Ўзбекистон | 16:04 / 25.06.2020
36783
4 дақиқада ўқилади

«Суд очиқ бўлади. Барча айбдорлар жазоланади» — Акмал Саидов Андижонда қийноқ воқеаси ҳақида

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ташқи ишлар вазирлиги, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар режаси (Йўл харитаси) юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов Андижонда ҳуқуқни ҳимоя қилиш органи вакиллари томонидан фуқаронинг калтакланиши ва унинг вафотига сабаб бўлган ҳолат ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Бундай ҳолатлар ҳали ҳам учраётганидан афсусдаман. Шуни айтишим мумкинки, Андижон вилоятидаги воқеалар ички ишлар органлари фаолиятига нисбатан салбий резонанс уйғотди. Бу каби бир-икки ҳолат ички ишлар органлари амалга ошираётган ишга соя солади.

Бу иш Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ томонидан шахсан менинг назоратим остида. Бу ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали эшитишим билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Ички ишлар вазирига мурожаат қилдим. Бундан ташқари, марказ ходими Андижон вилоятига юборилди.

Барча айбдорлар қонунга кўра жавобгарликка тортилади. Улар ноқонуний ушлаб туриш, ваколатларни суиистеъмол қилиш моддалари бўйича айбланмоқда, энг муҳими, бу Жиноят кодексининг 235-моддаси. Бу қийноқлар.

Ҳозир ҳаммасини айта олмайман. Суд-тиббиёт экспертизаси белгиланган. Мен бу ерда қийноқлар бўлган деб ҳисоблайман. Улар қандай жавобгарликка тортилиши экспертиза натижалари ва суд терговларидан кейин маълум бўлади. Суд томонидан айблов ҳукми қабул қилингунига қадар буни айтишим қийин. Лекин шуни айтишим керак, суд очиқ бўлади», деди Акмал Саидов.

У  Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ходими Андижонда марҳумнинг оиласида бўлгани ҳақида гапирди.

«Ходимим Андижонга борди. Марҳумнинг оиласида бўлди. Оила аъзолари ундан нимани сўрашганини биласизми? «Бизни блогерлар қийнаб юборишди. Бизнинг қайғумиздан улар нима қилишмоқчи эканини биласизми? Нима қилишмоқчи эканликларини билмаймиз. Бизларни блогерлардан ҳимоя қилинг». Бу марҳум оила аъзоларининг сўзлари», дейди Саидов.

У бу каби ҳолатларга реакция қилиш Омбудсманнинг биринчи даражали мажбурияти эканини таъкидлади.

«Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ходими вилоят прокурори, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи билан учрашиши учун хат ёздим. Мен бу бўйича ҳамма гапни айта олмайман, чунки ҳали иш якунланмаган. Мен берилган жавобдан қониқмадим. Марказ мурожаатидан кейин Ўзбекистон Республикаси бош прокурори бу ишни ўз назоратига олди ва бу иш ҳозир республика тергов органлари даражасида олиб бориляпти.

Омбудсманнинг минтақавий вакилининг жавоби мени қалбимни хира қилди. Ходимим унга «Сиз бу ердасиз, сиз вилоят вакилисиз» деганида у «Менга марҳум оила аъзоларидан ҳеч ким жавоб бермади» дебди. Бу қандай жавоб? Мен бу каби ҳолатларга реакция қилиш омбудсманнинг биринчи даражали мажбурияти деб ҳисоблайман», - дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори.

  • Эслатиб ўтамиз, Андижонда фуқаро А.Абдукаримов ИИБдаги қийноқдан сўнг 11 июнь куни вафот этгач, беш киши ишдан олинди, 19 киши жазоланди. Ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида уч нафар ички ишлар органлари ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 206, 234 ва 235-моддалари билан айб эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Мавзуга оид