Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қирол ва қиролмас учрашуви. Чарлз III Оқ уйда орийча мастер-класс кўрсатди
Британия қироли Чарлз III расмий ташриф билан Америкага борди. Ҳозир Америка ва Британия муносабатлари ҳавас қилгулик эмас. Ўзи ҳозир жуда кўп давлатлар Америка билан таранг муносабатда. Сабабини биласиз, доим такрорлаш шарт эмас. Инглиз қиролининг Америкага ташрифи доим катта воқелик бўлган, ахир Британия ўз вақтида Американи колония қилган, ҳозирги Америка байроғидаги 13 та чизиқ ҳам ўша пайтдаги Британия колонияларини ифодалайди ва Америка ташкил топганидан буён инглизлар тилида гаплашиб келади.
Зиёфат қироли
Сарлавҳада қирол ва қиролмас учрашуви деб ёздик, бу сўз ўйинининг маъносини тушунган бўлсангиз керак. Чарлз III Британия тахтининг расмий раҳбари, қирол. Трамп эса охирги вақтларда ҳатто қиролларнинг тушига кирмайдиган ишлар билан банд. Ваколатлари чексиз бўлиб бораётган Трампга қарши намойишларда америкаликлар No Kings (қиролларга йўқ) деб баннер кўтаришди. Чунки Америка демократик давлат, улар президент сайлайди, қиролчасига бошқарувга ўрганишмаган. Демак, сарлавҳадаги қирол – Чарлз III, қиролмас – мистер Трамп.
Британия қиролининг Америкага ташрифи бутун Европа учун муҳим эди. Трамп охирги вақтларда Европага нисбатан жуда ёмон муносабатда, уларни салкам душман деб ҳисобламоқда. Трамп энг кам танқид қилаётган Европа давлати Россия бўлмоқда. Бу ҳолатда кўҳна қитъа ва Америка муносабатларини сал бўлса ҳам юмшатиш зарар қилмасди. Европа ҳар қанча бирдам бўлмасин, Америка жуда кучайиб кетган, улар билан ҳисоблашмаса бўлмайди. Қирол Чарлз III айнан шу учун Вашингтонга борди.
Оқ уйдаги тантанали зиёфат қирол ташрифининг энг муҳим қисмига айланди. Унда нутқ сўзлаган Чарлз III бир нечта ҳазили билан америкаликларга яхшигина тарихий эслатмалар берди: «Жаноб президент, яқинда чиқишларингиздан бирида АҚШ бўлмаса, европаликлар немисча гаплашиб юрган бўларди дедингиз. Мен бу борада гапиришга жазм қилиб айтмоқчиманки, биз бўлмасак сиз ҳам французча гаплашаётган бўлардингиз».
Бу жуда кучли ҳазил бўлди. Американи колония қилиш учун инглизлар ва французлар курашган, охир-оқибат Британия буни уддалаган, қирол шунга ишора қилди. Трамп иккинчи жаҳон урушида АҚШ бўлмаса Ҳитлер ғолиб бўлиб, ҳаммангизни немисча гапиртирарди, деганди. Қирол Трампнинг ҳеч қандай қоғозга ўралмаган иддаосига орийларча қоғозга ўралган жуда кучли ҳазил билан жавоб берди.
Энди навбатдаги ҳазилга эътибор беринг: «бу ерга келарканман, Оқ уй шарқий қанотидаги ўзгаришларни пайқамаслигим мумкин эмасди. Буни айтишдан афсусдаман, лекин биз британияликлар ҳам 1814 йил Оқ уйни қайта лойиҳалаш бўйича ўз уринишимизни амалга оширгандик». 1814 йилда инглизлар АҚШ устидан ғалаба қозониб, Вашингтондаги ҳукумат биноларини ёқиб юборганди. Қирол ўша воқеага ишора қилди.
Сўзи охирида Чарлз III Трампга 1944 йил Британия армияси сувга туширган HMS Trump сувости кемасининг Trump ёзуви туширилган асл қўнғироғини совға қилиб, «агар биз билан боғланиш керак бўлса, шунчаки уни чалинг», деди.
Азизлар, ишонинг, бу жуда кучли чиқиш бўлди. Британия қироли бутун Европа билан совуқлашаётган Америка президентига у бошқараётган давлатни европаликлар тузгани, бу давлатда европаликлар тилида гаплашишларини жуда чиройли тарзда, кибрланмай, орийчасига эслатди.
Америкада бунақа сўз ўйинлари билан гаплашишга одатланишмаган, улар жуда дангал. Лекин Европа орийлари ўзларига нисбатан ҳақорат ва камситишларга тоқатли бўлиш баробарида керак пайтда мана бунақа аччиқ гапиришни ҳам билишади. Оқ уйдаги зиёфатда Британия қироли қизиққон Америка ва босиқ Европанинг фарқини кўрсатиб қўйди. Икки лидернинг чиқишларидан ким қирол, ким қиролмас эканини ажратиш қийин бўлмади. Қирол Чарлз III Оқ уйдаги зиёфатда ҳам чинакам қирол бўлди.
Мавзуга оид
22:06 / 01.05.2026
АҚШ Ўзбекистонга 26 мигрантни депортация қилди
21:58 / 01.05.2026
Эрон АҚШ билан тинчлик музокаралари доирасида янги таклиф юборди
20:53 / 01.05.2026
Уруш даврида ўзбекистонлик аскарга бошпана берган британиялик оила тақдирланди
20:28 / 01.05.2026