Жаҳон | 16:21 / 07.01.2026
14943
9 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Автобус ҳайдовчисидан президентликкача. Мадуронинг карьерасига назар

Венесуэлани 13 йил бошқарган Николас Мадуро 2026 йилнинг илк кунларида америкалик ҳарбийлар томонидан ўғирлаб кетилди. У ва рафиқаси бир қанча оғир айблар билан Ню Йоркда судланмоқда. Kun.uz 64 ёшли Мадуронинг ҳаёт йўли ва АҚШ билан зиддиятига сабаб бўлган омиллар ҳақида ҳикоя қилади.

Мадуронинг сиёсатга кириб келиши

Николас 1962 йилда ишчи оиласида туғилган. Унинг отаси касаба уюшмаси фаоли эди, айнан шу омил Мадуронинг сиёсий майдонга кириб келишида муҳим рол ўйнайди. У олий маълумотга эга эмас, яъни университетда ўқимаган. Ёшлигида бир муддат автобус ҳайдовчиси бўлиб ишлаган; кейинчалик 1983 йилги сайловолди кампанияси пайтида машҳур венесуэлалик сиёсатчи Хосе Висенте Рангелга тансоқчилик қилган. 1990-йилларда Мадуро Кубага йўл олади. Ўша даврда Куба – Лотин Америкасидаги сўл қанот етакчиларини мафкуравий ва сиёсий тайёрлаш маркази эди.

Николас ватанига қайтгач, Уго Чавес асос солган сўл қанот Бешинчи Республика Ҳаракатига қўшилади. 1999 йилда Чавес ҳокимиятни эгаллагач, Мадуро ҳам мансаб пиллапояларидан жуда тез кўтарила бошлайди. Дастлаб депутат бўлади, 2006 йилда эса парламент раиси лавозимини эгаллайди. Кейинчалик Чавес уни ташқи ишлар вазири лавозимига ўтказади.

Уго Чавес ва Николас Мадуро. Фото: Avn/ Xinhua/ Global Look Press

Мадуро ташқи ишлар вазири сифатида Чавеснинг яқин иттифоқчиси ва ишончли сафдоши сифатида танилди ва бу лавозимда 6 йил ишлади. 2012 йилда эса вице-президент бўлди. Ўша йили саратон касаллигидан даволанаётган Чавес уни ўз вориси деб эълон қилади ва халқдан уни қўллаб-қувватлашни сўрайди. 2013 йил мартда Уго Чавес вафот этди ва орадан бир ой ўтиб Венесуэлада навбатдан ташқари президентлик сайлови ўтказилди.

Сайловда Мадуро Чавеснинг сиёсий меросхўри сифатида, Энрике Каприлес бошчилигидаги мухолифат номзодига қарши кураш олиб борди. Сайлов натижалари Мадуро жуда оз фарқ билан ғалаба қозонганини кўрсатди: расмий рақамларга кўра, у 50,6 фоиз, рақиби Каприлес эса 49,1 фоиз овоз тўплайди. Атиги 1,5 фоизлик тафовут президентлик курсисини ҳал қилади. Бироқ бу натижа мухолифат томонидан шубҳа остига олинади. Шу сабабдан ҳам сайлов натижасининг сохталаштирилгани ҳақида миш-мишлар болалай бошлайди. Каприлес тарафдорлари жиддий ижтимоий-иқтисодий муаммолар, шунингдек, “ХХI аср социализми”дан чарчоқ ҳақида тинмай гапиришарди.

Николас Мадуро. Фото: Presidency Of Venezuela

Мадуронинг президентлик даври

Орадан кўп ўтмай, янги президент олдида турган вазифалар анча мураккаб экани кўрина бошлайди. 2014 йилда жаҳон бозорида нефт нархлари кескин арзонлашади. Нефт Венесуэла экспорт даромадларининг 95 фоизини ташкил этарди. Нархларнинг пасайиши фонида мамлакат дефолт хавфи билан юзлашди; гиперинфляция, турмуш даражасининг кескин ёмонлашуви ва аҳоли орасида оммавий эмиграция авж олади. Даромадларнинг пасайиши ортидан чавистлар машҳурлигининг асосини ташкил этган, аҳолининг кам таъминланган қатламларини кенг кўламда қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий дастурлар тизими издан чиқа бошлайди.

Мамлакат узоқ давом этган инқироз гирдобига кириб қолди ва ундан йиллар давомида чиқиб кета олмади. Ялпи ички маҳсулот қисқара бошлади: Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, Венесуэла ЯИМ 2017 йилда ҳатто 12 фоизгача камайиб кетган. Гиперинфляция юзага келиб, нархлар йилига юзлаб фоизга оша бошлайди. 2014–2016 йиллар оралиғида камбағаллик даражаси 48 фоиздан 82 фоизгача кўтарилади. Энг зарур товарлар – асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар танқислиги кучаяди. Умуман олганда, Венесуэлада ҳам социалистик инқироз ҳукм сурди: нархлар “арзон” эди, лекин дўконларда маҳсулот топилмасди, тиббиёт бепул эди, аммо касалхоналарда дорилар ва ускуналар етишмовчилиги кузатиларди.

