Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Инфантино Эрон АҚШдаги мундиалда қатнашишини маълум қилди
Трамп ҳам бунга қарши эмас.
Фото: Reuters
Футбол бўйича Эрон миллий жамоаси АҚШ ва Исроил билан ҳарбий можарога қарамай, 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади. Бу ҳақда Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) президенти Жанни Инфантино ташкилот йиғилишида маълум қилди.
У ўз нутқида ФИФА «дунёни бирлаштириши» ҳақида гапирган.
«Албатта, Эрон миллий жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этади. Жамоа АҚШда ўйнайди. Сабаби оддий: биз бирлашишимиз, одамларни бирлаштиришимиз керак. Бизнинг масъулиятимиз айнан шундан иборат. Дунёни футбол бирлаштиради», – дея Инфантинонинг сўзларини келтирган Mundo Deportivo.
«Дунёда муаммолар етарли. Бутун дунё бўйлаб одамларни бир-биридан ажратишга ҳаракат қилаётганлар ҳам етарли. Агар ҳеч ким бирлаштиришга ҳаракат қилмаса, дунёмиз нима бўлади? Биз буни қилишимиз шарт ва бизда шундай имконият бор», – дея қўшимча қилган ФИФА президенти.
Эрон футбол оламидаги асосий турнир ҳисобланган мундиални бойкот қилиши мумкинлиги ҳақидаги гаплар 28 феврал куниёқ, Яқин Шарқда ҳарбий ҳаракатлар бошланиши билан пайдо бўлганди. Хусусан, Эрон спорт вазири Аҳмад Дунёмоли «АҚШга сафар учун шароит мавжуд эмаслиги»ни қайд этганди.
«Бу коррупциялашган ҳукумат раҳбаримизни ўлдирганидан келиб чиқиб, ҳеч қандай ҳолатда бу турнирда иштирок эта олмаймиз. Болаларимиз хавф остида. Моҳиятан жаҳон чемпионатида иштирок этишимизга имкон берадиган ҳеч қандай шароит қолмади. Америкаликлар тўққиз ой ичида бизга қарши икки марта уруш очди ва минглаб эронликларни азобли ўлимга маҳкум этди. Биз Штатларга бора олмаймиз», – деганди у маҳаллий телеканал эфирида.
Кейинроқ эронликлар жаҳон чемпионатида иштирок этишнинг муқобил йўлларини қидира бошлади. Қайсидир паллада ўйинларни АҚШдан Мексикага кўчириш ҳақида ҳам гап борди, аммо бу ғоя амалга ошмади.
«ФИФА якунда ўйинларни асл жойидан кўчириш имконсиз деган қарорга келди. Бундай қадам ташкилотдан улкан логистик саъй-ҳаракатларни талаб қиларди», – деган Goal нашрига Мексика президенти Клаудия Шейнбаум.
Бундай шароитда Эроннинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган жамоалар ҳақида ҳам гапира бошлашганди. Хусусан, кўпчилик бу ўринни Европа саралаши ўтиш босқичида Босния ва Ҳерцеговинадан мағлуб бўлган (1:1, пеналтилар сериясида – 1:4) Италияга беришни таклиф қилди.
The Athletic эса ФИФА бу ўрин учун қитъалараро плей-офф ташкил этиб, унда Осиё ва Европадан турнирга йўлланма ололмаган иккитадан жамоа иштирок этишини назарда тутувчи версияни ўртага ташлаганди.
«Майли, қатнашаверсин»
АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам Эрон турнирда иштирок этишига қарши эмас.
«Агар Жанни шундай деган бўлса, унда мен қарши эмасман. Биласизми нима, майли, ўйнайверишсин. Жанни – фантастик йигит, у менинг дўстим. Мен унга айтдим: «Истаганингни қил. Хоҳласанг, рухсат бер, хоҳламасанг, рухсат берма». Уларнинг жамоаси яхшими? Тўғрисини айтсам, бунга ишониш қийин», – дея қайд этган Америка раҳбари журналистлар билан мулоқотда.
ЖМ-2026 турнири 11 июндан 19 июлга қадар давом этади. Турнир тақвимига кўра, Эроннинг гуруҳ босқичдаги учта ўйини ҳам Қўшма Штатларда ўтказилиши белгиланган: иккитаси Лос-Анжелесда ва биттаси Сиэтлда. Уларга гуруҳд Белгия, Янги Зеландия ва Миср жамоалари рақиб бўлган.
Мавзуга оид
17:31
“АҚШ-Эрон: Трамп имконият ойнасини очиқ қолдиряпти” — сиёсатшунос
13:10
Эроннинг тинчлик режаси тафсилотлари маълум бўлди
11:44 / 02.05.2026
Трамп Конгрессни Эрон билан уруш тўхтагани ҳақида хабардор қилди
23:32 / 01.05.2026