Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бола пули ва моддий ёрдам кимларга берилади: мезонлар ва ўзгаришлар
Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва болалар нафақасини тайинлашда айрим ўзгаришлар бўлиши кутиляпти. Нафақа олиш учун онлайн ариза бериши мумкин бўлади; никоҳи бекор қилинмаган, лекин алимент олаётган аёллар ҳам болалар нафақасига даъво қила олади; иқтисодий аҳволи яхшиланган оилаларга нафақа тўлаш тўхтатилади.
Пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Сардор Файзуллаев Kun.uz'га берган интервюсида нафақалар кимларга тўланиши, ариза қачон рад этилиши ва кутилаётган ўзгаришлар ҳақида гапириб берди.
“Ижтимоий ҳимоя” ягона реестри ҳақида
— Ўзбекистонда болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш “Ижтимоий ҳимоя” ягона реестри орқали амалга оширилади. Бу тизим оиланинг кам таъминлаганлик ҳолатини аниқлаш, уларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш, шунингдек, давлат томонидан бериладиган турли ёрдамлар ҳақидаги маълумотларни ўзида акс эттиради. Ҳозирги кунда 2,2 млн оилага шу тизим орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўлаб келиняпти.
Оилада 18 ёшга тўлмаган фарзандлари бўлганлар болалар нафақасини олиш бўйича мурожаат қилишлари мумкин. Якка фуқаролар, барча фарзандлари 18 ёшдан катта, кам таъминланган оилалар ҳам моддий ёрдам учун мурожаат қилиши мумкин.
Оилаларнинг моддий аҳволи яхшиланса, моддий ёрдам тўлаш тўхтатилади
— Ижтимоий адолат принципи нуқтайи назаридан нафақаларни ҳақиқатда муҳтож бўлган оила олишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
“Ижтимоий ҳимоя” ягона реестри орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаб келинаётган бўлса, мазкур тизимда 16 вазирлик ва идорадан 53 турдаги маълумотлар олинади ва шу асосда оиланинг кам таъминланганлик ҳолати аниқланади. Бола пули, моддий ёрдам тайинлаш ёки рад этиш дастурда автоматик қабул қилинади. Шундай бўлса-да, айрим ўзига тўқ оилалар томонидан моддий ёрдам олиш ҳолатлари учрамоқда. Бу қандай бўлиши мумкин?
Биринчи навбатда болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлангандан кейин оила томонидан автотранспорт воситаси ёки даромад келтирувчи мол-мулк харид қилиниши ёки оиланинг даромадлари ошган ҳолатларда 12 ойгача болалар нафақаси тўлаб берилади. Яъни оиланинг иқтисодий аҳволи ўзгаргандан кейин ушбу оиланинг мезонларга мослиги тайинлаш давомида қайта кўрилмайди. Шунингдек, шундай ҳолатлар учрайдики, оилада мавжуд автотранспорт воситалари ёки мол-мулкини ўзининг қариндошлари номига ўтказиб қўйган ҳолатда нафақа олиш учун ўз ҳолатини сунъий кам таъминлангандек кўрсатиш орқали нафақа олган ҳолатлар бор.
Кам таъминланган оилаларга нафақа тайинлашда манзиллигига эътибор қаратиш кўзда тутилган. Яъни биринчи киритилаётган ўзгариш болалар нафақаси тайинлаганидан кейин оиланинг иқтисодий аҳволи ҳар ойда автоматик тарзда ўрганилади, болалар нафақасини олиб турган оиланинг иқтисодий аҳволи, иш ҳақи кўринишида олиб турган даромади, қўшимча мол-мулки ёки автотранспорт воситасини сотиб олганлиги тегишли давлат органлари, Солиқ қўмитаси, кадастр органлари ёки Ички ишлар вазирлигидан олинган маълумотлар асосида ҳар ойда ўрганиладиган тартиб жорий қилинади. Болалар нафақаси тайинланганидан кейин оила янги автотранспорт воситаси ёки иккинчи автотранспорт воситасини харид қиладиган бўлса, даромад келтирадиган мол-мулк харид қиладиган бўлса, оилалар рейтингдан автоматик чиқарилади.
Яна бир ҳолат бор: оиланинг фойдаланувида бўлган, лекин ўзининг номига расмийлаштирилмаган мулки бўлса, янги тартибга асосан маҳалла еттилиги томонидан оилаларга борган ҳолда, оиланинг мол-мулклари ўрганилади. Ўрганишлар натижасида олинган маълумотлар тизимга киритилади. Оиланинг кам таъминланганлик ҳолати ўзгармаган бўлса, нафақа тўлашда давом этилади. Агар моддий аҳволи яхшиланган бўлса, тўлов тўхтатилади.
Фуқаролар болалар нафақаси ва моддий ёрдам учун онлайн ариза бериши мумкин бўлади
— Электрон тартибда нафақа олиш учун ариза бериш тартиби жорий қилиняпти. Бу 2024 йилнинг апрел ойидан кучга кириши кутиляпти. Фуқаролар уйидан чиқмасдан, МФЙларга бормасдан ариза беришлари мумкин. Киритилаётган тартибга асосан, ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза беришлари мумкин бўлади.
Шунингдек, инсон ижтимоий марказларининг ходимларига ҳам фуқароларнинг аризаларини киритиш ваколати берилади. Чекка ҳудудларда, онлайн ариза бериш имкони бўлмаган оилалар учун марказ ходимлари ариза киритиши мумкин бўлади.
