Ўзбекистон | 12:00 / 01.08.2025
2854
6 дақиқада ўқилади

“Сағбон” подстанциясида кетма-кет авариялар. Муаммо қачон бартараф этилади?

Ушбу подстанция Олмазор ҳамда Тошкент туманларига электр етказиб беради. 2023 йилдан бери кузатилаётган авариялар туфайли истеъмолчилар электрдан узилиб қоляпти. Хусусан, шу йилнинг июн ойида 3 марта авария кузатилди. Масъулларнинг Kun.uzʼга айтишича, ҳозир ишлаб турган қурилмаларнинг кўпи эскиргани, истеъмол кўрсаткичининг ошгани аварияларни келтириб чиқаряпти.

“Сағбон” подстанцияси 1967 йилда ишга туширилган. Трансформаторлар 1991-1993 йилларда ва охирги марта 2023 йилда алмаштирилган. “Битта трансформаторнинг ишлаш муддати 25 йилни ташкил этади. Бу қурилмалар совет давридан қолган бўлиб, катта юкламага мўлжалланмаган. Ҳозир президентнинг 91-сонли қарорига кўра, реконструкция ишларини олиб боряпмиз”, - дейди Олмазор тумани электр таъминоти корхонаси муҳандиси Абдурашид Абдураззоқов.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда электр энергияси истеъмоли ортган, бу кўпроқ кондиционер ишлатиш билан боғлиқ.

Бу трансформаторга жуда катта юклама олиб келади. Трансформаторлар куннинг иссиғида қизийди, “нагрузка” ҳисобига ундан ҳам кўпроқ қизийди. Ҳозир реконструкция-модернизация ишлари олиб борилаётгани сабабли битта трансформатор “нагрузка”да ўтирибди. Шунинг учун 2 соат ўчиришга мажбур бўляпмиз. Авариявий ҳолатларга келадиган бўлсак, подстанцияда июн ойида 3 марта авариявий ҳолат рўй берди. Ишлатаётган қурилмаларимизнинг эскиргани, истеъмол қувватининг ҳаддан ташқари ошиши аварияларга сабаб бўляпти”, - дейди Абдураззоқов.

Шу пайтгача 2 та 25 000 кВлик трансформатор 40 000 кВлигига алмашган. Лекин эски қурилмалар тўлиқлигича янгиланмаган.

“Шунинг учун авариявий ҳолатлар бўлиб турибди. Сентябргача Сағбон подстанциясида реконструкция-модернизация ишларини тўлиқ битиришни мўлжаллаганмиз”, - дейди Олмазор тумани электр таъминоти муҳандиси.

Муҳандисга кўра, айни вақтда 35 кВлик қурилмалар, аҳолига чиқадиган 10 кВ крун ячейкалар (ташқи ўрнатиш учун мўлжалланган, юқори кучланишли электр қурилмалари) ҳамда кабел тармоқлари янгиланади.

“Шу подстанциямизда реконструкция-модернизация ишлари тугаганидан сўнг бунақа ҳолатлар қайтарилмаслигига ҳаракат қиламиз. Модернизация ишлари бўйича озгина ўчиришга мажбур бўляпмиз. “Нагрузка”ни тўғри тақсимлаш ва подстанцияни авариявий ҳолатдан сақлаш учун”, - дейди у.

Ҳудудда кетаётган янгиланиш ишлари билан туманнинг Янги Тошкент маҳалласи фаоллари ҳам танишди. “Авариялар бўлиб, маҳалламиз токдан узилиб туради, лекин мурожаат қилсак тезда ҳал қилиб беради, ходимларга раҳмат, иссиқни иссиқ демай, тун-у кун ишлаяпти”, - дейди маҳалла раиси Шокир Карабаев.

