Жамият | 13:59 / 28.08.2019
6828
2 дақиқада ўқилади

Хивада Ўзбекистондаги илк «Ёшлар меҳмонхонаси» очилди

Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида Ўзбекистондаги илк «Ёшлар меҳмонхонаси» фойдаланишга топширилди, деб хабар беради Kun.Uz мухбири.

Фото: Хоразм вилояти Ёшлар иттифоқи матбуот хизмати

28 август куни меҳмонхонанинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов, Хива шаҳар ҳокими Собир Жуманиязов, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Бунёдбек Бахромбеков ҳамда «Ёшлар туризм агентлиги» МЧЖ директори Камола Исмаилова, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, ёшлар иштирок этишди.

«Ёшлар меҳмонхонаси» Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан қурилди ва фойдаланишга топширилди. Қайд қилиш жоизки, бу Ўзбекистондаги илк «Ёшлар меҳмонхонаси» бўлди.

Очилиш маросимидан сўнг меҳмонлар «Ёшлар меҳмонхонаси»да яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар. Шунингдек улар учун байрам дастурхони тўшалди ва Ичан-қалъа тарихий мажмуасига экскурсия уюштирилди.

«Ёшлар меҳмонхонаси»да 30 нафар ходим иш билан таъминланган. Бу ерда жами 60та хона бўлиб, шундан 29таси хостел учун мўлжалланган. Меҳмонхона бир вақтнинг ўзида 300 нафар мижозни қабул қила олади. Уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун теннис, бильярд ва фитнес заллари, меҳмонларга бизнес фаолиятида кўмаклашувчи  коворкинг маркази ташкил этилган. Мажлислар ва тадбирлар ўтказиш учун конференция зали мавжуд.

Нурмуҳаммад Саид

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид