Ўзбекистон | 17:57 / 15.07.2020
17187
2 дақиқада ўқилади

ХТВ ўқитувчиларни ўқувчиларнинг натижасига қараб рағбатлантириш механизмини ишлаб чиқмоқда

Мактаб директорлари фаолияти қайси мезонлар билан баҳоланиши маълум қилинди.

Эндиликда мактаб директорларининг фаолиятига улар раҳбарлик қилаётган таълим муассасаси битирувчиларининг ҳаётда ўрнини топа олиш даражасидан келиб чиққан ҳолда баҳо берилади.

Халқ таълими вазири биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев иштирокида АОКАда ўтказилган брифингда мактаб директорларини рағбатлантириш тизими ҳақида маълумот берилди.

«Мактаб директорларининг фаолиятига бундан буён битирувчиларнинг ҳаётда ўз ўрнини топганлик даражасига қараб баҳо берилади. Директорлар ва ўқитувчиларнинг ўз битирувчилари келажагига жиддийроқ ёндашиши борасидаги рағбатлантириш механизмини йўлга қўйиш вазифаси белгиланган бўлиб, ҳозирда вазирлик томонидан мазкур механизм мезонлари устида ишланмоқда.

Хусусан, бунда битирувчиларнинг олий ўқув юртларига киришдаги натижалари, ўқишга қамраб олинмаган битирувчиларнинг меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллаши, директорларнинг ўз жамоасидаги ўқитувчиларнинг касбий ривожланишига бераётган эътибори каби жиҳатлар эътиборга олинади», дея Шарифхўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мактаб битирувчиларига касбий кўникмалар бўйича халқаро сертификат бериш амалиётини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.

«Ўқувчиларнинг қайси касбга мойиллиги 7-синфдан бошлаб белгилаб борилади. 8-9-синфларда улар дарслар давомида замонавий ва истиқболи бор касблар билан таништирилади. 10-синфда эса давлат ва нодавлат касбга ўргатиш марказлари билан ҳамкорликда касбга тайёрлаш амалга оширилади.

Халқ таълими вазирлиги ҳузурида «Касбга тайёрлаш ва сертификатлаш» марказини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Мазкур марказ 11-синф битирувчиларининг мактаб таълими давомида эгаллаган касбий кўникмалари бўйича халқаро даражада тан олинадиган сертификатлар бериш билан шуғулланади», деди вазирлик расмийси.

Эслатиб ўтамиз, 14 июль куни президент раҳбарлигида ўтган селекторда ўқувчиларни мактабданоқ касбга ўқитиш тизимини жорий этиш, навбатдаги ўқув йилидан бошлаб мактаб директори ва ўқитувчиларга ўқувчиларнинг олий таълимга кириши, иш топиши даражасига қараб оширилган иш ҳақи тўланишини жорий этиш топшириғи берилган эди.

Мавзуга оид