Ўзбекистон | 15:11 / 12.02.2020
65713
2 дақиқада ўқилади

Тошкент халқаро аэропорти шаҳар ташқарисига кўчирилади

Фото: KUN.UZ

Тошкент халқаро аэропорти яқин йилларда шаҳар ташқарисига кўчирилиши режалаштирилган. Аэропорт реконструкцияси ҳам амалга оширилади.

Ислом Каримов номидаги халқаро аэропорт яқин йилларда Тошкент шаҳридан ташқарига кўчирилиши режалаштирилган. Бу ҳақида Uzbekistan Airports АЖ раиси Равшан Исмоилов маълум қилди.

“Ҳозир халқаро аэропорт шаҳарнинг марказида жойлашган. Лекин яқин келажакда уни шаҳар ташқарисига – 30-35 км узоқликда Ангрен ёки Чиноз томонга кўчириш режалаштирилган”, − дейди Равшан Исмоилов.

Унинг сўзларига кўра, жорий йилда ушбу аэропортда реконструкция ишлари олиб борилади. Реконструкция натижасида ҳозирда 6 млн.ни ташкил этаётган фуқаро ташиш ҳажми йилига 7-8 млн.га оширилади, рўйхатга олиш қаторлари 24тадан 48тага етказилади. 

Шунингдек, маълум қилинишича, ҳозирда қурилиши давом этаётган “Тошкент-Шарқий” аэродроми кейинги йилда ишга тушади.
 
“Тошкент-Шарқий” ўз фуқаро ва юк терминалига эга бўлган тўлақонли аэропорт сифатида иш бошлайди. Уни Ислом Каримов номидаги аэропорт билан боғлаш ва ягона ҳаб сифатида фойдаланиш режалаштирилган”, − дейди Равшан Исмоилов.

Мавзуга оид