Иқтисодиёт | 17:26 / 12.12.2022
31496
7 дақиқада ўқилади

Хатолар, кечиккан инвестициялар ва қадамлар – иқтисодчи «энергетика инқирози» ҳақида 

Иқтисодчи Отабек Бакиров «энергетика кризиси»га нималар сабаб бўлгани, нега 2017 йилдан кейин ташқи қарз энергетика соҳасига йўналтирилиб, 2022 йилда тўхтаб қолгани ва муаммонинг ечими нимада экани ҳақида фикрларини билдирди.

Блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев иқтисодчи Отабек Бакировдан энергетика инқирози борасида интервью олди. Kun.uz иқтисодчининг муаммо илдизига оид билдирган фикрларини келтиради.

«Йиллар давомида ишлаб чиқариш ўсмаган»

— Энергетика кризиси бир кунда юзага келмаган, бунга бир неча йиллар ва хатолар сабаб бўлган. Ўзбекистонда энергетика соҳасида 2003-2004 йилдан бошлаб газ қазиб чиқариш ҳам, электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳам умуман тўхтаган. Агар ҳисоблайдиган бўлсак, 19 йилдан бери деярли ўсиш кузатилмаган, 62-64 млрд куб атрофида газ қазиб олинган, электр генерацияси 56-58 млрд кв/соат атрофида ишлаб чиқарилган. 2018-2019 йилларгача шу меъёр ушланган.

Аҳоли ва саноат ўсиб, ишлаб чиқариш ўсмаган. Аҳоли жон бошига электр энергияси генерацияси турмуш шароити ва иқтисодий ўсишга пропорция даражасида бўлмаса ҳам, юқори корреляция даражасида боғлиқ.

Ўзбекистон мисолида шу нарса 2017 йилгача ишламаган. 2017 йилдан кейин янги сиёсат бу асосий нарса эканини тушуниб етди. Ўзбекистон олдига жуда катта мақсадлар – очиқ бозорга қараб юриш, дунё иқтисодиётига интеграция кабилар қўйилди. Буларнинг ҳеч бирини энергетика ислоҳотисиз амалга ошириб бўлмайди.

Бугунги муаммолар энергетика соҳасида айрим масалаларни ечишда орқада қолиб кетганимиз сабабли юзага келмоқда.

«Соҳага инвестициялар жалб қилинмаган»

— Энергетика соҳасида инвестициялар етарли эмасди. Узоқ йиллар давомида статистика бўйича иқтисодий ўсиш юз берган, аммо электр энергияси ва газ ишлаб чиқариш ўсмаган, бунга пул ҳам тикилмаган. Қазиб олишга ҳам, генерацияга ҳам, геологик қидирув ишларига ҳам пул тикилмаган.

Бу муаммо 2017 йилдан бошлаб ечилди. Агар биз ташқи қарзимиз ва инвестицияларнинг умумий миқдорини оладиган бўлсак, нефт, газ ва электр энергетика генерациясига энг катта инвестициялар ва қарзлар жалб қилганмиз. Бу масала ечилиши бошланди. Энергетика соҳаси раҳбарлари ҳам йўқотишлар инфратузилма билан боғлиқ эмаслигини айтмоқда.

Илгари технологиямиз эскирган, борини ҳам етказа олмаймиз деган сабаблар айтиларди. Ҳозир бу сабаблар, трансформаторлар билан боғлиқ масала йўқ.

«Ҳисоб йўқлиги муаммоси ечилди»

— Иккинчи масала – ҳисоб йўқлиги масаласи эди. Яъни биз 90–йиллардан кейин бозорга ўтмаганимиз учун ҳисобимиз бўлмаган. Охирги истеъмолчи борасида ҳам ҳисоб бўлмаган. 2020 йилдан бошлаб ҳам электр, ҳам газни оладиган бўлсак, тизим йўлга қўйила бошланди.

«Дефицит муаммоси ечилмади, бозорга рағбат берилмади»

— Учинчи масала қолди: ҳар қандай дефицит (тақчиллик) билан боғлиқ масалани ечиш учун унга рағбат бериш керак. Нон дефицит бўлса, нон ишлаб чиқаришни кўпайтиришга, буғдой дефицит бўлса, буғдой етиштиришга рағбат қўйиш керак. Рағбат бўлмаса, қанча режа қўйиш, қанча штаб ташкил қилишингиздан қатъи назар, у ошмайди.

2019 йилда бажарилиши керак бўлган нархлар билан боғлиқ рағбатни ишлаб чиқарувчига, сотувчи ва сотиб олувчига бермадик. Бутун дунёда ягона энергетика бозори мавжуд эмас, минтақавий бозорлар бор. Мисол учун, Шарқий Европада битта, Ғарбда, Американинг ўзида ҳам шимол ва жанубида минтақавий бозорлар бор.

Биз ҳеч бўлмаса, ўз ҳудудимизда, постсовет ҳудудидаги бозорларда мавжуд бўлган энергия нархларига нархларимизни етказишимиз керак эди. Бунинг ҳисобидан биринчидан, соҳага инвестиция олиб кирар эдик. Биз шу пайтгача [энергетикага] қарз олиб тикдик, инвестиция эмас. Инвесторлар ўзи қизиқиш билдириб, пул тикишни бошларди – қазиб олишга ҳам, электр энергияси генерациясига ҳам.

Иккинчиси, яна бир муҳим нарса – ҳар қандай дефицит товарнинг нархи бозор нархидан каррасига фарқ қилса, ўзингизни уни тежашга ундамайсиз – аҳоли бўлсангиз ҳам, бизнес вакили бўлсангиз ҳам.

Масалан, ОАВда чиққан хабарларда оҳак ишлаб чиқариш учун завод газ ишлатгани маълум бўлди. Яъни улар ҳам газнинг нархи арзон бўлгани учун алтернатив энергияни қўллашга ўзида рағбат кўрмаган. Чунки энг арзони ва текини газ бўлган.

Яна бир мисол, шу йил ёзда энергетика бўйича табақалаштирилган тоифаларни жорий қилиш тўғрисида илк лойиҳа эълон қилинганда атрофимдаги ўнлаб одамлар «уйимдаги газ қозоним ҳаддан зиёд кўп газ сарфлайди, уни янгилашим керак», деди. Мен бу ишни амалга оширдим. Бироқ июл ойида лойиҳа таркиби ўзгариб, ишга тушиши кечиккач, тўққиз киши фикридан қайтди. Чунки қозонни алмаштириб маблағ сарфлагандан кўра, 380 сўм [нарх] миқдорида сақланиб қолган газни ишлатиш манфаатлироқ.

Нега биз кам газ қазиб чиқаряпмиз?

—  Асосий 9 та йирик газ қазиб чиқарувчи бор, энг йириги «Ўзбекнефтгаз», ундан кейин «Лукойл». Яна майда компаниялар ҳам бор. Аммо уларнинг ҳам улуши жамланса анчагина бўлади. Улар ишлаб чиқараётган газини сотиши ва кетган харажатини қоплаши, келаси йилларда газ қазиб олиш учун янги технологиялар ва янги геология-қидирув ишларига пул керак.

Яъни биз қазиб олаётган газимиз шу вақтгача инвестиция сарфланган ва етиб борилган қудуқлардан қазиб олинмоқда. Қазиб олишни оширишимиз керак, [аммо] бунга ҳам рағбат йўқ, қўпол қилиб айтганда пул йўқ. Давлатда ҳам, хусусий бизнесда ҳам пул йўқ.

Бир тонна буғдой ишлаб чиқариб ҳам, икки тонна буғдой ишлаб чиқариб ҳам бир хил даромад олсангиз, сизда буғдой ишлаб чиқаришга рағбат бўлмайди.

Иккинчиси, газ импорт қиладиган бўлсак, газни 250 доллардан олсак, ўртача 60 доллардан сотсак, қолганини қаердандир қоплаш керак. Шу пайтгача бюждет буни қоплаб келаётганди, чунки иқтисодий ўсиш юқори эди, иккинчидан ташқи манбалар, ташқи қарз жамғариш манбаларимиз бор эди. Қарз нархлари кескин ошиб кетгани имкониятларимизни имконсиз қилиб қўйди. Мана муаммо қаердан пайдо бўляпти.

Тарифларни бозорга яқинлаштирсак, фойда бўладими деб савол қўйиляпти. Бу оғир савол. Бирданига бозор мувозанатлашмайди, бирданига ишлаб чиқариш ошиб қолмайди, бирданига ташқаридан 5 млрд куб газни шартнома қилиб суғуриб ололмаймиз, бирданига бу ишни бажара олмаймиз. Қисқа қадамлар билан 1,5-2 йилда мувозанатлашамиз.

Мавзуга оид