Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Наманганда халқаро гуллар фестивали очилди: 31 майга қадар унда ярим миллион меҳмон қатнашиши кутилмоқда
Наманганда Халқаро олтмишинчи бор ташкиллаштирилаётган гуллар фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. 1961 йилда бошланган гуллар байрами ташаббуси йиллар мобайнида такомиллашиб, халқаро фестиваль мақомига эга бўлди.
Эрта тонгдан гуллар билан безатилган машиналар парадидан бошланди. ўзига хос гулларга бурканган 200 дан ортиқ машиналар Наманган халқаро аэропортидан йўлга чиқиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур боғига қадар йўл босиб ўтди. Бу йилги параднинг ўзига хослиги — ҳарбий техникалар ҳам гуллар билан безатилгани бўлди.






Фестивалнинг расмий очилиш маросими эса Наманган шаҳридаги Тинчлик стелласида бўлиб ўтди. Ушбу маросимга тайёргарлик ишлари 2020 йил сентябр ойидан бошланган эди. Шаҳар атрофи шу кунгача 10 миллиондан ортиқ гулларга бурканди. Фестивал ўтказиладиган боғ ҳам ўзига хос ландшафт дизайнларига эга бўлди.



Байрамнинг яна бир ўзига хослиги — гуллар савдоси ҳам алоҳида павильонда ташкил этилди. Фестивалга нафақат наманганлик, балки қўшни вилоятлар ва қўшни республикалардан ҳам моҳир гулчилар ташриф буюрган.
«10 йилдан бери гулчилик билан шуғулланамиз. Гуллар байрамида 5 йилдан бери қатнашамиз. Бу йил ўзимиз ўстирган кўп йиллик гуллардан 3 мингга яқинини олиб келганмиз», — дейди Андижон шаҳридан келган гулчи Раҳимберди Сотиволдиев.
Фестивалга Наманган билан биродарлашган вилоятлар ва шаҳарлар делегациялари ҳам таклиф этилган. Улар қаторида Туркиянинг Испарта ва Усмонғози, Хитойнинг Цингдау, Жанубий Кореянинг Инчон, Беларуснинг Могилёв шаҳарлари, Покистоннинг Панжоб, Россиянинг Челябинск ва Свердловск, Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятлари бор.
Фестиваль ўтказиладиган боғга 165 та тунги чироқ, 65 та сўритокли ўтирғич ўрнатилди. 9 та кўча билан боғловчи 9 та дарвоза қад ростлаган. Ноёб гул кўчатларидан 100 дан зиёд бадиий композициялар яратилган. Шулардан бири улкан товус пати шаклидаги гуллар коллекцияси. Бу манзара учун 156 минг туп гул экилган.

Бундан ташқари, ҳар бир туман учун алоҳида павильонлар ажратилган. Ажратилган майдонларда туманнинг ўзига хос рамзлари тасвирланган. Мисол учун, Поп туманига ажратилган ерда Қамчиқ довони, поезд ва Поп патирларини кўриш мумкин.



Фeстивалнинг тантанали очилиш ва якуний маросимини юқори бадиий савияда ўтиши учун Заҳриддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат ҳамда «Афсоналар водийси» боғлари, Тинчлик стeлласи, Адиблар хиёбони, Уч фаввора майдони ва бошқа жойларда бадиий мусиқий, композицияли дастурлар, «Гул билан яшнасин олам», «Кимнинг гули чиройли?», «Кактуслар оламида», «Кўнгилларда гул васфи», «Гуллар маликаси», «Дўппидек палов» каби кўрик-танловлар ташкил этилади, ҳунармандчилик, миллий либослар ва фотосуратлар намойиши ўтказилади.
Наманганда 23 майдан 31 майга қадар ташкиллаштириладиган гуллар фестивалига 500 мингдан зиёд меҳмонлар келиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига асосан Наманган шаҳрида халқаро гуллар фестивалининг 60 йиллик юбилейини ўтказиш белгиланган эди. Аслида илк фестивални 2020 йилда кенг миқёсда ўтказиш режалаштирилган эди. Бироқ коронавирус пандемияси туфайли режа бир йил ортга сурилган эди.
Тоҳиржон Турсунов, Юлдуз Юлдашева, Kun.uz мухбирлари.
Тасвирчи: Боймирза Халилов
Мавзуга оид
11:51 / 21.04.2026
Намангандаги мактаблар “Мутолаа” платформасида мажбурий обунага жалб қилинаётгани айтилди
08:35 / 20.04.2026
26 минг доллар эвазига Ҳажга юбормоқчи бўлган шахс қўлга олинди
11:35 / 02.04.2026
Истеъмолчилар чиқиндини олиб кетмаган корхонани антиқа йўл билан жазолади
21:00 / 28.03.2026