Жаҳон | 19:56 / 16.10.2025
7889
6 дақиқада ўқилади

Аш-Шаръа Россияда: Путин билан мулоқотда асосий мавзулар қайси?

Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа кеча, 15 октябр куни расмий сафар билан Москвага борди. Сурияда режим алмашгандан бери Шаръа биринчи марта Россияга келмоқда ва Кремлда президент Владимир Путин билан мулоқот қилди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Рус матбуотига кўра, музокаралар икки ярим соат давом этган. Кремл сайтида эса даставвал фақат учрашувлар бошланиши аввалидан расмлар ҳамда хабар эълон қилинган. Рус ОАВлари Путин ва Шаръа кейин нимани муҳокама қилгани ҳақида батафсил хабарлар чиқаргани йўқ.

Путиннинг маслаҳатчилари, мудофаа вазири Андрей Белоусов ва Россия Қуролли кучлари бош штабидан Игор Костюков йиллар давомида Москва томонидан қўллаб-қувватланган президент Башар ал-Асадни ағдарган қуролли мухолифатнинг собиқ етакчиси билан музокараларда иштирок этди.

“Россия ва Сурия муносабатлари бизнинг сиёсий шароитимиз ёки алоҳида манфаатларимиз билан боғлиқ бўлмаган”, деди Владимир Путин музокаралар аввалида.

Унинг қўшимча қилишича, Москва “Сурия халқи манфаатлари”ни ҳисобга олган. "Россияга хуш келибсиз!" деди сўнгра Путин Суриянинг янги раҳбарини кутиб оларкан.

Аш-Шаръага кўра, " Россия билан унинг давлати ҳақиқатан ҳам узоқ йиллик тарихий алоқаларга эга" ва ҳозир "дунё янги Сурия билан танишмоқда". У Москва ва Дамашқ ўртасидаги ҳамкорликни давом эттиришни таклиф қилди: “Биз мураккаб муносабатларимизни тиклашга ҳаракат қиламиз”, дейди муваққат президент.

Путиннинг аш-Шаръа билан учрашуви олдидан Суриянинг Al Hadath телеканали ва Reuters агентлиги муваққат президент Россиядан Сурияликларга қарши жиноятларда айбланган Башар Асадни судга топширишни расман сўраши мумкинлигини хабар қилган.

Reuters’га кўра, кун тартибида Россия ҳарбий-денгиз кучларининг Тартусдаги базаси ва Хмеймимдаги авиабазанинг давом этиши мавзуси ҳам бўлган.

Музокаралар бошланишидан олдин Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков бу масаланинг бўлишини қисман тасдиқлаган: “База мавзуси президент билан суҳбат чоғида у ёки бу тарзда кўтарилиши аниқ”, деди Песков.

Шунингдек, муваққат президент иқтисодий имтиёзлар, жумладан, буғдой етказиб беришни қулай шартларда тиклаш ва уруш зарари учун товон тўлашни сўраган бўлиши мумкин. Аш-Шаръа Москванинг қўллаб-қувватлашидан манфаатдор, чунки у Исроилнинг Сурия жанубида кенгроқ демилитаризация зонаси ташкил этиш ҳақидаги талабларига қаршилик кўрсатиш ниятида.

Reuters’нинг манбаларидан бирига кўра, Сурия раҳбари Исроилнинг кейинги босқинларига қарши кафил сифатида Россия ҳарбий полициясини қайта жойлаштиришдан умидвор.

Ҳарбий базаларнинг келажаги

Аш-Шаръа Сурияда Россия ва кўплаб Ғарб давлатларида террорчи ташкилот деб топилган “Ҳаят Таҳрир аш-Шам” исломий гуруҳи раҳбари сифатида ҳокимиятга келган.

Унинг кучлари 2024 йил декабрида президент Асадни ағдариб, мамлакатда ҳокимиятни қўлга киритди. Асаднинг армияси озгина қаршилик кўрсата олди, сўнгра Асад ва унинг оиласи Суриядан қочиб, Россиядан бошпана олди.

Асад режими қулаганидан кўп ўтмай, Россия Суриядаги ҳарбий иштирокини қисқартира бошлагани, Тартусдан транспорт воситалари ва контейнерларни олиб чиқа бошлагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Ускуналарнинг фаол ҳаракати Хмеймимда ҳам қайд этилганди.

1970 йилларда Совет Иттифоқи томонидан ташкил этилган, кейин эса 2012 йилда Россия томонидан кенгайтирилган ва модернизация қилинган Тартус порти сўнгги йилларда Россия учун ёқилғи қуйиш, таъминот ва кемаларни таъмирлашни таъминловчи Ўрта ер денгизидаги асосий база бўлди.

Хмеймим авиабазаси 2015 йилдан бери ишлайди. Россия самолётлари ундан Асад режими мухолифларига зарбалар беришда фойдаланган. Асаднинг қулаши Россиянинг Суриядаги мавжудлигини шубҳа остига қўйди.

Башар Асадни топшириш талаби

Суриянинг собиқ президенти Башар мамлакатни тарк этиб, Россиядан сиёсий бошпана олган. Россия матбуотига кўра, Асадлар оиласи ҳозир Москвада яшириниб яшаб келмоқда.

Reuters’нинг ёзишича, Россия ўз хорижий иттифоқчилари муаммога дуч келса, уларни ҳимоя қила олиши билан фахрланади ва Асадни Дамашққа топширишга рози бўлмайди. Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса душанба куни Россия Асадга бошпана берганини, чунки унинг ҳаёти хавф остида эканини айтганди.

Апрел ойида Шаръа New York Times газетасига Россия Сурия янги ҳукуматининг Асадни экстрадиция қилиш ҳақидаги илтимосини рад этганини билдирган. Матбуотдаги хабарларга кўра, Дамашқ бу талабни январ ойидаёқ Москвага қўйган. Ўшанда Сурия муваққат президенти Дамашқ Россия билан муносабатларни узиш ниятида эмаслигини қўшимча қилганди.

"Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси ҳисобланади. Сурия қуроллари тўлиқ Россияга тегишли. Ва озиқ-овқат ва энергия таъминоти бўйича Сурия кўп йиллар давомида таяниб келган кўплаб келишувлар мавжуд", - деган Аш-Шаръа.

Сурия давлат ахборот агентлиги SANA хабарига кўра, Шаръа ва Путин “ўзаро манфаатли бўлган минтақавий ва халқаро воқеаларни муҳокама қилишган. Икки давлатнинг умумий манфаатларига хизмат қилиш учун ҳамкорликни ривожлантириш йўлларини ўрганишган.

France 24 телеканалининг шарҳида келишича, Аш-Шара Россия билан алоқаларни қайта белгилаш ниятида. Украинадаги жангларга эътибор қаратган ва Сурияда фақат кичик ҳарбий контингентни сақлаган Россия Шаръанинг исёнчилар ҳужумига қарши туришга уринмади, балки Асад мамлакатни тарк этганидан кейин унга бошпана берди, дея ёзади телеканал ижтимоий тармоқ платформаларида.

Мавзуга оид