Ўзбекистон | 21:10 / 18.12.2024
1732
5 дақиқада ўқилади

18 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Фарғонадаги портлаш қурбонлари, ноқонуний тўсиқлар учун жавобгарлик, 2025 йил бюджетини маъқуллаган Сенат ва кейинги 3 йил учун АҚШ доллари курси прогнозлари — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Фарғонадаги портлаш қурбонлари сони ошди

Фарғона шаҳридаги газ қуйиш шохобчасида содир бўлган портлашда ҳалок бўлганлар сони ошиб, 4 нафарга етди. Қурбонлар орасида болалар ҳам бор.

Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси хабарига кўра, 17 декабр куни, соат 13:45 ларда Янгийўл маҳалласидаги «Petrolium» пропан газ қуйиш шохобчасида 5 м³ сиғимли контейнерга суюлтирилган газ қуйиш пайтида ёриқ пайдо бўлиб, газ сизиши оқибатида портлаш ва ёнғин содир бўлган. Дастлаб 1 киши воқеа жойида ҳалок бўлган. Кейинчалик шифохонага ётқизилган 3 киши тиббий ёрдамга қарамасдан вафот этган.

Фарғона вилоят ИИБ Жиноят кодексининг 257-моддаси — Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш ва 259-моддаси — Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш бўйича жиноят иши қўзғатган. 5 киши қамоққа олинган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Аниқланишича, маҳаллий аҳоли илгари шохобча қурилишига норозилик билдирган, шаҳар ичида бундай объектлар хавфли эканини таъкидлаган. Аммо масъуллар бу эътирозларга эътибор қаратмаган.

Хотиннинг хиёнати қотилликка етаклади

Навоий вилояти Кармана туманида 33 ёшли эркак ўлдирилиб, Зарафшон дарёсига ташлаб юборилди. Эркакнинг рафиқаси ҳамда хуштори қотилликда гумонланиб, қамоққа олинди.

1991 йилда туғилган марҳум шоҳбекатда йўловчиларни миндирувчи бўлиб ишлаган. 29 ноябрдан 30 ноябрга ўтар кечаси ишдан уйига қайтиб келганида, турмуш ўртоғини бошқа эркак билан кўриб қолган. Жанжал чоғида рафиқаси ва унинг таниши эрни ип билан бўғиб ўлдирган.

Аёл эртасига турмуш ўртоғини йўқолиб қолди, деб ички ишларга хабар берган. Қўшниларнинг кўрсатмалари асосида гумонланувчилар қўлга олиниб, қотилликни тан олишган. Улар марҳумнинг жасадини дарёга ташлаб юборишганини маълум қилишган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва ФВБ ходимлари жасадни излашда давом этмоқда. Аммо 20 кундан бери жасад топилмади. Марҳумнинг яқинлари қотиллар тегишли жазосини олиши керак, деб ҳисоблашмоқда.

Ноқонуний тўсиқлар учун жавобгарлик

Парламентда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди. Янги қонун йўлларда ноқонуний тўсиқлар ва бошқа ҳаракатга халақит берувчи қурилмаларни ўрнатганлик учун жавобгарлик чораларини назарда тутади.

Лойиҳада тротуарлар, пиёда ва велосипед йўлкалари, уларга туташ ҳудудларда автотранспорт воситаларининг ҳаракатланишини чеклашга оид қоидалар белгиланмоқда. Шунингдек, аҳоли томонидан йўл ҳаракати иштирокчиларига тўсқинлик қилувчи тўсиқларни ўрнатиш ҳолатларининг олдини олиш учун янги тартиблар жорий этилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришларга кўра:

Мазкур қонун йўл ҳаракати хавфсизлигини янада яхшилаш ва йўлларда тартибни таъминлашга қаратилгани айтилмоқда.

Сенат 2025 йил бюджетини маъқуллади

Ўзбекистон Сенатида «2025 йил учун Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун муҳокама қилиниб, маъқулланди. Қонунга кўра, давлат бюджети даромадлари 431 трлн сўм, харажатлари эса 480,5 трлн сўм миқдорида шакллантирилиб, тақчиллик ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоизни ташкил этади.

Бюджетнинг ижтимоий йўналиши сақлаб қолинган бўлиб, 2025 йилда харажатларнинг 52 фоизи ёки 177,7 трлн сўм ижтимоий соҳаларга йўналтирилади. Шу жумладан, соғлиқни сақлаш учун 41,3 трлн сўм ажратилиб, бу 2024 йилдаги харажатларга нисбатан 19,8 фоизга кўпдир.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун 3,6 трлн сўм ажратиш режалаштирилган. Шунингдек, давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 66,4 трлн сўм, харажатлари эса 62,8 трлн сўм этиб белгиланди.

Инфляция даражаси 2025 йилда 7 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Муҳокама якунида сенаторлар мазкур қонунни тасдиқлашга овоз беришди.

Кейинги 3 йилда доллар курси қанча бўлади?

Ўзбекистон ва халқаро ташкилотлар долларнинг сўмга нисбатан курси бўйича ўз тахминларини тақдим этди.

Ўзбекистон ҳукумати 2027 йилгача долларнинг ўртача йиллик қийматини қуйидагича прогноз қилмоқда:

  • 2025 йил: 13 минг 250 сўм,
  • 2026 йил: 13 минг 725 сўм,
  • 2027 йил: 14 минг 150 сўм.

S&P халқаро рейтинг агентлиги прогнозига кўра:

  • 2025 йил охирида – 13 минг 650 сўм,
  • 2026 йил охирида – 14 минг 300 сўм,
  • 2027 йил охирида – 15 минг 000 сўм.

Бугунги кунда 1 АҚШ доллари 12 минг 874 сўм этиб белгиланган бўлиб, йил бошидан бери сўм долларга нисбатан 4,4 фоизга қадрсизланган.

Мутахассисларга кўра, доллар курсини аниқ прогноз қилиш мураккаб, чунки бу иқтисодий ўсиш, инфляция даражаси ва ташқи савдо баланси каби бир қанча омилларга боғлиқ.

Мавзуга оид