Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш ҳамда экологик вазиятни яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.

Шу мақсадда жорий йилнинг 2–3 декабр кунлари Миллий гвардия, ички ишлар органлари, Фавқулодда вазиятлар хизматлари, прокуратура ва Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўйича масъул идоралар ходимлари ҳамкорлигида Тошкент тумани ҳудудида кенг қамровли рейд тадбирлари ўтказилди.

Рейдлар чоғида туманнинг 22 та маҳалла ҳудудида жойлашган 30 та иссиқхона фаолияти ўрганилди. Текширувлар давомида иссиқхоналарни иситиш учун ўрнатилган қозонларда махсус филтр ускуналари мавжуд эмаслиги ёки экологик стандартларга жавоб бермаслиги аниқланди. Бу эса чиқиндиларнинг тўғридан тўғри атмосферага ташланишига ва ҳаво ифлосланишига сабаб бўлаётгани қайд этилди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар юзасидан 24 нафар иссиқхона эгасига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Хўжалик эгаларига қисқа муддат ичида филтр ўрнатиш, ишлатилаётган ускуналарни экологик талабларга мослаштириш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш бўйича тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.



Мутасаддиларнинг таъкидлашича, шундай рейд тадбирлари давомий тарзда ташкил этилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, берилган кўрсатмалар ижроси ва экологик қоидаларга риоя этилиш ҳолати қатъий назоратга олинган.















