Кўчмас мулк | 08:00 / 21.01.2026
8110
4 дақиқада ўқилади

2026 йилда фойдаланишга топшириладиган 10 та осмонўпар бино

2026 йилда қурилиши якунланиши режалаштирилган осмонўпар бинолар орасида Албания, Канада ва Кот-д’Ивуарнинг энг баланд иншоотлари ҳам бор.

Фото: MVRDV

Албания пойтахти Тиранада қурилаётган Downtown One осмонўпар биносининг фасади пиксел услубида ишланган бўлиб, Албания харитасининг шаклини акс эттиради. Бино бир-бирининг устига қўйилган ҳажмлар каскадидан ташкил топган, катта тўртбурчак ойна қисмларга эга. Баландлиги 140 метр бўлиб, у мамлакатдаги энг баланд иншоотга айланади.

Лойиҳа илк бор 2024 йилда якунланиши режалаштирилган эди. Уни Нидерландиянинг MVRDV архитектура бюроси ишлаб чиққан. Айни пайтда Тиранада кўплаб ноодатий баланд бинолар барпо этилмоқда.

Хитойнинг Шэнчжэн шаҳрида қурилаётган China Merchants Bank бош офиси 388 метр баландликка етади ва “ўта баланд осмонўпар” тоифасига киради.

Фото: Foster + Partners

Foster+Partners бюроси лойиҳалаган бу бино ташқи кўриниши билан ажралиб туради: фасади анъанавий хитой қоғоз қатлаш санъатидан илҳомланган металл ва ойна панеллар мозаикасига ўхшайди.

Фото: Zaha Hadid Architects 

Рўйхатдаги яна бир банк биноси — Ироқда қурилаётган, баландлиги 170 метр бўлган осмонўпар иншоот. Уни Zaha Hadid Architects бюроси якунламоқда.

Боғдодда Дажла дарёси соҳилида жойлашган бу бино бурма экзоскелет шаклига эга бўлиб, бутун бир шаҳар мавзесини эгаллайдиган массив подиум устида қурилмоқда. Архитекторлар айтишича, унинг шакли дарё тўлқинларидаги ёруғлик аксини эслатиши керак.

АҚШда 2026 йилда очиладиган энг муҳим бинолардан бири — Waterline.

Фото: KPF 

KPF бюроси лойиҳалаган ушбу поғонали минора 312 метр баландликка етади ва Техас штатидаги энг баланд, Остин шаҳрида эса илк “ўта баланд” осмонўпар бино бўлади.

KPF шунингдек Ню-Йоркдаги 520 Fifth Avenue (304 метр) осмонўпар биносини ҳам якунламоқда.

Фото: Hariri Pontarini Architects 

Канадада ҳам энг баланд бино 2026 йилда топширилиши кутилмоқда. Баландлиги 351 метр бўлган бу миноранинг фасади бир томонлама бироз эгилган бўлиб, унда балконлар вентиляция тешикларини эслатади.

Hariri Pontarini Architects бюросига кўра, бинo ёруғликни турлича акс эттириб, турли бурчаклардан қаралганда ўзгарувчан силует ҳосил қилади.

Фото: SHoP Architects ва BVN 

Австралияда эса SHoP Architects ва BVN бюролари Atlassian компанияси бош қароргоҳини қуриб битказмоқда. Бу — дунёдаги энг баланд гибрид ёғоч бинодир.

180 метрли бу офис биноси ички томондан ёғоч каркасга, ташқи томондан эса пўлат ва ойна қобиққа эга бўлади. У АҚШдаги 86,6 метрли Ascent биносидан “энг баланд ёғоч бино” унвонини тортиб олади.

Дубайда, Бурж-Халифа яқинида қурилаётган Binghatti девелоперининг янги осмонўпар биноси эса автомобил ишлаб чиқарувчи Mercedes-Benz бренди остидаги илк турар жой лойиҳаси бўлади.

Фото: Binghatti 

Унинг баландлиги 341 метрга етади. Фасадлар Mercedes-Benz’нинг уч нурли юлдуз логотипи билан безатилади.

Ню-Йоркнинг Манҳэттен марказида қурилаётган ўта ингичка осмонўпар бино эса бутун қаватни эгаллайдиган люкс хонадонлар ва 305 метр баландликда жойлашган томоша майдонини ўз ичига олади.

Фото: Meganom 

У икки эски бинo ўрнида барпо этилмоқда ва асос қисмига 12 қаватли оҳактош бино интеграция қилинган.

Африкадаги энг баланд минора ҳам 2026 йилда Кот-д’Ивуарнинг Абиджан шаҳрида якунланиши режалаштирилган.

Фото: Pierre Fakhoury 

Ливанлик-кот-д’ивуарлик архитектор Пер Фахури томонидан ишлаб чиқилган ушбу бино 421 метр баландликка етади. Унинг асосий қисми офислардан иборат бўлади.

SOM архитектура бюроси ҳам 2026 йилга қатор лойиҳаларни режалаштирган. Улардан энг қизиқларидан бири — Гуанчжоу шаҳрида қурилаётган жуфт миноралардир. Улардан баландроғи 204 метрга етади.

Фото: SOM 

Икки бино диагонал панжарасимон конструкция орқали ўзаро боғланган бўлиб, умумий подиум остида дўконлар ва ресторанлар жойлашган жамоат майдони барпо этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид