Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Японияда биринчи бўлиб раҳбарлар ишдан олинади” – япон бизнесини бошқараётган ўзбек аёли
Kun.uz қарийб 20 йилдан бери Японияда яшовчи ҳамюртимиз – Дилноза Зиямова билан суҳбатлашди. У япон меҳмонхонасини бошқаради, менеджер ўринбосари. Меҳмонхона бош директори ишда бўлмаганда, бутун тизимга ўзим жавобгарман, дейди Зиямова. Қарийб 10 йилдан бери меҳмонхона бизнеси соҳасида фаолият юритиб келаётган Дилнозага кўра, Японияда раҳбарлик лавозимларига халқ интилмайди. Чунки бу катта масъулият ва биринчи бўлиб раҳбарлар ишдан олинади.
Тошкент Давлат Шарқшунослик университетида таълим олган Дилноза Зиямова қарийб 20 йилдан бери Японияда яшайди. Даставвал алмашинув дастури орқали бу мамлакатга борган қизни Япония ўзига ром этади ва Дилноза яшагани шу ерда қолади. Ўзбекистондан жуда узоқ манзиллар томон йўлга чиқишнинг бош мақсади – япон маданияти, тили ва ёзуви, жамиятига қизиқишдир. Лекин хорижда ўқиш мақсади Зиямованинг болаликдаги орзуси, оиласида ўғил фарзанд бўлмагани боис қариндошларига ўғил фарзанддан кам эмаслигини исботлаш мотиви эди.
“Ёшлигимизда ҳар якшанба бувимникида йиғилардик, ўша вақтларда холамнинг ўғиллари «Умид» жамғармаси орқали Америкага кетган, у ерда ўқирди. Америкадан келган расмлар мени ҳайратлантирган, вой қаранг, Америка, дердим. Оиламизда ўғил фарзанд йўқ, мен ва синглим – икки қизмиз. Лекин биз ўзбекларда ҳар бир муваффақиятга худди фақат ўғил фарзанд эришади, бундай эмаслигини исботлаш учун ҳам хорижга интилдим”, - дейди Дилноза Зиямова.
Талаба Зиямованинг Япониядаги илк ойлари турли қийинчиликлар билан ўтган. Сабаби ўша даврдаги ёпиқ Ўзбекистондан чиқиб келган қиз учун ривожланган тизимга эга давлатда яшаш – осон иш эмасди. 19 ёшли Дилноза ҳаттоки, телефонсиз Японияга борган, телефон олиш учун эса бу мамлакатда ота-онанинг рухсати керак эди. Бу қоида сабаб у 20 ёшига қадар телефон ҳам ололмаган.
Ўша вақтда қилган тўғри қарорларим сабаб бугун шу ҳаётда яшаяпман, дейди Зиямова. У ишлаётган меҳмонхона Япониянинг Осака шаҳрида жойлашган, 103 та хонаси бор, асосан хорижликлар бу ерда тунайди. Интернетдаги маълумотларга кўра, меҳмонхона қарийб 5 юлдузли, бизнес тарифида. Бу ерда меҳмонларни қабул қилиш, кадрлар бўлими, бухгалтерия, кирим-чиқим ва бошқа компаниялар хизматларидан фойдаланиш ишларини Дилноза Зиямова бошқаради.
“Японияда одамлар раҳбарлик ва масъулиятли лавозимларга интилмайди. Чунки бусиз ҳам стрессли давлат. Бундан ташқари Японияда кичкина хато учун ҳам раҳбарлар жазоланади, улар халқ олдига чиқиб, эгилиб-букилиб узр сўрайди. Масалан, менинг раҳбарим бирор меҳмон чиқинди ташлаб кетса, ўзи чиқиб тозалайди. Раҳбарлар ўрнак бўлиши керак, ундан кейинги ўринда турувчилар раҳбардан ўрнак олади”, дейди юртдошимиз.
Дилноза Зиямова Ўзбекистонни соғинади, охирги марта шу йилнинг мартида Ватанга келиб-кетган. Лекин шу сафарини қарийб 5 йил кутган, орада ҳаттоки отасининг аъзасига ҳам келолмаган.
“Дадам оламдан ўтдилар, коронавирус вақти эди ва Японияга кириб-чиқиш жуда қийин бир давр эди. Ишимдан ҳам рухсат ололмадим ва дадамнинг таъзияларига боролмадим. Яқинда Ўзбекистонга борганимда қабрларига бордим, зиёрат қилиб, улардан узримни сўрадим”, – дейди Дилноза Зиямова.
Зиямова Туркия фуқаросига турмушга чиққан, уларнинг икки фарзанди Японияда туғилган бўлса-да, Ўзбекистон фуқаролари. Чунки Зиямова фамилияси ва Ватанига содиқ. Турмуш ўртоғим фарзандларимга фамилиясини берди, мен эса ўз Ватаним паспортини, дейди у.
Узоқ йиллардан кейин Ўзбекистонга келган Зиямовага мамлакатдаги чанг об-ҳаво, бузилган экология ёқмаган. Бундан ташқари, жамоат жойларида гигиена қоидаларига амал қилиш, ҳожатхоналар топиш билан боғлиқ муаммолар талайгина, дейди ҳамюртимиз.
Суҳбатни Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифасида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин бўлади.
Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.
Мавзуга оид
22:40 / 06.01.2026
Япониядаги аукционда туна балиғи миллионлаб долларга сотилди
10:08 / 26.12.2025
Япония 17 та қон қуйиш муассасасига замонавий ускуналарни етказиб беради
10:53 / 25.12.2025
Япония Марказий Осиёда 3 триллионлик янги лойиҳаларни режалаштирмоқда
19:14 / 21.12.2025