Жаҳон | 16:51 / 18.12.2024
10640
2 дақиқада ўқилади

Россияда бизнес уруш оқибатларини ҳис қила бошлади

Сўнгги икки йил давомида Россиянинг кўплаб компаниялари Украинадаги урушга қарамай барқарор фаолият юритиб келди. Ҳукуматнинг мудофаа харажатларини ошириши ва субсидиялар иқтисодиётни қўллаб-қувватлаб турди. Аммо ҳозирга келиб, аксарият бизнес субъектлари учун вазият ёмонлаша бошлаган, дея ёзади The Economist.

Фото: Getty Images

Нашрнинг қайд этишича, юқори фоиз ставкалари, рублнинг қадрсизланиши ва ишчи кучи етишмаслиги компаниялар олдида катта муаммоларни юзага келтирмоқда.

Россия Марказий банки инфляцияга қарши туриш учун асосий ставкани 21 фоизга кўтарди, бу эса компаниялар учун қарз олишни янада қимматлаштириб юборди. Айниқса, сузувчи ставка бўйича кредитларга эга компаниялар қийинчиликка дуч келмоқда. Ҳатто Россия темирйўллари каби йирик давлат корхоналари ҳам инвестицияларни қисқартиришга мажбур бўлмоқда.

Кичик ва ўрта бизнес эса ҳукуматдан арзон кредитлар бериш ва қарзларни реструктуризация қилишни сўраяпти. Акс ҳолда, улар банкротликка юз тутиши мумкин.

Рублнинг қадрсизланиши импорт маҳсулотлар нархи ошишига олиб келяпти, бу эса компанияларнинг фойдасини камайтирмоқда. Ишлаб чиқарувчилар хомашё нархи ошгани ва етказиб бериш муддатлари узаяётганидан норози.

Бошқа томондан, ишчи кучи етишмаслиги муаммоси мудофаа саноатига асосий урғу қаратилаётгани туфайли янада кучайяпти. Ишсизлик даражаси 2,3 фоизни ташкил этаётган бўлса-да, бу бошқа соҳаларда иш самарадорлигининг пасайиши ҳисобига бўлмоқда.

Ҳукумат бюджет харажатларини молиялаштириш учун солиқларни ошириш ҳаракатида. Келаси йилдан компаниялар учун фойда солиғи 20 фоиздан 25 фоизга кўтарилади, бу эса бизнес учун янада оғир юк бўлади. Экспертлар келгуси ойларда банкротлик ҳолатларининг кескин ошишини кутишмоқда.

Сиёсий изоляция ҳам жиддий муаммога айланган. Санкциялар сунъий интеллект чиплари каби илғор технологияларга киришни чеклаб қўйди, бу эса инновацияларни секинлаштирмоқда. Умуман, урушнинг давом этиши Россия бизнеси учун иқтисодий ва сиёсий ноаниқликларни кучайтириб, илгариги барқарорлик ўрнини борган сари кўпроқ чигалликлар эгаллаб боряпти.

Мавзуга оид