Россияда жазони ўтаётган хорижликлар Украинадаги урушга жўнатилди, улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор
Россия таркибига кирувчи Мордовия Республикасидаги 17-сон ахлоқ тузатиш колониясида гиёҳвандлик воситаларини сотиш, қотиллик ва зўравонлик жиноятини содир қилганлик учун жазони ўтаётган 40 нафардан ортиқ хорижлик маҳбус «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) таркибида Украинадаги урушга юборилган. Улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор.
«Новая газета. Европа» нашри Мордовиядаги 17-сонли ахлоқ тузатиш колониясидаги маҳбусларининг шахсини аниқлашга муваффақ бўлди, улар сентябрь ойи охирида Евгений Пригожиннинг «Вагнер» ХҲК таркибида Украинадаги урушга жўнатилган. Ушбу муассасадан жами юздан ортиқ киши фронтга кетган бўлса, уларнинг ярми Ўзбекистон, Тожикистон, Молдова, Сербия ва Миср, шунингдек, Украина фуқароларидир.
Мордовиядаги колониядан урушга жалб қилинган деярли барча хорижликлар гиёҳванд моддаларни сотишда айбланиб, 7 йилдан 16 йилгача кучайтирилган режимли қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Мисол учун, Ўзбекистоннинг икки фуқароси – тошкентлик Бахтиёр Қувондиқов ва қорақалпоғистонлик Қуролбек Қўчқоров Москва шаҳри ва вилоятида героин «закладка»си билан шуғулланишган.
Қўчқоров колонияда олти ойдан камроқ вақт ўтказган, Люберци шаҳар суди ўз ҳукмини 15 март куни эълон қилган эди. Шунингдек, март ойида яна бир ўзбекистонлик Исломбек Собиров ҳам жазога маҳкум қилинди. У ҳам «Вагнер» томонидан ёлланган.
Ўзбекистон фуқароларидан Азамат Зулунов ва Сардор Зокиров ҳам «гиёҳвандлик» моддаси бўйича 2021 йил бошида қамалган эди. Улар ҳам урушга жўнатилган.
Шунингдек, героин сотгани учун 6 йилга озодликдан маҳрум этилган Насимхон Мавлонов ва Москва яқинидаги Егоревск шаҳри суди томонидан 7 йилга озодликдан маҳрум этилган Сарваржон Маманиёзов ҳам «Вагнер» таркибига жалб қилинган.
Гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар учун судланганлардан ташқари, қотиллар ҳам Мордовия колониясидан Украинага юборилган.
Масалан, ёлланганлардан бирининг исми ва шахсий маълумотлари қотилликда айбланган Россия фуқароси Юнус Селимовники билан мос келади. Суд ҳукмига кўра, у ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими сифатида таништириб, шериклари билан жабрланувчининг квартирасига кириб, унга пневматик тўппонча ўқталиб, уни калтаклаб, ўрмонга олиб бориб, тириклайин кўмиб юборишган.
«Вагнер» таркибида Украинага кетган яна бир маҳбус Юрий Свиридов украиналик ҳомиладор аёлни зўрлаб, ўлдиргани учун 2019 йилда 13 йилга қамалган. У «Луганск Халқ Республикаси халқ милицияси» таркибида аёл билан бирга хизмат қилган ва тўппончаси билан бошининг орқа қисмидан отиб ташлаган.
«Новая газета. Европа» хусусий ҳарбий компанияга ёлланган қирқдан ортиқ хорижий фуқароларнинг шахсини аниқлашга муваффақ бўлди.
Маҳбуслар урушга кетишга мажбурланганми?
Колониядаги воқеалардан хабардор бўлган иккита манбага кўра, маҳбуслар жанговар ҳаракатларда қатнашишга мажбурланмаган, аммо «кўпчилиги [хорижийлар] у ерда [Украинада] нима воқеалар бўлаётганини яхши тушунмайди ва бу ҳақда тўлиқ маълумотга эга эмас».
Масалан, 2022 йил август ойида Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини хорижий давлатлар ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашмаслик, бунинг учун жиноий жавобгарлик борлиги ҳақида огоҳлантирган эди. Тожикистон, Сербия ва Украина жиноят кодексларида ҳам шундай моддалар бор.
«Новая Газета. Европа» маҳбуслардан озарбойжонлик Русал Якубов ва тожикистонлик Шокирбек Сатторов (героин сотгани учун 8 йилга қамалган), мисрлик Зайд Таваккул (марихуана сотгани учун 10,5 йилга қамалган), Амр Ҳусанайн (босқинчилик учун 7,5 йилга қамалган), сербиялик Милан Вуксанович (гиёҳванд моддаси сотганлик учун қамалган), молдовалик Андрей Балацу (зўрлаш ва қотилликда айбланиб қамалган), украиналик Виктор Басков (гиёҳванд моддаси сотганлик учун қамалган) номларини ҳам келтиради. Уларнинг барчаси «Вагнер» таркибида урушга кетган.
Аввалроқ, ҳуқуқ ҳимоячиси Олга Романова Россияда қамоқ жазосини ўтаётган хорижликлар урушга юборилаётгани ҳақида хабар берган эди.
«Қамоқда ўтирган МДҲ давлатлари фуқароларига таклифлар берилмоқда. Россиянинг озодликдан маҳрум қилиш муассасаларида жазони ўтаётган Беларус, Ўзбекистон, Қирғизистон, Озарбойжон фуқаролари урушга олиб кетилмоқда. Беларус фуқароси бўлган бир маҳбус урушда ўлди. Унинг синглиси дафн этиш учун «Вагнер»дан жасадини ололмаяпти», — деб ёзди ижтимоий тармоқда.
Романованинг сўзларига кўра, хорижлик фуқаролар Ярославл вилояти ва Бошқирдистон колонияларида ёлланган.
«Вагнер» ХҲК томонидан Россия колонияларида маҳбусларни ёллаш бошлангани ҳақида 2022 йилнинг ёзида маълум бўлган эди. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги ҳам сентябр ойи охиридан бошлаб Украинадаги жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун маҳбусларни ёллашни бошлади.
Маҳкумлар урушга отланганидан кейин, уларнинг ўлими ҳақида бир неча хабарлар тарқалди. Жумладан, Москва вилоятидаги уюшган жиноий гуруҳнинг собиқ раҳбари Иван Непратов урушда ҳалок бўлди. У Владимир Путин томонидан «Жасорат учун» медали билан тақдирланди.
«Вагнер» қандай гуруҳ?
«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси россиялик тадбиркор, «Путиннинг ошпази» номи билан танилган Евгений Пригожин томонидан ташкил этилган. Гуруҳ 2014 йилда Украинада, кейинчалик Сурия, Ливия ва Марказий Африка Республикасидаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашгани ҳақида маълумотлар бор.
2017 йилда гуруҳ АҚШ санкциялари рўйхатига киритилди. 2021 йилда Европа Иттифоқи гуруҳни Украинанинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилишда, Сурия ва Ливиядаги вазиятни издан чиқаришда, инсон ҳуқуқларини қўпол бузганликда айблаб, санкциялар жорий қилди.
Шунингдек, БМТ ва Франция «Вагнер» жангчиларини Марказий Африка Республикасидаги зўравонликлар ва қотилликларда айблайди.
Мавзуга оид
07:54
Украина Жаҳон банкидан деярли 5 млрд доллар олади
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024