Ўзбекистон | 12:00 / 05.07.2021
118633
2 дақиқада ўқилади

Иссиқ ҳарорат ҳафта охиригача сақланиб қолади - «Ўзгидромет»

Ҳафтанинг катта қисми давомида ҳаво ҳарорати юқорилигича қолади. Жума кунидан бошлаб республика ҳудудига салқин ҳаво массалари кириб келади ва иссиқ аста-секин пасайишни бошлайди.

Ҳафтанинг катта қисми давомида Ўзбекистонга Эрон ҳудудларидан қуруқ ва иссиқ ҳаво кириб келиши давом этади.  Бу ҳақда «Ўзгидромет» матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ҳаво ҳарорати кечалари +25...+27 даража, кундуз кунлари +41...+43 даража, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида +44...+46 даражагача бўлади, бу ўртача кўп йиллик қийматлардан +5...+8 даражага юқоридир.

Жума кунидан бошлаб республика ҳудудига Волга бўйи ҳудудларидан деярли салқин ҳаво массалари кириб келиши бошланади ва иссиқ аста-секин пасайишни бошлайди. Жума куни кундузги ҳарорат +37...+40 даражагача пасаяди ва фақат жанубий ҳудудлар бўйича +42...+44 даражани ташкил этади.

Қорақалпоғистон ҳудуди бўйича ҳарорат пайшанба кунидан пасайишни бошлайди ва жума куни ҳаво ҳарорати +32...+37 даражани ташкил этади.

Дам олиш кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ҳарорат пасайиши давом этади.

«Ҳафтанинг бошида ва охирида Ўзбекистоннинг айрим тоғ олди ва тоғли ҳудудларида момақалдироқ билан маҳаллий ёмғир ёғиши эҳтимолдан холи эмас, сешанба куни кечга томон эса Тошкент вилоятининг текислик ҳудудлари бўйича бироз ёмғир ёғиши мумкин», дейилади хабарда.

Ҳафта давомида республика бўйича баъзи жойларда шамол 15-20 м/с.гача кучайиши кутилмоқда.

  • Бундан аввалроқ Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 48 даражагача чиқиши мумкинлиги ҳақидаги хабар ортидан мамлакат ҳукумати шошилинч чоралар кўришга киришгани хабар қилинганди.
  • Шунингдек, ССВ қуёш урганда биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича тавсиялар берди. Иссиқдан сақланиш учун ҳавони яхши ўтказиб, қуёш нурини қайтарадиган, танага ёпишмайдиган кийимларни кийиш кераклиги айтилди.

Мавзуга оид