Мадуро юзага келган муаммоларга ўзи билган усуллар билан қарши туришга уринди. Тадбиркорларни “буржуа паразитлари” ва “қонхўрлар” дея айблаб, иқтисодиёт устидан кескин назорат ўрнатишга киришди: дўконлар нархларни 60–90 фоизгача туширишга мажбур қилинди; ишлаб чиқариш ва маҳсулот тарқатилишини назорат қилиш баҳонасида ҳарбийларни завод ва фабрикалар ҳудудига киритди; валюта айирбошлаш устидан қатъий чекловлар жорий этди.

Бундай кескин сиёсат Мадуро ҳукуматига нисбатан норозиликни кескин кучайтирди. Танқидчилар уни малакасиз бошқарув ва коррупция орқали “бир пайтлар фаровон бўлган Венесуэлани ҳалокатга олиб келди”, дея қоралай бошлайди. Умуман олганда, дунёдаги энг катта нефт захираларига эга Венесуэла 1980-йилларда Лотин Америкасидаги энг бой давлат бўлган бўлса, энди минтақадаги энг камбағал мамлакатга айланиб қолди.

АҚШ билан зиддият

АҚШ ва Венесуэла муносабатларнинг таранглашиши Уго Чавес даврида бошланган. Дастлаб у Америка билан алоқаларни яхшилайди ва икки томонлама фаол савдо ҳамкорлиги ўрнатишга киришади. Демократик ўзгаришлар, коррупцияга қарши курашиш бўйича ислоҳотлар қилишга ваъда беради. Аммо Чавесга қарши 2002 йилдаги ҳарбий тўнтариш икки давлат орасидаги муносабатнинг кескинлашишига олиб келди. Ҳарбий тўнтариш муваффақиятсизликка учраган бўлса-да, АҚШнинг мухолифат билан алоқаси борлиги ҳақида гумонлар пайдо бўлади. Шундан сўнг Уго Қўшма Штатлар сиёсатини кескин қоралай бошлайди ва Американи “империалистик куч” деб атайди. 2007 йилда мамлакатда миллийлаштиришнинг иккинчи тўлқини ўтказилади ва рўйхатга Ғарб нефт компанияларининг филиаллари ҳам киритилади. Бундан АҚШ ҳукумати Венесуэлага қарши санкциялар қўллаш учун асос сифатида фойдаланади ва босим ўтказишни кучайтиради.

Мадуро ҳам Чавес анъанасини давом эттирди. У ўз чиқишларида Қўшма Штатларни Венесуэла ички ишларига аралашишда айблаб, мамлакатидаги иқтисодий муаммоларга АҚШнинг санкцияларини сабаб қилиб кўрсатади. Хитой ва Россия билан стратегик иттифоқ тузиш устувор вазифага айлана бошлайди.

Мадуро ва АҚШ муносабатлардаги кескинлик 2019 йилнинг январида, Доналд Трамп маъмурияти Венесуэлада 2018 йилги президентлик сайловларини ноқонуний деб эълон қилиши фонида кучайиб кетган ва очиқча душманлик даражасига кўтарилган эди. Венесуэладаги мухолиф сиёсатчилар президентлик сайловларини бойкот қилади. Ўша пайтда мамлакат парламенти раиси бўлган Хуан Гуайдо қасамёд қабул қилиб, ўзини муваққат президент деб эълон қилади. Мадуронинг истеъфосини талаб қилиб, мамлакат кўчаларига чиққан ўн минглаб намойишчилар Гуайдони қўллаб-қувватлайди. АҚШ ва 50 дан ортиқ давлат Гуайдони Венесуэланинг муваққат президенти сифатида тан олади. Мадуронинг легитимлиги хавф остида қолади. Ўз навбатида Пекин ҳам, Москва ҳам ўзини муваққат президент деб эълон қилган Гуайдони тан олишдан бош тортди ва режимни иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни давом эттирди.

Хуан Гуайдо. Фото: Edilzon Gamez/Getty Images

Мадурони ағдариш учун яна бир кескин уриниш 2020 йил май ойида рўй берган эди. Америкалик бир гуруҳ собиқ аскарлар Венесуэлага яширинча бостириб киришга уринади, уларнинг мақсади амалдаги президентни ҳибсга олиш ёки йўқ қилиш бўлган. Аммо операция муаффақиятсизликка учрайди. Мадуро ушбу фитна ортида АҚШ махсус хизматлари турганини таъкидлаган.

Бу орада АҚШ Мадуро режимини жиноятчи ташкилот сифатида таъқиб қилишга ҳам киришган эди. 2020 йил март ойида АҚШ Адлия вазирлиги Николас Мадуро ва унинг атрофидаги 14 нафар юқори мартабали мансабдор шахсларга нисбатан гиёҳванд моддалар савдоси ва наркотерроризм бўйича жиноий айбловлар эълон қилган.

Таъкидлаш лозимки, 2023–2024 йилларда Венесуэла муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш ҳаракатлари ҳам кузатилди. Лекин Доналд Трамп ҳокимиятга келиши билан, кескинлик яна ортди. Охир-оқибат 2026 йил 3 январга ўтар кечаси Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес америкалик ҳарбийлар томонидан ўз қароргоҳида қўлга олиниб, мамлакатдан олиб чиқиб кетилди. Улар Ню Йоркда судланмоқда.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид