Иқтисодиёт | 16:41 / 01.04.2026
1474
3 дақиқада ўқилади

Google ва Meta'дан қандай маълумотлар олинади? Уларни солиққа тортиш механизми айтилди

Ўзбекистонда хорижий IT-компаниялар қандай солиққа тортилмоқда, бунинг учун улардан қандай маълумотлар талаб қилинади? Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиевнинг Kun.uz'га айтишича, Google ва Meta каби платформалардан Ўзбекистондаги фаолиятига доир молиявий маълумотлар сўралади ва шу асосда солиқ ҳисобланади. Хорижий платформалар мижозларининг шахсига оид маълумотлар сўралмаслиги айтилди.

Фото: Getty Images

Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев 27 март кунги матбуот анжуманида хорижий платформалар билан ишлаш механизмини тушунтирди.

Аввалроқ, жорий йил феврал ойида Солиқ қўмитаси банклардан 2023-2025 йилларда Ўзбекистонда солиқ ҳисобида турган хорижий компаниялар фойдасига жисмоний шахслар томонидан амалга оширилган барча тўловлар ҳақида маълумот тақдим этишни сўраб хат юборгани банк сирига оид муҳокамаларни келтириб чиқарган эди.

Жаҳонгир Абдиевнинг изоҳлашича, қўмита солиққа тортиш мақсадида батафсил маълумот сўрамайди.

Биз [хорижий IT-компаниялардан] сизларда қандай транзакциялар бўлган, деб сўраганмиз. Мана, Google, Facebook каби компаниялар бизга ҚҚС тўлайди-ку? Улар бизда кўрсатган хизматлари суммасидан ҚҚС тўлаши керак, тўғрими? Биз улардан сўраганмиз, буни ҳар ой қиламиз. Бу бир марталик операция эмас. Улар ҳар ой бизга ўз ҳисоботларини топширади. Ҳар ой улардан қанча айланма бўлганини сўраймиз, улар бизга айланма ҳажмини кўрсатади”, – деди у.

Солиқ қўмитаси масъули фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари олинадими, деган саволга: “Биз хизмат фойдаланувчиларининг шахсини сўрамаймиз”, деб жавоб берди.

Унинг қўшимча қилишича, компаниялар қанча ва қандай хизматлар кўрсатгани, қандай товар ёки хизматлар сотгани ёки қандай рекламалар жойлаштирилгани – Ўзбекистонга тўлаши керак бўлган ҚҚС суммасини ҳисоблаш учун талаб қилинади.

Хорижий платформаларни солиққа тортиш масаласи ўтган йиллар давомида фаол муҳокама қилинган. Шу мақсадда айрим маркетплейслар, жумладан Тemu фаолияти чекланган.

Бу борада бизнинг позициямиз қатъий: агар қандайдир хорижий компаниялар текинга Ўзбекистон Республикасида келиб, шундоқ даромад олиб кетаман дейдиган бўлса, нотўғри ўйлаяпти.

Ўзбекистон фуқароларининг миллиардлаб пулини олиб, уларнинг орқасидан даромад олаётган компания нима учун бизга солиғимизни қайтариб тўлаб бериши керак эмас?” – дейди Абдиев.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда солиқ органларида рўйхатдан ўтмай фаолият юритаётган хорижий онлайн компанияларга чекловлар қўллаш тартиби ишга тушди.

Маълумот учун, 2025 йилда Ўзбекистонда Apple 49,5 млрд сўм, Meta корпорацияси (Facebook, Instagram, WhatsApp эгаси) 49 млрд сўм, Google 44,4 млрд сўм солиқ тўлаган.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид