11 октябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Ишдан бўшатилган бераҳм ўқитувчи, мажбурий меҳнатга қарши Сенат, онлайн қиморга ютқазиб қўйган МИБчи ва Андижонга пулли йўл қурилиши муддати — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Мушукни деразадан улоқтирган ўқитувчи
Тошкент шаҳридаги мактабларнинг бирида ўқитувчи ўқувчилари кўз ўнгида иккинчи қават деразасидан мушукни улоқтириб юборган. Суд ўқитувчини БҲМнинг бир баравари миқдорида жаримага тортди. У ўз аризасига кўра ишдан бўшатилгани ҳам айтилмоқда.
Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги 62-мактабнинг ўзбек тили ўқитувчиси ўқувчилари кўз ўнгида иккинчи қават деразасидан мушукни кўчага улоқтирган. Мушукча нобуд бўлган.
Воқеа 27 сентябр куни содир бўлган. Пойтахт таълим бошқармасининг тушунтиришича, 7-синф ўқувчилари «она тили дарсига ўзбошимчалик билан мушук олиб кирган».
Гарчи бошқарма мушук жиддий жароҳатлар олмаганини таъкидлаган бўлса-да, «Мушуккент» лойиҳаси мушукча иккинчи қаватдан қулаши оқибатида кўплаб жароҳатлар олгани, Ecolog.uz эса мушукча кейинроқ нобуд бўлганини хабар қилган.
Учтепа тумани суди томонидан ўқитувчига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси 1-қисми —ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлгани учун 375 минг сўм миқдорида жарима солинган.
Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабарига кўра, ўқитувчи ўз аризасига биноан эгаллаб турган вазифасидан озод этилган.
Сенат мажбурий меҳнат ҳақида
Сенат жойлардаги пахта теримига мажбурлаш ҳолатларига муносабат билдирди. Бундай ҳолатлар Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссияси томонидан назоратга олинган.
«Мазкур ҳолатлар зудлик билан ўрганилади ҳамда масъулларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.
Шу каби ҳолатлар аниқланган тақдирда 1282 ёки 1092 қисқа рақамларига ёки @munosibmehnat_bot телеграм боти орқали мурожаат қилишингиз мумкин», — дейилади Сенат муносабатида.
Аввалроқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклига қатъий қарши экани, ўқитувчиларнинг пахта теримига жалб этилишини ноқонуний ҳолат деб ҳисоблашини маълум қилганди.
Онлайн қиморга ютқазиб қўйган МИБчи
МИБнинг Юнусобод тумани бўлимининг депозит бўйича мутахассиси 13 нафар фуқаронинг пластик картасига ўтказиб олиш орқали бўлим депозит ҳисобрақамидаги маблағдан 932 млн сўмни ўзлаштириб юборди. У бу пулларни онлайн қиморга тикиб, ютқазган.
1992 йилда туғилган М.Б. 2022 йил 2 декабрдан 2023 йил 21 июлга қадар МИБнинг Шайхонтоҳур тумани бўлими депозит бўйича мутахассиси лавозимида фаолият юритган.
Шу даврда ижро ҳужжати бўйича қарздорнинг ортиқча тўланган 46 млн сўм пулини эгасига қайтармасдан, жиянининг пластик картасига ўтказиб олган.
У 2023 йил 21 июлдан 27 декабрга қадар МИБнинг Юнусобод тумани бўлими депозит бўйича мутахассиси лавозимида ишлаган. У бу ерда ҳам қисқа муддатда катта миқдордаги пул маблағини ўзлаштирган. Яъни М.Б. жияни ва бошқалар билан тил бириктириб, бўлим иш юритувида ижро ҳужжатлари мавжуд бўлмаган 13 нафар фуқаронинг пластик картасига депозит ҳисобрақамдаги қолдиқ маблағ ҳисобидан жами 932 млн 986 минг сўм пул маблағини ўтказиб олган. Сўнгра эса ушбу пулларни онлайн қиморга тикиб, ютқазиб қўйган.
Суд ҳукми билан М.Б. 6,5 йил муддатга муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Пулли йўл 6 йилда битказилади
Тошкент-Андижон пулли автомобил йўли 6 йил-у 3 ой муддатда қурилади. Буни Транспорт вазири ўринбосари Жасур Чориев маълум қилган. Лойиҳага кўра, йўлда 10 та туннел бўлади.
Вазир ўринбосари берган маълумотларга кўра, йўлнинг 64 фоизи янги қурилиши, 36 фоизи эса реконструкция қилиниши кутилмоқда. Узунлиги 314 километр бўлган I-a категориясидаги йўл 6 қатордан иборат бўлади.
Жараён уч босқичдан иборат бўлади: биринчи босқичда Тошкент-Ангрен (78 км), иккинчи босқичда Ангрен-Поп (93 км), учинчи босқичда эса Поп-Андижон (143 км) қисмлари қурилади. Йўл бетон қопламали бўлади.
Пулли йўлда жами 102 та сунъий қурилма барпо этилиши кутилмоқда. Ундаги йўл ўтказгичларнинг жами узунлиги 1122 метрга етади. Йўлда жами 10 та туннел бўлиши ва уларнинг умумий узунлиги 33 кмга етиши кутилмоқда. Энг узун туннел 6787 метрни ташкил этади.
Лойиҳа қиймати 4,28 млрд долларни ташкил этади. Мазкур йўл қурилиши бўйича давлат-хусусий шерикчилик келишуви 49 йил муддатга амал қилади.
100 тонна олтин қазиб олинди
2023 йилда Ўзбекистонда қазиб олинган олтин миқдори 100 тоннани ташкил этган. Бу 2022 йилга нисбатан солиштирганда 4 тоннага кам.
АҚШ Геология хизмати хабарига кўра, Қозоғистонда бу кўрсаткич 2023 йилда 130 тоннани ташкил этган ва аввалги йилга нисбатан ўсиш 15 тоннага етган.
Россияда 310 тонна олтин қазиб олинган бўлиб, бу аввалги йил кўрсаткичига мос келади.
Умуман олганда, 2023 йилда жаҳонда 3 минг тонна олтин ишлаб чиқарилган бўлиб, бу 2022 йилга нисбатан 60 тонна кам.
Қирғизистонда олтин қазиб олиш ҳажми бўйича сўнгги баҳолашни АҚШ Геология хизмати ҳали эълон қилмаган. Уларнинг маълумотларига кўра, 2022 йилда Қирғизистонда 25,3 тонна олтин қазиб олинган.
Мавзуга оид
21:16 / 20.12.2024
20 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
20:30 / 19.12.2024
19 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:10 / 18.12.2024
18 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
20:54 / 17.12.2024