Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан фойдаланиш тартиби тасдиқланади (батафсил)
Фото: KUN.UZ
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг йўл бўйи минтақаларидаги ер участкалари ва иншоотларида ташқи реклама объектларини (конструкциялари) жойлаштириш, қуриш ва эксплуатация қилиш, ушбу участкалардаги объектларнинг жойлашувини келишиш ҳамда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан фойдаланиш тартиблари тасдиқланади.
Вазирлар Маҳкамасининг муҳокама учун эълон қилинган қарори лойиҳасига кўра, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари давлат мулки бўлиб, автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар учун очиқдир. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари аҳоли эҳтиёжларини, давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ва мудофаа эҳтиёжларини қаноатлантириш учун шаҳарлар ҳамда бошқа аҳоли пунктлари ўртасида юклар ва йўловчилар ташишни таъминлайди.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўлларига бўлинади:
халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўллари – Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ халқаро автомобиль йўллари тармоғига кирадиган йўллардир;
давлат аҳамиятидаги автомобиль йўллари – Ўзбекистон Республикаси вилоятлари ва туманларининг маъмурий марказлари, вилоятга бўйсунувчи шаҳарлар, маданият ҳамда саноат марказлари ўртасида транспорт қатновини таъминлайдиган, мазкур марказларни эса, халқаро аҳамиятга молик йўллар билан, аэропортлар, темир йўл станциялари, портлар ва кема тўхташ жойлари, шунингдек қўшни давлатлар билан боғлайдиган йўллардир;
маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўллари – туманларнинг маъмурий марказларини шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар билан, шунингдек давлат аҳамиятига молик йўллар билан боғлайдиган йўллардир.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва уларга ажратилган минтақаларда ҳаракат хавфсизлигининг таъминланганлиги ва тўғри ташкил этилганлиги, ҳаракат хавфсизлиги талабларига зид камчиликлар ва ноқонуний қурилишлар бўлмаслиги, маҳаллий ҳокимликлар, Қурилиш вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари, йўл ташкилотлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан назорат қилинади.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари Қўмита таркибидаги вилоят йўл ташкилотлари ва корхоналари ихтиёрида бўлиб, уларни таъмирлаш ва сақлаш ушбу йўл ташкилотлари ва корхоналари томонидан амалга оширилади.
Темир йўлларни кесиб ўтиш жойларини, осма кўприкларни, паром кечувларини, трамвай йўлларини ҳамда автомобиль йўлларидаги бошқа иншоотларни таъмирлаш ва сақлаш мазкур иншоотлар қайси юридик шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик шахслар томонидан амалга оширилади.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўли минтақаларидаги ерлардан фойдаланиш
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўли ва йўл иншоотларини жойлаштириш учун ажратилган минтақа автомобиль йўли ерларидир. Умумий фойдаланувдаги автомобиль йўли ва у эгаллаб турган ер давлат мулки ҳисобланади.
Автомобиль йўлларининг тоифалари “Автомобиль йўллари” ШНҚга асосан тоифаланади ва 5 та тоифага бўлинади.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари учун хавфсизлик минтақаси, йўлларнинг тоифалари бўйича қурилиш учун ажратилган ер тасмаси чегарасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги автомобиль йўлларида хавфсизликни таъминлаш ва ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 342-сон қарори ҳамда “Автомобиль йўллари ва йўл сервиси объектларини жойлаштириш учун ажратиладиган ер майдонларининг нормалари” ШНҚ талабларидан келиб чиқиб белгиланади.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўли ва у эгаллаб турган минтақа ерларига, автомобиль йўл пойи эгаллаб турган ер, транспорт чорраҳаси, йўл ўтказгич, сунъий иншоотлар, карьерлар, йўлга хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат ва ётоқ бинолари, минтақадаги декоратив дарахтлар, бута ва бошқа дарахтлар, йўл инфраструктурасига кирувчи иншоотлар ерлари киради.
Ажратилган минтақадаги ер участкалари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ҳаракат хавфсизлиги қоидалари талабларини таъминлаш шарти билан сервис объектларини жойлаштириш учун вақтинча фойдаланишга белгиланган тартибда берилиши мумкин.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва уларнинг хавфсизлик минтақаларидан фойдаланиш Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 декабрдаги 342-сон қарори ҳамда “Автомобиль йўллари ва йўл сервиси объектларини жойлаштириш учун ажратиладиган ер майдонларининг нормалари” ШНҚ талаблари асосида амалга оширилади.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан муттасил, йил давомида, хавф-хатарсиз, эркин ва қулай шароитларда ҳаракатланиш;
автомобиль йўл шароитлари тўғрисидаги барча ахборотларни олиш;
автомобиль йўлларидаги носозликлар туфайли етказилган зарарни белгиланган тартибда ундириб олиш;
автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидаларига асосан белгиланган тезликда ҳаракатланиш;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари:
Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш;
автомобиль йўли ва ундаги сунъий иншоотларга зиён етказмайдиган, ҳаракат хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган, техник жиҳатдан соз машина ва транспорт воситаларидан фойдаланиш;
автомобиль йўлини ва ажратилган минтақани ифлослантирмаслик ва уларга шикаст етказмаслик;
автомобиль йўлининг элементлари шикастланишига йўл қўйганда белгиланган тартибда шикастланган элементларни ва уларни тиклаш ишлари қийматини қоплаш;
автомобиль йўлларида ва йўл иншоотларида ҳаракат хавфсизлигига зид носозликлар ва бузилишлар ҳақида яқиндаги йўл ташкилотлари ёки ички ишлар органларига зудлик билан хабар бериш;
автомобиль йўлидан уй ҳайвонларини олиб ўтишда, уй ҳайвонлари араваларини автомобиль йўли бўйлаб ҳаракатланиш вақтида йўл ҳаракати қоидаларининг ушбу иштирокчиларга тааллуқли бандларига қатъий риоя қилиш;
автомобиль йўлидан пиёдаларни автомобиль йўли бўйлаб ҳаракатланиш вақтида йўл ҳаракати қоидаларининг ушбу иштирокчиларга тааллуқли бандларига қатъий риоя қилиш;
автомобиль йўлидан бир сатҳда ҳаракатланувчи бошқа турдаги транспорт воситалари (темир йўл транспорти, трамвай, троллейбус)ни автомобиль йўли бўйлаб ҳаракатланиш вақтида йўл ҳаракати қоидаларининг ушбу иштирокчиларга тааллуқли бандларига қатъий риоя қилиш;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятлар юклатилади.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларига туташ бўлган ер участкаларининг мулкдорлари (фойдаланувчилари):
автомобиль йўлига қўшиладиган ва шохобча йўлларни техникавий жиҳатдан соз ҳолатда сақлашлари;
ажратилган минтақадаги дов-дарахтларни асраш ва сақлашга кўмаклашишлари;
автомобиль йўлига туташ буталарни парвариш қилишлари ва иморатларни соз ҳолатда сақлашлари;
автомобиль йўлларида уй ҳайвонларининг ҳаракатланишини олдини олишга қаратилган чораларни кўришлари;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларига туташ бўлган ер участкаларида қурилиш, реконструкция ишларини амалга оширишдан олдин тегишли йўл ташкилотларидан техник шарт олишлари лозим;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлига туташ ер участкаларининг мулкдорлари, эгалари ва улардан фойдаланувчилар автомобиль йўли ўқидан 50 метрдан кам бўлган масофада тошлар, шох-шабба, конструкциялар ва бошқа материаллар тўпланишига йўл қўймасликлари шарт.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида катта ҳажмли ва оғир вазнли, шунингдек хавфли юкларни транспорт воситаларида ҳаракатланиш
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида катта ҳажмли ва оғир вазнли, шунингдек хавфли юкларни транспорт воситаларида ҳаракатланиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги автомобиль йўлларида хавфсизликни таъминлаш ва ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 342-сон қарорининг 2-иловасида тасдиқланган “Катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни автомобиль транспортида ташишда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш Қоидалари” ҳамда 2002 йил 21 февралдаги 62-сон “Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзитини давлат томонидан тартибга солиш ва назорат қилиш тўғрисида” қарори талаблари асосида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ўлчамлари Қоидаларда ва амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган ўлчамлардан ошганда Қўмита томонидан юк ташишга махсус рухсатнома ва ҳаракатланиш йўналиши аниқ белгиланган йўналиш чизмаси берилади.
Бунда юк ташувчи ёки юк жўнатувчи жисмоний ёки юридик шахс (ёки уларнинг вакиллари) махсус рухсатнома ва йўналиш чизмасини олиш учун Қўмитага ташувни амалга оширишдан камида 10 кун олдин транспорт воситасининг русуми, тури, давлат рақами белгилари ва юкнинг ўлчамлари, ҳайдовчи ва юк ташишга масъул бўлган ходимларнинг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилган ёзма хат (электрон почта ёки ехат электрон тизими) билан мурожаат этишлари зарур.
Катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг параметрлари белгиланган ўлчовлардан ошганда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан ҳаракатланиши учун автомобиль йўлларига ва йўл иншоотларига етказилган зарарларни тўлаш шарти билан амалга оширилади.
Катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситалари томонидан автомобиль йўлларига ва йўл иншоотларига зарар етказилганда бу ҳақида тегишли йўл ташкилоти, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органлари ва Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясининг инспектори ҳамда автотранспорт воситаси ҳайдовчиси (ёки автотранспорт воситасининг мулкдори) иштирокида далолатнома расмийлаштирилиб, зарар миқдори аниқланади.
Далолатномага автомобиль йўли ва йўл иншоотларига етказилган зарарнинг фото, видео тасвирлари, зарарни бартараф этиш учун қилинадиган ёки қилинган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар ва бошқа далиллар илова қилинади.
Катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаси тасарруфида бўлган жисмоний ёки юридик шахсга расмийлаштирилган далолатнома нусҳаси илова қилинган ҳолда етказилган зарарни тўлаш тўғрисида талабнома юборилади.
Етказилган зарар миқдори катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаси тасарруфида бўлган жисмоний ёки юридик шахс томонидан ихтиёрий қопланмаган тақдирда тегишли йўл ташкилоти томонидан судга мурожаат қилинади.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида транспорт ҳаракатини вақтинча чеклаш
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида ёки унинг айрим бўлакларида ҳаракатланишни вақтинча чеклаш, автомобиль йўлларида ёки унинг айрим бўлакларида табиий ва техноген технологик ўзгаришлар оқибатлари бартараф этилгунга қадар, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, автомобиль йўли ва йўл иншоотларига зарар етишини олдини олиш мақсадида, йўл ташкилотлари ва давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида ёки унинг айрим бўлакларида транспорт ҳаракати вақтинчалик чекланса, йўл ташкилоти ушбу ҳолат юзасидан йўлдан фойдаланувчиларни огоҳлантириши шарт.
Қуйидаги ҳолатларда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида транспорт ҳаракатини вақтинча чеклаш белгиланади:
автомобиль йўлларини қайта қуриш, мукаммал таъмирлаш ва таъмирлашда;
оммавий тадбирлар ўтказиш пайтида (маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фармойиши билан);
катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларини ноқулай табиий иқлим шароитларида автомобиль йўли ва унинг айрим бўлакларидаги конструктив элементларнинг кўтариш имконияти пасайганида;
автомобиль йўлининг қурилмавий элементлари ўта намланган баҳор мавсумида (Ўзгидромет маълумотига асосан);
автомобиль йўлининг таъмирлаш ишлари режасига киритилган, лекин таъмирлаш ишлари бошланмаган айрим бўлаклари ва қисмларида музлама, табиий ва техноген хусусиятдаги офатлар даврида;
қиш ойларида музлама ва ёғингарчилик даврида тоғли, довонли ва тик нишаблик ва кескин бурилиши мавжуд йўл қисмларида (маҳаллий ҳокимликлар ва Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати вакилларининг тегишли фармойиш ва кўрсатмаларига асосан);
автомобиль йўлларида йилнинг 15 майидан 15 октябригача бўлган даврларида кундузки соат 11-00 дан 23-00 гача автотранспорт воситалари ва (ёки) автопоезд (тиркама)нинг умумий оғирлиги 20 тоннадан ортиқ бўлганларини ҳавонинг ҳарорати 300С.дан юқори бўлганда ҳаракати чекланади.
Чеклов автобус йўналишларида, шу жумладан, халқаро йўналишларда йўловчилар ташиш, озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳайвонлар, дори-дармонлар, ўғитлар, почта ва почта юкларини ташиш, табиий офатларни тугатиш ёки олдини олиш ёхуд фавқулодда вазиятларда керакли юкларни ташиш, Ҳукумат топшириқларига асосан белгиланган йўналишлар, Мудофаа вазирлигига тегишли транспорт воситаларининг, йўл ташкилотларига тегишли махсус техникаларининг ҳаракатланишига нисбатан татбиқ этилмайди.
Мавзуга оид
09:35 / 01.04.2026
Мобил тарифларга янги талаблар жорий этилиши мумкин
08:11 / 18.03.2026
Битирувчилар учун 3 йил ишлаб бериш талаби бекор қилиниши мумкин
11:59 / 17.12.2025
Дала четларидан фойдаланган фермерларга солиқ имтиёзлари берилади
14:39 / 22.10.2025