Энди ҳозир кўриб турган нарсамиз амалга ошса, Сағбон подстанциясига уланган маҳалла ҳудудлари ток билан таъминланмасдан қолмайди. Энди маълум бир техник сабабларга кўра, кўздан кечириш жараёнлари бўлган пайтда ўчмаса, бошқа пайтда ўчмайди. Аҳолидан бир нарсани илтимос қилиб қоламан, 3 та фаза кириб келаётган бўлса, бирон бир фазада носозлик бартараф этилган бўлса, аҳолимиз дарров иккинчи фазага ўтишади. Ўша 20 та хонадон қўшилса, эҳтиёж кўплигининг сабабига қўйилган трансформатор ичидаги чўғлар эриб кетади. Узилиш ҳосил бўлганда, ўша аҳоли токсиз қолиб кетади. Ана ундан кейин учинчи фазага ўтишади. Учинчи фазага ўтгандан кейин ўз-ўзидан бутун трансформатор эмас, буёғида катта подстанциялар ҳам “нагрузка” бўлиб, эриб кетади”, - дейди Карабаев.

Маҳалла раисининг айтишича, катта-катта биноларга алоҳида линия чиқариш керак, шунда аҳолига ортиқча зарар бўлмайди. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раиси матбуот котиби Фахриддин Нуралиев аварияларни қурилмалар эскиргани билан изоҳлади. Вақтинчалик узилишлар эса ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун қилинган.

“Нима учун агар шу трансформатор ўрнатилган бўлса ҳам ўчади? Биринчи навбатда ўша ишлар олиб борилганда ишлаётган ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида подстанция қўлда ўчирилиб турилади. Шу мақсадда ўтган йили фақатгина мана шу куч трансформаторлари алмаштирилган бўлса, куз-қиш мавсуми тугаши билан ҳозир ёрдамчи қурилмаларни алмаштириш бизнинг асосий вазифамиз ҳисобланади. 1 йилда бир пайтнинг ўзида қилишнинг имкони йўқ. Агар бир пайтда қиладиган бўлсак, бир ой мобайнида подстанцияни ўчириб туришимиз керак. Шу сабабли, маълум бир вақтларга бўлган ҳолда мана шу ишлар босқичма-босқич амалга ошириляпти”, - дейди у.

Kun.uz мухбири Тошкент тумани учун алоҳида қурилаётган “Қизғалдоқ” подстанцияси ҳақида сўради. Нуралиевнинг сўзларига кўра, подстанцияда якуний ишлар қолган. Фойдаланишга топширилгач, “Сағбон”да энергия барқарорлиги ошади. Фахриддин Нуралиев суҳбат давомида иссиқ ҳароратда электрга чеклов киритишга тўғри келаётганини айтди.

Паст кучланишли электр тармоқларида келаётган аварияларни айтишим мумкин. Шунинг натижасида мана бу кузатилаётган иссиқ ҳароратда электр энергиясига бўлган талаблар кўпаяди. Мана шундай ҳолатларда чеклов киритишга, қисқа муддатга ўчириб туришга ҳам мажбур бўламиз. Энди буни авариявий ҳодисалар деб айта олмаймиз. Яъни йирик аварияларнинг олдини олиш мақсадида мана шундай чекловлар ҳам киритилади. Электр энергиясини етказиб беришда ёки бошқа ресурсларни етказиб беришда, албатта, узилишлар бор, бугун йўқ деб айта олмаймиз. Лекин илгаригига қараганда бу анча камайди. Биргина Тошкент шаҳрида авариявий ўчишларни деярли бу йил 55 фоизга камайтиришга эришилди”, - дейди у.

Маълумот ўрнида, президент қарори билан Юнусобод, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманларида умумий қуввати 664 МВА бўлган 5 та 110 кВ кучланишли подстанция қуриш белгиланган. Бундан ташқари, 49,6 км узунликдаги 35 кВ ва 110 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари қурилиши керак. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 3,5 трлн сўм маблағ йўналтирилган.

Мавзуга оид