Ўзбекистон | 20:32 / 25.12.2020
8423
5 дақиқада ўқилади

Президент Тошкентда замонавий муҳташам кутубхона барпо этишни таклиф қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги ёшлар форумида санъат, адабиёт ва спорт соҳаларини ривожлантириш бўйича истиқболдаги вазифаларга тўхталиб ўтди.

Фото: KUN.UZ

«Келгуси йили буюк бобомиз Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаймиз. Ёшларимизга ҳазрат Навоий ижодини чуқур ўргатишни тизимли йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун Алишер Навоий асарларининг бугунги ёшлар тушунадиган ихчам намуналарини яратиб, турли мобил илова ва электрон дастурлар ишлаб чиқиш керак», – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Тошкент шаҳрида замонавий муҳташам кутубхона барпо этиш таклифини билдирди.

«Бу маърифат саройи илм-фаннинг сўнгги ютуқлари асосида жиҳозланади. Бу даргоҳда юртимиз ва жаҳондаги энг нодир, ноёб ва бебаҳо асарлар жамланади. У буюк аждодларимизнинг бой мероси ва номларини бутун дунёга тараннум этадиган, барча юртдошларимиз, биринчи навбатда, сиз, қадрли фарзандларимиз учун чинакам зиё масканига, ғурур ва ифтихоримиз рамзига айланади, деб ишонаман.

Яқинда мамлакатимизнинг спорт ҳаётида қувончли янгилик бўлди. Осиё Олимпия Кенгашининг қарорига кўра, 2025 йилда Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларига Тошкент шаҳри мезбонлик қилиши белгиланди. Бу мусобақада Осиё қитъасидаги 45та давлат ёшлари 20га яқин спорт тури бўйича ўзаро беллашади.

Бундай нуфузли халқаро спорт ўйинларининг Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба ўтказилиши барчамизга фахр-ифтихор бағишлайди, албатта. Шу билан бирга, у бизга ғоят катта масъулият ҳам юклайди. Мана, сизлар каби навқирон ва азамат ёшларнинг ўз куч ва маҳоратини кўрсатиб, Ватанимиз байроғини юксакка кўтаришлари учун яна бир зўр имконият», – деди Шавкат Мирзиёев.

Ушбу спорт байрамини юксак савияда ўтказиш, Осиё ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича туман, шаҳар, вилоят ва республика чемпионатлари, «Ҳоким кубоги» мусобақаларини ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

«Юртимизда ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий етук бўлиб улғайиши, жумладан, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш, оммавий спортга кенг жалб этиш мақсадида «Соғлом турмуш тарзи» электрон платформаси ишлаб чиқилмоқда. Пиёда ва велосипедда юришга мўлжалланган «Саломатлик йўлаклари» барпо этилмоқда», – деди давлат раҳбари.

Кейинги йилларда маҳаллаларда ташкил этилган спорт майдончалари ёшларнинг севимли масканига айланди. Бу ишлар давом этиши айтиб ўтилди. Айни пайтда, мактаб спорт залларидан дарсдан ташқари вақтларда ҳам унумли фойдаланиш чоралари кўрилади.

Форумда ёшлар маънавияти билан боғлиқ муаммолар ҳам очиқ айтилди. Жаҳонда турли низо ва зиддиятлар авж олаётгани, терроризм, экстремизм балоси ва бошқа таҳдидлар интернет маконига чуқур кириб, мослашиб олгани таъкидланди.

«Мана шундай мураккаб шароитда ёшларимиз сезгир ва огоҳ бўлиши, ҳар бир масалада, аввало Ватан манфаатларини ўйлаб иш тутиши зарур. Илм-маърифат ва касб-ҳунарга интилиш, оилани муқаддас билиш, маънавий поклик, катталарга ҳурмат, кичикларга шафқат, қадриятларимизга садоқат каби эзгу фазилатлар азалдан халқимиз, миллатимизнинг қонида бўлиб келган. Биз мана шундай бебаҳо меросимизни нафақат асрашимиз, балки уни янада бойитишимиз, келгуси авлодларга безавол етказишимиз керак.

Шу ўринда мен ҳурматли ота-оналар, боболаримиз ва момоларимизни, жонкуяр устоз ва мураббийларни, муҳтарам зиёлиларимиз, кенг жамоатчилигимизни бу масалага бефарқ бўлмасдан, ёшлар тарбиясига қаратилган ишларимизни янада кучайтиришга даъват этаман.

Қанчалик қийин бўлмасин, биз ёшлар тарбияси бўйича ўзимизга хос ва таъсирчан, бугунги кунга ҳамоҳанг усулларни излаб топишимиз керак. Жондан азиз фарзандларимизни бузғунчи ва зарарли ғоялар, жиноятчилик, гиёҳвандлик, лоқайдлик, маънавий қашшоқлик кайфиятидан асрашимиз зарур. Бундай салбий ҳолатларни бартараф этишда барчамиз, аввало, сиз, азиз ёшлар фаол бўлишингиз керак. Халқимизнинг маънавий қудрати ва боқий анъаналарини асраб-авайлаш ва бутун дунёга тараннум этишга сизлар албатта қодирсиз», – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари форумда ёшлар келажаги билан боғлиқ ҳар қандай вазифа бирламчи аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.

«Ёшлар билан ишлаш Президентдан тортиб вазиргача, ҳокимдан тортиб маҳалла раисигача – ҳаммамизнинг энг асосий ишимизга айланиши зарур. Ҳар қайси ҳоким, ҳар бир вазир, ҳар қайси маҳалла раиси «Бугун мен ёшлар учун нима иш қилдим? Эртага фарзандларимиз манфаати учун яна нима иш қилишим керак?» деган саволларга жавоб берадиган, шундай эътиқод билан яшайдиган вақт келди.

Азиз фарзандларим! Халқимиз, Ватанимиз сизлардан буюк ишлар кутаётганини ҳеч қачон ёдингиздан чиқарманг! Юртнинг юксак ишончи ва умидини тўла оқлаш, унга муносиб бўлиш дунёдаги энг улуғ бахтдир. Шундай шараф барчангизга насиб этсин», – деди Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида.

Президент форумда ёшлар билан очиқ мулоқот қилмоқда.

Мавзуга оид