Ўзбекистон | 21:27 / 31.10.2024
8435
4 дақиқада ўқилади

Навоий давлат университети ташкил этилди

Президент қарори билан Навоий давлат педагогика институти негизида Навоий давлат университети ташкил қилинди. Навоий давлат педагогика институтида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишларини университетда давом эттиради. 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб битирувчи курс талабаларига университет дипломи берилади.

Фото: nspi.uz

Президентнинг “Навоий давлат университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Навоий вилояти ҳокимлигининг Навоий давлат педагогика институти негизида Навоий давлат университетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.

Қуйидагилар университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

  • ҳудудда соҳа ва тармоқларнинг ривожланиш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда замонавий билим ва малакага эга бўлган илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича узлуксиз таълим тизимини яратиш;
  • замонавий ўқув, илмий ва IT-лаборатория базасини яратиш, ушбу лабораторияларни илғор технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда илмий-инновацион тадқиқотлар трансферини амалга ошириш;
  • талабаларни илмий-инновацион фаолиятга кенг жалб этиш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантиришнинг долзарб йўналишлари бўйича илмий лойиҳаларни амалга ошириш, уларнинг натижаларини жорий этиш юзасидан илмий ва амалий таклифлар ишлаб чиқиш;
  • ўқув жараёнига халқаро таълим стандартлари, илғор таълим технологиялари ва усулларини жорий этиш, шунингдек, талабалардамустақил таълим олиш, тизимли таҳлил қилиш, ижодий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш;
  • етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари билан академик ва илмий ҳамкорликни ривожлантириш, профессор-ўқитувчиларнинг хорижий илмий-амалий стажировкасини тизимли йўлга қўйиш;
  • талаба-ёшларда маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, Ватанга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорликкасбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш.

Навоий давлат педагогика институтида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишларини университетда давом эттиради ҳамда 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб битирувчи курс талабаларига университет дипломи берилади.

Университетда 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб ҳудудий ривожланиш дастурларига мувофиқ эҳтиёж юқори бўлган аниқ ва табиий фанлар, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, иқтисодиёт, бизнес ва туризм, инвестицияларни бошқариш, қишлоқ хўжалиги, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, логистика каби йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Шунингдек, дарс машғулотларини амалиёт билан бирга ташкил этиш мақсадида тегишли йўналишлар бўйича таълим жараёни дуал таълим шаклида йўлга қўйилиб, корхона ва ташкилотларда кафедра филиаллари ташкил этилади ҳамда таълим жараёнига узоқ йиллик меҳнат тажрибасига эга амалиётчи мутахассислар жалб этилади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига 2025 йил 1 февралга қадар университетда жорий этиладиган янги таълим йўналишларини ҳисобга олган ҳолда унинг тузилмаси, штат бирликлари, факультет ва кафедраларини қайта кўриб чиқсин ҳамда белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминлаш, хорижий талабаларни жалб этиш мақсадида “Study in Uzbekistan” платформасида университет бўлимини ташкил этиш ва уни сифатли маълумотлар билан тўлдириш каби вазифалар топширилди. 2025 йил 1 июнга қадар университетда талабаларнинг битирув малакавий ишлари ва магистрлик диссертацияларини кўчирмачиликка қарши текшириш (антиплагиат) механизми ҳам жорий этилади.  

Мавзуга оид