Ўзбекистон | 15:37 / 24.11.2023
9515
2 дақиқада ўқилади

«Сағбон» подстанциясида авария. Олмазор туманининг катта қисми электр таъминотидан узилиб қолди

«Сағбон» подстанциясида авария юз бериши оқибатида Тошкент шаҳрининг Олмазор туманининг катта қисми соат 11:40 дан буён электр таъминотидан узилган. Расмийлар тез орада носозлик тўлиқ бартараф этилиб, электр энергияси етказиб берилиши тўлиқ тикланишини ваъда қилмоқда.

Фото: Энергетика вазирлиги

Тошкент шаҳри Олмазор туманида юқори кучланишли электр узатиш тармоғида носозлик юзага келди. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Тошкент шаҳар филиали ҳолат юзасидан маълумот берган.

«Олмазор туманининг Қорақамиш 1/2, 1/3, 2/1, 2/4-мавзелари, «Пахта», «Тепа Гузар», «Сағбон», «Гулзор» МФЙлари, Норас Тепа, Нозимахоним 3-тор, Сағбон 1-тор, Сағбон 2-тор, Сағбон 12-тор, Сағбон 13-тор, Келес йўли, Ўразбоева, Олтинсой, Мойариқ, Мойқўрғон, Ғ.Ғафуров, Охунбобоев ҳамда Дадабаева кўчалари ҳудудларини электр энергияси билан таъминловчи 110/35/10 кВА бўлган «Сағбон» подстанциясидаги мавжуд юқори кучланишли электр қурилмасида фавқулодда авария ҳолатида электр таъминотида узилиш содир бўлди. 

Айни вақтда, Олмазор туман электр таъминоти корхонасининг тезкор чиқиш бригадалари зарур электр қурилмалар ҳамда махсус автотранспорт воситалари билан мазкур носозликни бартараф этишга жалб этилган. 

Тез орада мазкур носозлик тўлиқ бартараф этилиб, тармоқ орқали электр энергияси етказиб берилиши тўлиқ тикланади. Юзага келган фавқулодда аварияли узилиш вақти келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз», дейилади хабарда.

Энергетика вазирлиги ҳам Олмазор туманидаги подстанцияда юзага келган носозлик бартараф этилаётгани тўғрисида хабар берди.

«Бугун, соат 11:40 да «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Тошкент шаҳар филиали балансида бўлган, Олмазор туманидаги «Сағбон» подстанциясининг трансформаторида носозлик юзага келган.

Бунинг натижасида Олмазор туманининг Қорақамиш 1/2, 1/3, 2/1, 2/4, 3/2 мавзелари ҳамда Тошкент тумани Келес йўли кўчаси истеъмолчилари (9000 та истеъмолчи) қисман электр таъминотидан узилган. 

Ҳозирги вақтда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Тошкент шаҳар филиали мутахассислари томонидан ушбу носозликни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз», дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид