Ўзбекистон | 16:10 / 27.09.2019
257810
2 дақиқада ўқилади

Ихтиёр Абдуллаевга ҳукм ўқилди

Бугун, 27 сентябрь куни Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва у тузган жиноий уюшма аъзолари устидан суд жараёни якунига етди ва Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан ушбу жиноят иши бўйича ҳукм эълон қилинди. 

Олий суд матбуот хизматининг Kun.uz’га хабар беришича, Ихтиёр Абдуллаев жиноий уюшма ташкил этиб, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, жуда кўп миқдорда пора олиш, Ўзбекистон Республикаси манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, товламачилик, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ва шу каби бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, жиноятлар мажмуи тариқасида 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган.

Суд томонидан жиноятлар оқибатида давлат, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларига етказилган моддий зарарларни қоплашга қаратилган тегишли чоралар белгиланган.

Ихтиёр Абдуллаев 2009 йилдан президент маслаҳатчиси, 2015 йил апрелидан 2018 йил 31 январига қадар Ўзбекистон бош прокурори сифатида ишлаган. У 2018 йилнинг 31 январидан 2019 йилнинг февралига қадар ДХХга раҳбарлик қилди. Шу йил январида соғлиги ёмонлашгани туфайли ўз аризасига биноан лавозимдан озод этилгани хабар қилинганди.

Кейинроқ, 2019 йил баҳорида унга нисбатан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, порахўрлик билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик бўйича жиноят иши очилгани маълум бўлганди.

Kun.uz манбасининг таъкидлашича, Ихтиёр Абдуллаев тузган жиноий уюшма фаолияти фош этилиши бўйича тадбирлар Президент хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров бошчилигида амалга оширилди.

Мавзуга оид