Жаҳон | 17:45 / 16.11.2025
11722
6 дақиқада ўқилади

АҚШ Венесуэлага қарши ҳарбий амалиёт тайёрламоқда. Россия иттифоқчисига ёрдам берадими?

Бундай бўлиши даргумон, деб ҳисоблайди The Atlantic журналистлари.

Alexey Nikolskiy / Sputnik / Profimedia

АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет Лотин Америкаси наркокартелларига қарши «Жанубий найза» операцияси бошланганини эълон қилди. У ҳеч қандай тафсилотларни ошкор қилмади. Аммо шуниси аниқки, операциянинг асосий мақсади катта эҳтимол билан Венесуэла бўлади: АҚШ президент Николас Мадурони тахтдан ағдармоқчи.

Октябр ойидаёқ АҚШ Венесуэлага нисбатан сиёсатни кескин кучайтирганида Мадуро Россиядан ёрдам сўраганди. Ноябр ойи бошида у ўзининг ҳафталик телешоусида Венесуэла Россия билан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ бирдамлигига ишонтирди.

Бироқ Москванинг Венесуэла атрофида кучайиб бораётган инқирозга реакцияси – хотиржам ва ҳатто совуқ, деб ёзади The Atlantic. Эскалация бошланганидан кейинги сўнгги бир неча ой ичида Россия президенти ҳам, Россиянинг юқори мартабали амалдорларидан бирортаси ҳам АҚШ билан тўғридан тўғри тўқнашув юз берган тақдирда Россия Венесуэлага ёрдамга келишга тайёрлигини ошкора билдирмади.

11 ноябр куни ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россиядаги нашрлар билан мулоқотда Венесуэла ҳарбий ёрдам сўраб мурожаат қилмагани ва икки томонлама келишувлар доирасида Москва Венесуэлани ташқи тажовуздан ҳимоя қилишга мажбур эмаслигини маълум қилди.

Афтидан, Мадуро Россиянинг бошқа иттифоқчилари – Арманистон, Сурия ва Эрон ўз вақтида дуч келган муаммога дуч келмоқда. The Atlantic бу давлатларнинг барчаси сўнгги вақтларда Россиядан ҳарбий ёрдам сўрагани, аммо Москва Украина билан урушда бандлиги туфайли бундай ёрдам кўрсата олмаганини эслаган: армия ҳолдан тойган, ресурслар чекланган ва энг муҳими, «Украина йўналиши» шундай устувор йўналишки, Россия бунинг учун ҳамма нарсадан воз кечишга тайёр.

Арманистон 2023 йилда Озарбойжондан мағлубиятга учради ва Қорабоғни бой берди – гарчи у Россиянинг Коллектив хавфсизлик шартномаси бўйича расмий мажбуриятлари доирасида қўллаб-қувватлашни сўраган бўлса ҳам. Сурияда 2024 йилда президент Башар Асад тахтдан ағдарилди – у Сурия фуқаролар уруши пайтида Россия томонидан фаол ёрдам кўрсатилган кўп йиллик иттифоқчи эди. Москва фақат Асадни мамлакатдан олиб чиқишда ёрдам бера олди. Эрон 2025 йил ёзида Исроил ва АҚШ авиацияси зарбаларига учради, Россия эса уни ҳеч қандай тарзда қўллаб-қувватламади.

Венесуэла 2006 йилдан бери Россиядан қурол сотиб олади. Ўша пайтдаги президент Уго Чавес бу қуролларни Америка таҳдиди қаршисида Венесуэла суверенитети кафолати деб атаган.

Венесуэладаги Россия таъсири бошқа шаклларда ҳам намоён бўлди – Каракас кўчаларидаги Россия ва Венесуэла байроқлари биргаликда акс этган граффитидан тортиб, Petróleos de Венесуэла миллий нефт компаниясининг «Роснефт» билан яқиндан ҳамкорлик қилишигача.

