Жамият | 11:16 / 15.08.2024
22001
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда газбаллон портлаши ортидан бир кишининг ўлимига сабаб бўлган талаба озодликдан маҳрум этилди

Кўкдала туманида Наврўз сайлида газбаллон портлаши оқибатида 14 киши куйиб, турли даражада тан жароҳати олгани ва бир киши вафот этгани маълум бўлди. Газбаллонни одамлар гавжум жойга 22 ёшли талаба йигит балиқ пишириб сотиш учун ўрнатган. Суд йигитни эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш жиноятини содир қилганликда айбли деб топди. 

Кўкдала туманида Наврўз сайлида газбаллон портлашига сабаб бўлган йигитга ҳукм ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Ҳукмда келтирилишича, 2002 йилда Чироқчи туманида туғилган, Тошкент Иқтисодиёт ва технологиялар институти талабаси бўлган Б.Ш. Кўкдала туманида ўтказилган Наврўз байрами сайлига 27 литр сиғимдаги газбаллон олиб борган. У сайлда балиқ пишириб сотмоқчи бўлган.

Профилактика инспектори йигитга бир неча бор газбаллонини аҳоли тўпланиб турган ҳудуддан четроққа олиш ёки ерга кўмишини айтган. Аммо Б.Ш. эҳтиёткорлик чора-тадбирларига амал қилмасдан, газбаллонга газ плитасини ўрнатиб, ундан фойдалана бошлаган. Кўп ўтмай газбаллон портлаб кетган.

Ҳодиса оқибатида 7 киши ўртача оғир, 7 киши оғир тан жароҳати олган. Бир киши эса 80 фоиз куйиш жароҳати билан шифохонага ётқизилган. Бироқ бемор аёл 2024 йил 25 апрел куни шифохонада вафот этган.

Б.Ш. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган.

“Тирикчилик қилиш мақсадида 5-6 йиллардан буён бозор ҳамда байрамларда балиқ пишириш билан шуғулланиб келаман. 2024 йил 18 март куни Тўқмор маҳалласида бўлаётган Наврўз байрамига балиқ пишириб сотиш учун бордим. Мен борган вақтимда байрамда 100 нафардан ортиқ одам бор эди. Даланинг бир четига газбаллон, ўчоқ ва қозонларни ўрнатиб, балиқ пиширишни бошладим. Орадан тахминан 1-2 соат вақт ўтганидан сўнг байрамга 500 атрофида одам йиғилди. Соат 11:00 ларда портлаган овоз эшитилди. Ўша ҳолатда ўзимни йўқотиб қўйдим, шифохонага борганимдан сўнг ўзимга келдим. Кейинчалик ишлатилмаган, яъни захирада турган газбаллон портлаганини билдим”, деган йигит ўз кўрсатмасида.

У қилган ишидан пушаймонлиги, эҳтиётсизлик қилганини айтиб, суддан ўзига нисбатан қонуний енгиллик беришни сўраган. 

Суд Б.Ш.ни Жиноят кодексининг 102-моддаси 1-қисми (Эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) ва 111-моддаси 3-қисмида (Эҳтиётсизлик орқасида икки ёки ундан ортиқ шахс баданига ўртача оғир ёки баданга оғир шикаст етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топди. Унга нисбатан 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Йигитга қўлланган муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, у суд залида қамоққа олинди. 

Аввалига ушбу портлаш оқибатида 37 киши ёнғин туфайли турли даражада жароҳат олиб, шифохонага олиб келингани, уларнинг 13 нафарида тан жароҳатлари аниқланмагани сабабли тиббий кўрикдан кейин уйига қайтарилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид