Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳафта охирида ҳарорат бироз пасаяди ва ёмғир ёғади
Дам олиш кунлари Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилади. Ҳарорат +22…+25 даража атрофида бўлади. Айрим жойларда шамол кучайиб, чанг-тўзон кузатилиши мумкин.
Фото: Kun.uz
Ўзбекистон бўйича май ойининг биринчи кунларида баҳорий об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, дея хабар берди Ўзгидромет.
Республика ҳудудининг катта қисмида ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилади. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ва Навоий вилояти шимолида ёғингарчилик кутилмайди. Бухоро вилоятида ва Навоий вилояти жанубида асосий ёмғирлар бугун ёғади, 2–3 май кунлари эса фақат айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
1 май куни республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13–18 метр/сониягача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Жума куни кундузи ҳаво ҳарорати асосан +27…+30 даража, дам олиш кунлари эса +22…+25 даража бўлади. Шимоли-ғарбий ҳудудларда жума куни энг салқин +20…+23 даража атрофида бўлиши кутилмоқда, якшанба кунига бориб эса ҳаво ҳарорати +27…+30 даражагача кўтарилади.
Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 1–3 май кунлари вақти-вақти билан ёмғир ёғади, баъзи жойларда момақалдироқ билан кузатилади. Сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Тошкент шаҳрида жума куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат +28…+30 даража бўлади.
Шанба ва якшанба кунлари вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат кечалари +13…+15 даража, кундуз кунлари +22…+24 даража бўлади.
1–2 май кунлари шамол тезлиги 10–12 метр/сониягача кучайиши, бугун кундузи шаҳарнинг айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.