Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент туманида 38 млрд сўмлик дори омбори фош этилди
ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент туманидаги дорихоналардан бирига қарашли омборхона кўздан кечирилиб, халқаро талабларга жавоб бермайдиган, муддати ўтган ва контрафакт аломатлари бор дори воситалари аниқланди.
Фото: Видеодан кадр
Маълум қилинишича, тезкор тадбир давомида Тошкент туманида фаолият юритувчи дорихоналардан бирига қарашли омборхона белгиланган тартибда кўздан кечирилган. Натижада омборда 1209 турдаги жами 38 млрд сўмлик дори воситалари мавжудлиги маълум бўлган.
Текширув жараёнида тахминий қиймати 20 млрд сўмга яқин бўлган дори воситалари халқаро GDP (сақлаш, олиб келиш ва реализация қилиш бўйича) сертификатига эга эмаслиги, шунингдек, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги қошидаги Сертификатлаш органидан лицензия олмаган ҳолда сақланаётгани қайд этилган.
Таъкидланишича, омбордаги дори воситалари орасида умумий қиймати 263 млн 921 минг сўмни ташкил этувчи 30 турдаги 10 509 қути дори воситаларининг яроқлилик муддати ўтган. Бундан ташқари, 3 турдаги 639 қути дори ҳамда 243 дона гель воситаларининг яроқлилик муддатлари қалбакилаштирилгани аниқланган.
“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” ДМ хулосасига кўра, дорихона мансабдор шахслари томонидан дори воситалари лицензияда кўрсатилган бинодан ташқарида сақланган, 10 турдаги дори воситасига мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмаган. Шунингдек, 1 турдаги дори воситаси ғайриқонуний тайёрланган (контрафакт) деб топилган, 9 турдаги дори воситаси давлат рўйхатидан ўтказилмаган, 20 турдаги яроқлилик муддати тугаган дори воситалари эса тегишли тартибда йўқ қилинмасдан сақланаётгани билдирилган.
Шу сабабли, мазкур дори воситаларини Ўзбекистон ҳудудида сақлаш, сотиш, ташиш ва тиббиёт амалиётида қўллаш тақиқланиши маълум қилинган.
Ҳозирда дорихона мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 186³-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
14:40 / 17.12.2025
Рецептли дориларни онлайн аниқлаш хизмати ишга тушди
22:08 / 13.12.2025
Андижон ва Самарқандда кучли таъсир қилувчи дорилар савдоси билан шуғулланган шахслар ушланди
17:06 / 13.12.2025
“Мақсадимиз кимнидир жазолаш эмас” – дори сотувига оид янги тартиб ҳақида масъуллар билан суҳбат
20:57 / 12.12.2025