Ўзбекистон | 15:54 / 29.10.2024
6794
3 дақиқада ўқилади

Тошкент туманидаги қарийб 43 минг хонадонда номаълум муддатга газ ўчирилади

Бундан ташқари тумандаги 610 та улгуржи ташкилот ҳамда 41 та ижтимоий соҳа объектига ҳам табиий газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилади. Қишки мавсумга ўтиш учун ўчирилиши айтилаётган газ таъминоти қачон тикланиши маълум эмас. “Тошкенттумангаз” газ таъминоти бўлимининг бу иши эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Фото: Kun.uz

Тошкент туманида табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 30 октябр куни соат 8:00 дан туман ҳудудидаги 42 948 та аҳоли хонадони, 610 та улгуржи ташкилот, 41 та ижтимоий соҳа объектида газ таъминоти вақтинчалик тўхтатилади. Бунга сабаб сифатида газ тармоқларида ёзги диафрагмаларни қишки диафрагмаларга алмаштириш ишлари олиб борилиши кўрсатилган.

Хабарда табиий газ таъминоти “ишлар якунлангунга қадар” тўхтатилиши айтилган. Бироқ иш қачон якунига етиб, газ таъминоти тикланишига аниқлик киритилмаган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров “Тошкенттумангаз” газ таъминоти бўлимининг бу иши “соғлом ақлга сиғмаслиги”ни айтди.

Қайси соғлом ақл ҳарорат нолга яқинлашган аёзли кунларда қишга тайёргарлик кўриш баҳонаси билан бутун бошли туманда газни ўчиради?

Хўп, ёзги диафрагмани қишкисига алмаштирмоқчи экансизлар, шу пайтгача, масалан, ўтган ҳафта, ҳарорат +20 даражадан юқори кунларда нима қилдинглар? Нега айнан кузнинг энг совуқ кунини танладинглар?

Хўп, майли, улгурмади, деб яхши гумон қилсак, шу ишни ҳарорат +20 даражадан юқорига кўтариладиган шанба ё якшанбага қолдирса бўлмасмиди?” дея ёзди иқтисодчи ўз саҳифасида.

Бундан ташқари, 30 октябр куни туманнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида ҳам узилишлар кузатилиши маълум қилинди.

Тошкент тумани электр таъминоти корхонасининг билдиришича, туманнинг Дийдор, Кўксарой, Қорабўрик, Захариқ, Бўғизилол, Зарбдор, Эъзоз, Кўҳинур, Янги ҳаёт, Ўрикзор, Олтинтепа ва Оқтош (қисман) маҳаллаларида, ушбу ҳудудлардаги корхона ва ташкилотларда соат 8:00 дан 18:00 гача электр таъминотида узилишлар бўлади. Бунга сабаб сифатида Боғор подстанциясидан чиқувчи трансформаторда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ҳамда таъмирлаш ишлари олиб борилиши кўрсатилган.

Отабек Бакиров “свет” бўлмаса сув ҳам бўлмаслигига эътибор қаратди.

Эртага бутун бошли туманда газ ўчирилиши бу ҳали ҳолва. Кузнинг энг совуқ кунида газга қўшиб шонли энергетиклар “свет”ни ҳам ўчирадиган бўляпти (свет бўлмаса, сув ҳам бўлмайди).

Кўп бора таъкидлаганимиздек, ўзбек энергетикасининг муаммоси аномал қиш, аномал куз, аномал ёз, аномал баҳор ё аномал ёғинлар эмас, аномал энергетиклар”, дея фикр билдирган у мазкур ҳолатга.

“Ўзгидромет”га кўра, 30 октябр, чоршанба куни Тошкент вилоятида кечаси ва эрталаб бироз ёмғир ёғиши, баъзи жойларга туман тушиши, ҳарорат кечаси +2...+7, кундузи +12...+17 даража бўлиши прогноз қилинган.

Мавзуга оид