-миссияларини уюштириш тўғрисида ҳам аҳдлашиб олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид