Жамият | 20:50 / 14.10.2025
4503
2 дақиқада ўқилади

Катта шаҳарлардаги жамоат жойларида хизмат итлари патруллик қила бошлади

Хизмат итлари ёрдами жиноятларнинг олдини олишда, шунингдек, қўлга олинган шахсларнинг қочишга уриниши ёки атрофдагиларга зарар етказиш эҳтимоли мавжуд вазиятларда қўлланилади.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия томонидан жамоат жойларида, хусусан, хиёбонлар, истироҳат боғлари ва бозорларда гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддалар ноқонуний айланмасининг олдини олиш мақсадида хизмат итларидан фойдаланиш тартибини белгиловчи қўшма қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳри ҳокимлиги хабар берди.

Қарорга мувофиқ, дастлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида жойлашган жамоат жойларида хизмат итлари билан биргаликда патрул нарядлари тажриба-синов тариқасида фаолият бошлади.

Таъкидланишича, Тошкент шаҳар ИИББ Кинология бўлими ходимлари “Tashkent City Mall” савдо мажмуаси, “City Park”, “Dream Park” ва “Magic City” кўнгилочар масканларида хизмат фаолиятини олиб бормоқда.

Хизмат итлари ёрдами жиноятларнинг олдини олишда, хусусан, фуқароларга ёки ходимларга ҳужум уюштириш ҳолатларини бартараф этишда, жиноят содир этгандан кейин яширинаётган шахсларни аниқлаш ва ушлашда, шунингдек, қўлга олинган шахсларнинг қочишга уриниши ёки атрофдагиларга зарар етказиш эҳтимоли мавжуд вазиятларда қўлланилади.

Қарорга мувофиқ, жониворларнинг хизмат давомийлиги об-ҳаво ҳарорати +30°C дан юқори ёки +1°C дан паст бўлган пайтларда 4 соатдан ошмаслиги белгиланган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид