Жаҳон | 11:16 / 12.09.2024
3142
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Россия газидан бутунлай воз кечишга тайёр

Европа Иттифоқи Россиядан истеъмол қиладиган барча газнинг атиги 15 фоизини олади ва режалаштирилганидек, яқин келажакда ундан бутунлай воз кечишга тайёр, деди энергетика бўйича Европа комиссари Кадри Симсон.

Фото: Global Look Press

Европа Иттифоқи ҳозирда Россиядан РФнинг Украинага бостириб киришидан олдин олган газни уч баравар кам импорт қилмоқда ва ундан бутунлай воз кечишга содиқ қолади. Бу ҳақда 11 сентябр, чоршанба куни Брюсселда энергия масалалари бўйича Европа комиссари Кадри Симсон маълум қилди. «Биз Россиядан йилига 150 миллиард кубометр газ импорт қилардик, ҳозир эса 50 дан кам. Россияга қарамлигимиз 2021 йилдаги 45 фоиздан ўтган йили 15 фоизга тушди», - дейди Симсон.

«Биз Россия газидан босқичма-босқич воз кечишни якунлашга тўлиқ содиқмиз, бу Европага энергия етказиб бериш хавфсизлигига путур етказмасдан амалга оширилиши мумкин», деб давом этди Европа комиссари. У биринчи қадамни Украина орқали газ транзити бўйича келишувни бекор қилиш деб атади. «Биз буни бир неча ойдан бери давом эттирмоқдамиз, Европа ИттифоқиУкраина транзит йўлидан келаётган бу Россия газисиз яшашга тайёр», - дея таъкидлади Кадри Симсон.

Комиссарнинг таъкидлашича, қиш олдидан Европа Иттифоқи газ омборларини 90 фоизга тўлдириш мақсадига 19 августда - 1 ноябрга белгиланган қонуний муддатдан бир неча ҳафта олдин эришди.

Украина 2025 йил 1 январдан Россия газининг Европага транзитини тўхтатади

Украина 2025 йил 1 январдан Россия газининг Европага транзитини тўхтатади. Буни 30 август куни Украинанинг Новини.LIVE порталига берган интервюсида мамлакат президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк тасдиқлади.

«Бундан ташқари, эслатиб ўтаманки, «Дружба» нефт қувури ҳам 2025 йил 1 январдан ўз фаолиятини тўхтатади», — деди Подоляк. Словакия, Чехия ва Венгрия қувурнинг жанубий тармоғи орқали нефт олган. «Улар нефт етказиб беришни диверсификация қилиш имкониятларини топишлари керак», деди у.

Мавзуга оид