Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Янги Наманган туманида янги ҳоким иш бошлади
Туманга 2021 йил апрелидан буён раҳбарлик қилган Жобир Абдуллаев ишдан олинган. Унинг ўрнини «Ҳудудий электр тармоқлари» компаниясининг Наманган филиали директори Адҳам Қорабоев эгаллади.
Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги
Адҳам Жакбаралиевич Қорабоев Янги Наманган тумани ҳокими этиб тайинланди, дея хабар бермоқда Наманган вилояти ҳокимлиги.
29 декабр куни бўлиб ўтган халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоят раҳбари Шавкат Абдураззоқов кейинги йилларда ушбу туманда ишга солинмаган имкониятлар ҳақида тўхталиб, долзарб вазифаларни белгилаб берди.
Депутатлар Наманган вилояти ҳокимининг Жобир Абдуллаевни Янги Наманган тумани ҳокими вазифасидан озод қилиш ҳамда туман кенгашидаги депутатлик ваколатини муддатидан олдин соқит қилиш ҳақидаги қарорларини тасдиқлади.
Шунингдек, вилоят ҳокимининг Адҳам Жакбаралиевич Қорабоевни Янги Наманган тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги қарори бир овоздан маъқулланди.
Адҳам Қорабоев 1985 йилда Наманган туманида туғилган. Маълумоти олий, 2008 йилда Наманган муҳандислик- технология институтининг электр энергетика йўналишини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2007 йилда «Электрқишлоққурилиш» ОАЖ 11-сонли механизациялашган жамланма электромонтёрлигидан бошлаб, «Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖда электромонтёр, муҳандис, етакчи муҳандис, Наманган тумани электр таъминоти корхонаси бошлиғи, «Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» директори ўринбосари вазифаларида фаолият олиб борган.
Адҳам Қорабоев тайинловга қадар «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Наманган филиали бош директори лавозимида фаолият юритган.
Жобир Абдуллаев 2021 йилнинг апрелидан буён Янги Наманган тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётганди.
2022 йил декабрида ижтимоий тармоқларда Жобир Абдуллаев тадбиркорни сўккани акс этган аудио тарқалганди. Шундан сўнг вилоят ҳокими ўтказган одоб-ахлоқ қоидалари бўйича муҳокама йиғилишида ҳокимга ҳайфсан интизомий жазоси қўлланган ва барча турдаги рағбатлантиришлардан маҳрум қилинган.
Мавзуга оид
11:35
Истеъмолчилар чиқиндини олиб кетмаган корхонани антиқа йўл билан жазолади
21:39 / 01.04.2026
Президент Халқ қабулхонасига янги бошлиқ тайинланди
18:58 / 28.03.2026
Телекоммуникацияларни тартибга солиш агентлиги директори тайинланди
09:40 / 18.03.2026