Тақдимотда қайд қилинишича, Навоий халқаро аэропортининг асосий кўрсаткичлари ўсганига қарамасдан, ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш, йўловчи ва юк ташиш бўйича максимал қувватларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Шунингдек, аэропорт инфратузилмаси, техника парки, юк ва йўловчи терминалларини модернизация қилиш, фаолият жараёнларини рақамлаштириш зарур.
Тақдимотда Навоий халқаро аэропортини лойиҳавий бошқарув тамойиллари асосида ривожлантириш таклиф этилди.
Аэропортни “Uzbekistan Airports” АЖ марказлашган оператив бошқарув тизимидан ажратган ҳолда, унга маҳаллий ва хорижий авиакомпаниялар билан йўловчи ва юк ташиш, транзит ҳамда техник қўнишлар бўйича мустақил музокаралар олиб бориш ҳамда шартномалар тузиш ҳуқуқи берилади.
Аэропорт даромадларини унинг инфратузилмасини модернизация қилиш, ёқилғи резервуарларини кенгайтириш, ҳаво кемаларини таъмирлаш ва бўяш хизматларини жорий этишга йўналтириш орқали авиация хизматлари экспортини ошириш вазифалари белгиланди.

Навоий халқаро аэропортини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган бизнес режаси тўғрисида ахборот берилди. Унга кўра, тижорат ва ноавиацион фаолият кўрсаткичлари 50 фоизга оширилади, 25 тадан ортиқ авиакомпанияларнинг доимий парвозлари йўлга қўйилиб, қайта ишланадиган юк ҳажми 20 минг тоннадан оширилади.
Аэропорт ҳудудида ҳаво кемаларига техник ва тижорат хизматлари кўрсатишга ихтисослашган “порто-франко” эркин божхона зонасини ташкил этиш таклиф қилинди.
2029 йил 1 январга қадар ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун олиб кириладиган махсус техника ва эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан озод қилинади. Шунингдек, ҳудуддаги меҳмонхона аэропорт тасарруфига ўтказилиши белгиланди.
Тақдимотда фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Корхоналар фаолияти самарадорлигини ошириш ва молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида харажатларни қисқартириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда асосий фаолият турига хос бўлмаган хизматларни аутсорсингга ўтказиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ҳақида ахборот берилди.
Энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, электр энергиясида ҳаракатланувчи махсус транспорт воситаларидан фойдаланиш орқали эксплуатацион харажатларни камайтириш зарурлиги қайд этилди.