Американинг бир неча президентлари – Барак Обамадан тортиб Доналд Трампгача – Чавесни, кейин эса Мадурони минтақавий барқарорликка таҳдид деб ҳисоблашган. 2025 йил сентябр ойида АҚШ эскалацияга киришди: Венесуэла кемаларига улар гиёҳванд моддалар ташиётганини даъво қилиб, зарбалар бера бошлади, шунингдек, ушбу мамлакат қирғоқлари яқинида кемаларнинг катта гуруҳини тўплади. Бунга жавобан Мадуро армия ва захирадагиларни оммавий сафарбар қилишни буюрди.

Агар Путин Венесуэлани жиддий равишда кучайтиришни истаса, бунинг эҳтимоли жуда кам, деб ёзади The Atlantic. Трамп узоқдан зарба беришни афзал кўради – Америка кучлари Яман ва Эронда айнан шундай жанг қилган. Россия Венесуэлани бундай ҳужумлардан ҳимоя қилишга ёрдам берадиган қуроллар билан таъминламаяпти ва таъминлаши даргумон.

Агар Америка кемалари Венесуэла қирғоқларига яқинлашса ёки қўшинлар туширилиши бошланса, Россия Венесуэлага Украинадаги урушда қўлланаётган арзон зарбдор дронларни етказиб бериши мумкин. Россия радиоэлектрон кураш воситаларини етказиб бериши эҳтимоли ҳам йўқ эмас, улар GPS ва радиоалоқани ўчириб, Америка авиацияси ҳаракатларини қийинлаштириши мумкин. Ҳатто Россиянинг С-300 каби эски ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳам Америка авиацияси ҳаракатларини жиддий мураккаблаштириши мумкин бўларди (агар Венесуэла бу тизимларни соз ҳолатда сақлаб қолган бўлса).

АҚШ учун энг хавфли сценарий – қуруқликдаги операция. Шунда Россия Венесуэлага оғир қуроллар етказиб бериш орқали америкаликларни узоқ давом этадиган ва қонли урушга тортишга ҳаракат қилиши мумкин бўларди. Аммо айнан шундай қуроллар ҳозир Украина билан урушда Россиянинг ўзига ҳам жуда зарур.

Бугунги кунга қадар Россиядан ёрдам юборилишининг ягона тасдиқланган ҳолати октябр ойи охирида Каракасга транспорт самолётининг қўниши бўлган. Давлат думаси депутати Алексей Журавлев яқинда Россия Венесуэлага «Панцир-С1» ва «Бук-М2Э» ҳаво мудофаа тизимларини топширганини айтди, аммо бу хабарлар тасдиқланмади. Назарий жиҳатдан бундай тизимлар Венесуэланинг мудофаа қобилиятини сезиларли даражада ошириши мумкин эди. Журавлев, шунингдек, Россиянинг энг янги «Орешник» мажмуаларини Мадурога топширишга ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини таъкидлади.

The Atlantic нашри таъкидлашича, ҳозирда Кремлнинг аҳволи Ғарбнинг Россия-Украина уруши арафасида ва урушнинг дастлабки босқичида бўлган ҳолатини эслатади. Бир томондан, Украина ҳужумни қайтариш имкониятига эга бўлиш учун замонавий қуролларга муҳтожлиги аниқ эди. Бошқа томондан, агар у буни уддалай олмаса, бу қуроллар руслар қўлига тушиб қоларди ва Ғарб техник устунликдан маҳрум бўлиши мумкин бўларди. Путин «Орешник»ни Венесуэлага бериши даргумон, чунки бу ҳолда америкаликлар қисқа фурсатда уни ўлжа қилиб олиши эҳтимоли жуда юқори.

The Atlantic нашри фикрича, Мадурони Сурия президенти Башар Асаднинг тақдири кутмоқда: у ҳал қилувчи паллада Россиядан ёрдам олмайди ва энг яхши ҳолатда уни Москвага олиб кетишларига умид қилиши мумкин.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид