Ўзбекистон | 16:23 / 27.10.2022
17803
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Эрон дронлари мамлакат ҳудудида йиғилаётганини рад этди

Ўзбекистон Мудофаа саноати давлат қўмитаси ва Ташқи ишлар вазирлиги Эрон дронлари Ўзбекистонда йиғилиши ҳақида тарқалган хабарларни ёлғон деб атади.

Фото: AP

Ўзбекистон Мудофаа саноати давлат қўмитаси айрим хабарларда тарқалган Ўзбекистонда Украинадаги қуролли можароларда қўлланилаётган Эрон жанговар учувчисиз учиш аппаратлари (дрон)ларни йиғилаётгани ҳақидаги маълумотни рад этди.

Шу билан бирга, Мудофаа саноати давлат қўмитаси Ўзбекистон эронлик ҳамкорлар билан биргаликда қурол-яроғ ва ҳарбий техника ишлаб чиқармагани ва ишлаб чиқармаётганини ҳам таъкидлаб ўтди.

Қўмитанинг таъкидича, тасдиқланмаган ахборотнинг эълон қилиниши жамоатчиликни нотўғри маълумотларга олиб келади ва Ўзбекистоннинг хорижий ҳамкорлар билан дўстона муносабатларига маълум даражада зарар етказиши мумкин.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам бундай хабарлар юзасидан баёнот берди.

Унда украиналик журналист ва блогер Дмитро Гордоннинг исроиллик тадбиркор Леонид Невзлин билан интервюсида Эрон дронлари Ўзбекистон ҳудудида йиғилаётгани тўғрисида айтилган маълумот ёлғонлиги айтилган.

«Шуни алоҳида маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Эрон Ислом Республикаси билан ҳарбий-техник соҳада ҳамкорлик қилмайди ва ўз ҳудудида Эрон ҳарбий техникасини йиғмайди.

Шу билан бирга, ҳозирги вақтгача Украина томонидан ҳам, бошқа хорижий ҳамкорлардан ҳам «Эрон дронларини йиғиш» масаласи бўйича расмий мурожаатлар келиб тушмаган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Украина расмий ҳукуматига Украина оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон тўғрисида икки томонлама муносабатларга путур етказиши мумкин бўлган бундай асоссиз айбловлар ва бошқа ишончсиз маълумотлар тарқатилишининг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўришни сўраб мурожаат қилади», дейилади баёнотда.

Бундан олдин Исроилда яшовчи собиқ россиялик миллиардер Леонид Невзлин украиналик журналист Дмитрий Гордон билан суҳбатда Ўзбекистондаги заводда Эрон билан ҳамкорликда ҳарбий дронлар йиғилаётганини иддао қилганди. 

«Эрон ҳарбий дронлари Россияга етказиб берилишидан олдин Ироқ ва Ўзбекистондаги ҳарбий заводларда йиғилади. Ҳозир ер-ер типидаги ракеталарни ҳам етказиб беришга уринмоқда ёки аллақачон етказиб берилмоқда. Бу энди алоҳида янгилик. Яқинда Эрон армиясининг икки ҳарбийси – полковник ва генерал ўлдирилди. Улар Эронда дронларни ишлаб чиқаришга масъуллардан бўлгани айтилмоқда. Бунақа нарсалар тасодифан бўлмайди», деган Невзлин интервьюда.

Аввалроқ Тожикистон Қирғизистон билан қарама-қаршилик кучайиши ортидан Эрон дронларини ишлаб чиқаришни йўлга қўяётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Мавзуга оид