Жаҳон | 16:18 / 25.05.2024
15604
5 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Ҳикикомори – Япония ва Жанубий Кореяда минглаб одамлар узлатда яшашни танламоқда

Японияда ҳикикомори атамаси мавжуд бўлиб, у жамият билан бутунлай алоқаларини узиб, ўз дунёсида ёпилиб яшайдиган одамларни англатади. Мамлакатда миллиондан ошиқ одам шундай узлатда яшашни танлаган. Жанубий Кореяда ҳам юз минглаб одамлар бошқаларга қўшилмасдан яшашади. Ҳукумат улар кўчага чиқиши учун пул тўлашга тайёр.

Фото: AP

Жанубий Кореяда ҳам ҳикикомори атамаси кўп тилга олинмоқда. Бу атама жамиятга ёпилиб, фақат ўз дунёси билан яшайдиган кишилар учун ишлатилади. Унга оид ижтимоий жумбоқ 2021 йил апрел ойида Сеулдаги квартирасида ёш йигитнинг жасади топилгач, юзага қалқиб чиқади.

Ўшанда 16 кв метрлик ижара уйда яшайдиган йигит тўловни вақтида қилмагани сабаб уй эгаси квартирага боришга мажбур бўлади. Бироқ ижарачининг анча олдин вафот этганди. Ижара уйи тартибсиз ҳолатда эди. Йигитнинг ўлими билан боғлиқ ҳолат ўрганилганда унинг ойлаб жамиятдан узилган шароитда яшагани аниқ бўлади. Ўшанда у пандемия сабаб ишидан бўшаган, уйига ҳатто газ бориши ҳам тўхтаб қолганди.

Ҳикикомори нима дегани?

Ҳикикомори асли япон тилидан олинган атама. Унга кўра, ёши катта бўлмаган одамлар ҳам жамиятдаги муаммолар ва оилавий кутувларга дош бера олмагани учун узлатга чекинишади. Пандемия даврида эса одамлар якка бўлиш муаммоси кўпроқ кучаяди.

2022 йилги статистикага кўра, Жанубий Кореяда 19 ёшдан 39 ёшгача бўлган 338 минг ёшлар жамиятдан узилган ҳолда ёлғизликда яшашни танлаган. Улар жамиятдан бутунлай узилган, ойлаб, баъзан ундан ҳам узоқ вақт давомида ўқишга, ишга боришмайди.

Жанубий Корея ҳукумати маълумотларига кўра, жамиятдан ажралган ҳолда яшашни танлаган ёшларнинг аксари камбағал оилалардан. Улар бу танловни бирор шахсий травма, мактабда содир бўлган буллинг, академик қийинчиликлар, оилавий низолар ёки ота-онасидан етарли эътибор кўришмагани сабаб қилишади.

Узлатни танлаган одамлар асосий вақтини ёпиқ бинода ўтказади, ўз эҳтиёжлари учун зарурат бўлганда технологиялар орқали ишларини битиришади. Уларнинг бу танлови жамият босими, ички хавотирлари, ишидан қониқмаслик ёки бошқа бир оилавий муаммо сабаб ҳам бўлиши мумкин.

Уларнинг бу танлови натижасида жисмоний ва руҳий саломатлигида муаммолар пайдо бўлиши хавфи туғилади. Ҳикикомори муаммосининг олдини олиш учун унга сабаб бўлган муаммони топиш, бу ҳолатга тушганларга ижтимоий ва руҳий кўмак бериш керак бўлади. Сабаби бу дунё ичида яшаётган одамлар жамиятни рад этади, кўпроқ виртуал реалликда яшашади.

2023 йилда корейс ҳукумати қамалиб олган ёшларни жамиятга қўшиш мақсадида улар учун ойига 500 долларлик нафақа таклиф қилган. Бу пулни 9 ёшдан 24 ёшгача бўлган ёшлар олиши мумкин. Бу пулни оладиганлар ўқишга ёки ишга қайтиши талаб этилади.

Япониядаги вазият

Жамиятга ёпилиб олиш муаммоси Японияда ҳам бор ва бу давлатда вазият кўлами кенгроқ.

2022 йил ноябр ойида ҳукумат томонидан ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, Японияда қарийб 1,5 миллион киши ўз уйларида камида олти ой изоляцияда ёлғиз ҳолатда яшаган. 2023 йилги ҳисоботда эса 15 ёшдан 64 ёшгача бўлган ҳар 50 кишидан бири ҳикикомори турмуш тарзини танлаган. 1980 йилларда илк марта тилга олина бошлаган бу атама коронавирус пандемиясидан кейин жиддий хавотир уйғота бошлаган. Сабаби айни пандемия пайтида ёлғизликни хуш кўрувчилар кўпаяди.

Ҳикикомори турмуш тарзини танлайдиган одамларнинг кўпайиши Япония иқтисодиётида турғунликка сабаб бўлиши мумкин. Аҳолининг қариши ва туғилиш даражаси пасайиши каби хавфлар ҳам бор.

Японияда ҳикикомори одамлари ўртасида ўтказилган тадқиқотларга кўра, уларнинг узлатда яшашларига интернет ҳам қисман айбдор бўлиши мумкин. Сабаби улар виртуал тарзда муносабатларга киришгани учун бирор ҳолатда ҳиссий тарзда одамларга яқин бўлишга қизиқишмайди.

Бу турмуш тарзида яшаётган одамлар ўзларининг жамиятдан узилганини ўйлашгани сари ўзларига камчиликлари кўпроқ кўрина бошлайди. Натижада, уйдан қайтиб чиқиш улар учун даҳшатли туюла бошлайди.

Нега Японияда одамларнинг ёпилиб олиши кўпроқ кузатилади

Япония турмуш тарзи жиҳатдан ижтимоий уйғунликка ўта қатъий амал қилувчи давлат ҳисобланади. Одамлар нима кийиши, соч турмагини қандай қилишигача бўлган майда қарорларини ҳам жамият талабларига мос бўлишига ўрганишган. Оқибатда, салгина ўзгачалик ҳам қораланадиган кайфият пайдо бўлиши осонлашади ва жамиятдан бироз бошқача бўлиш ота-она, устозларнинг танқидига сабаб бўлиши, мактабда буллингга учрашга олиб келиши мумкин. Бундай ҳолатда эса ҳикикомори хавфи каттароқ.

Японияда ҳикикомори муҳитига тушиб қолган одамларга ёрдам бериш учун ғалати усулдаги терапия мавжуд. “Ижарага олинган опа-сингил” деб номланувчи бу усул учун ҳикикомори турмуш тарзидаги одамга ёрдам беришга оила аъзолари тўлов қилиши керак бўлади. Бошида фақатгина хат юбориш орқали алоқа ўрнатилгач, кейинроқ телефон қўнғироқлари орқали ёлғизликдаги одам билан гаплашиш имкони пайдо бўлади. Сўнг эса эшик ёнида гаплашиш, охирида ҳикикомори одам ўзини хавфсиз ҳис қила бошлагандан сўнг кўчага чиқишига ёрдам берилади.

Мавзуга оид