Иқтисодиёт | 17:01
868
3 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистон блогерларни солиққа тортиш масаласида бошланғич босқичда турибди” – Жаҳонгир Абдиев

Блогерлар ва ижтимоий тармоқларда фаол шахслар даромадларини солиққа тортиш масаласи ҳали муҳокама босқичида турибди, деди Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари. Феврал ойида қўмита делегацияси бу борада Россия тажрибасини ўрганиш учун Москвага бориб келганди. Абдиевнинг айтишича, ҳали бошқа давлатларнинг ҳам тажрибаси ўрганилиб, энг мақули танлаб олинади.

Фото: Kun.uz

Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев блогерлар даромадларини солиққа тортиш юзасидан изоҳ берди.

2026 йил феврал ойида қўмита делегацияси Москвада РФ солиқ хизматидаги ҳамкасблари билан учрашув ўтказиб, блогерлар даромадлари устидан солиқ назорати механизмларини муҳокама қилган эди.

Kun.uz 27 март кунги матбуот анжуманидан кейин Абдиевдан бу масала қандай босқичда экани ҳақида сўради.

Бунда ҳозир ҳеч қанақа ваҳима қиладиган масала йўқ. Бирор янги тартибни битта давлат тажрибаси билан амалиётга киритиб бўлмайди. Биз ҳали бу йўлда дастлабки босқичдамиз, ҳали биринчи қадамни қўйиш учун оёқни энди кўтариш жараёнида бўлсак керак. Ҳали бошқа давлатларни кўрамиз. Россияда қанақа йўлга қўйилган, нечоғли даражада яхши, ўрганамиз. Аммо бу етарли эмас”, – деди у.

Абдиевга кўра, Россия тажрибаси ўрганилган бўлса-да, бу якуний модел сифатида кўрилмаяпти. Унинг қўшимча қилишича, Солиқ қўмитаси бошқа давлатлар, хусусан, Европа мамлакатларидаги амалиётни ҳам таҳлил қилмоқда. Айрим давлатларда бу тизим муваффақиятли жорий қилинган, дейди у.

Голландияда ёки Европанинг айрим давлатларида яхши жорий қилинган ва амалиётга кириб кетган. Жамоатчилик ҳам жуда осон қабул қилган. Шу билан бирга, барча тажрибалар ҳам ижобий натижа бермаган. Айрим мамлакатларда бундай тартиблар салбий оқибатларга олиб келгани учун бекор қилинган. Қайсидир давлатларда бу тажриба киритилганидан кейин бекор бўлган. Негатив муносабатларга олиб келгани учун ундан воз кечилган”, – деди қўмита расмийси.

Жаҳонгир Абдиевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон турли тажрибаларни солиштириб, ижобий жиҳатларни олиш ва хатолардан қочиш йўлини танламоқчи.

Демак, биз ҳам қилганимизда кимнингдир яхши томонини олишимиз керак, ёмон томонини эса такрорламаслигимиз керак”, – деди у.

Суҳбат давомида бу йўналишда аниқ режа бор-йўқлиги ҳақида ҳам савол берилди. Расмий бу борада “йўқ, бу ҳали ўрганиш жараёнидаги нарса”, дея, ҳозирча аниқ дастур ишлаб чиқилмаганини билдирди.

  • 2022 йилда YouTube'даги ўзбекистонлик влогерларга солиқ идоралари томонидан хабарнома юборилгани ОАВ эътиборини тортганди.
  • Россияда ҳам блогерлар даромадлари устидан солиқ назорати бир неча йил аввал кучайтирилган. 2021 йилдан бошлаб солиқ хизмати йирик блогерларнинг тушумларини фаол текшира бошлаган, 2023 йилда эса айрим инфлюэнсерларга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилган.
Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид