Ўзбекистон | 17:33 / 29.04.2019
26402
2 дақиқада ўқилади

Янги ўқув йили бошлангунига қадар барча ўқувчилар ягона мактаб формаси билан таъминланади

2019-2020 ўқув йилидан бошлаб ягона мактаб формаси жорий этилади. Мактаб формаси “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига аъзо бўлган ё бўлмаган корхоналар томонидан тикиб, ўқувчиларга етказилади. Корхоналар уюшма томонидан керакли методик қўлланмалар ва ишланмалар билан таъминланади, тикув ишлари эса бевосита маҳаллий корхоналар томонидан амалга оширишади. Kun.uz мухбири “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров берган маълумот асосида шу ҳақида хабар берди.

“Ҳудудларда жойлашган кичик ва катта корхоналар ўша ерлардаги мактаб ўқувчилари учун форма тикишга имкониятига эга. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти, Фарғона водийсининг барча ҳудудларида мактаб формасига оид ишлар бошлаб юборилган. Мато ва газламалар билан боғлиқ қандайдир етишмовчиликлар бўлса, уларни қоплаш учун ўз иштирокимизни бевосита таъминлаб берамиз. Масалан, бугунги кунда биз Тошкент вилояти ва шаҳрида ишлаб чиқарилган аралаш калава ипни Бухорога бориб тўқиб, Хоразмда бўяб, тикувчиларга етказиб беряпмиз”, - дейди раис.

Мактаб формаси Ўзбекистонда барча учун жорий қилинаётганда катта партияда етказиб берилиши кераклиги боис айрим жойларда импорт матолар ҳам ишлатилиши мумкин, шундай бўлса-да, барча  матолар Ўзбекистонда жорий этилган стандартларга тўла-тўкис жавоб беради.

“Ўйлайманки, 2019 йилнинг 1 сентябригача барча мактаб ўқувчиларимиз ягона формада мактабга бориш имконига эга бўлишади”, - дея маълум қилди Илҳом Ҳайдаров.

Мавзуга оид