Алоҳида яшаётган аёллар болалар нафақасига даъвогар бўла олади
— Никоҳи бекор қилинмаган, аммо алоҳида яшаётган оилалар бор. Бу ҳолатда оиланинг моддий томондан қийналиши эҳтимоли бор. Бирга яшамаётган ҳолда эри алимент билан таъминлаётган бўлса, эрини оила таркибига киритмасдан болалар нафақасини олиш имкони туғилади. Шундай оилаларга қўшимча имтиёз бўлади.
Бу ҳолатда автоматик аниқлаш тартиби қўлланади. Алимент олувчилар рўйхати мажбурий бюро ахборот тизимидан тақдим қилинади. Алимент олаётгани ҳақида маълумот реестрга келиб тушади ва шу маълумот асосида эри оила таркибига қўшилмай туради, шунингдек, аёлга ёлғиз она сифатида автоматик болалар нафақаси тайинланади.
Нафақа тайинлаганидан кейин туғилган бола учун нафақа автоматик ҳисобланади
— Оилага болалар нафақаси тайинланганидан кейин бола туғиладиган ҳолатлар бўлади.
Ҳозирги ҳолатда янги туғилган оила аъзолари тўғрисидаги маълумот маҳаллага тақдим этилиши керак. Яъни такроран мурожаат қилиш керак. Киритилаётган ўзгаришга кўра, бола туғилгач, оилага тайинланган болалар нафақаси миқдори автоматик равишда ўзгаради. Янги фарзанд туғилгани ҳақидаги маълумот ФҲДЁ органларидан автоматик тарзда олинади ва болалар нафақаси қайта ҳисоблаб берилади.
Оила қачон болалар нафақаси ва моддий ёрдам олиши мумкин?
— Амалдаги тартибга кўра, болалар нафақаси ва ёрдам пули олишнинг мезонлари бор. Биринчи навбатда оиланинг даромадига қаралади. Оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган миқдор 568 минг сўмдан, ҳозирги кундаги минимал истеъмол харажатларидан ортмаган ҳолда оила кам таъминланган деб топилади. Бундан ташқари, ариза берувчи оилага қарашли мол-мулклар – автотранспорт воситаси, кўчмас мулклар ҳисобга олинади. Агар оила аъзоларининг номида 7 йил ичида ишлаб чиқарилган транспорт воситалари бўлса, болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш рад этилади. Худди шундай, 15 йил ичида ишлаб чиқарилган юк машиналари, ёки ишлаб чиқарилган йилидан қатъи назар биттадан ортиқ автотранспорт воситаси бўлган ҳолда нафақа тайинланмайди. Оилада кўчмас мулк ёки битта нотурар жой бўлган ҳолда ҳам болалар нафақаси тайинланмайди.
Ҳозирги кунда энг кўп нафақа тайинлаш рад қилиниши сабабларидан бири фуқаролар меҳнатга лаёқатли бўла туриб, меҳнат органларига иш сўраб мурожаат қилмасдан ишсиз юрган ҳолатлардир. Дейлик, оилада эри ҳеч қаерда ишламайди, аёли 3 ёшгача бўлган фарзанди тарбияси билан шуғулланса, оилага нафақа тайинланмайди. Чунки оила иш излаб мурожаат қилмаган бўлади. Агар оила иш сўраб меҳнат органига мурожаат қилса, болалар нафақаси тайинланиши мумкин.
Болалар нафақаси ва моддий ёрдам миқдори қанча?
— 2021 йил сентябрдан бошлаб олдинги тартиб бўйича 2 ёшгача ва 14 ёшгача бола парвариши ўрнига 18 ёшгача болалар нафақаси жорий қилинди. Бу миқдор оиладаги болалар сонига қараб белгиланадиган бўлди. Болалар нафақасининг миқдори бугунги кунда 3 ёшгача бола борлиги билан фарқланади. Масалан, бир оилада 2 нафар фарзанди бўлиб, кичик фарзанд 3 ёшдан кичик бўлса, бу бола учун 325 минг сўм тўланади, катта фарзанд учун эса 150 минг сўм берилади. Оилада энг кичик фарзанд 3 ёшдан катта бўлса, кичик фарзанд учун 250 минг сўм, катта фарзанд учун 150 минг сўм берилади. 3-4-фарзандлар учун 100 минг сўмдан қўшиб берилади.
Моддий ёрдам миқдори бугунги кунда 380 минг сўмни ташкил қилади. Бу 6 ойгача тайинланади. Болалар нафақаси ва моддий ёрдам учун қайта мурожаат қилиш тартиби бор, масалан оила 6 ой моддий ёрдам, 12 ой болалар нафақаси олгандан кейин, қайта ариза бериш керак бўлади.
Мадина Очилова суҳбатлашди.
Оператор – Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтажчи – Абдуқодир Тўлқинов.
Мавзуга оид
09:12 / 10.01.2026
Ҳомиладорлик нафақаси бўйича янги тартиб: расмий муносабат эълон қилинди
15:29 / 27.12.2025
Болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўлаш тартиби янгиланди
15:26 / 27.12.2025
Ягона миллий ижтимоий ҳимоя: оилалар 3 тоифага ажратилади
08:38 / 25.12.2025