Жамият | 23:19 / 07.11.2022
27661
8 дақиқада ўқилади

Тадбиркор “дом”лар орасида 8 қаватли иморат қурмоқчи. Аҳоли эса бунга қарши

Тадбиркор Тошкентнинг Чилонзор тумани Кўтарма маҳалласи 1-, 3-, 9- ва 39- уйлар оралиғидаги ҳудудда кўп қаватли турар жой қурмоқчи. Лекин маҳаллий аҳоли вакиллари бундан норози. Kun.uz ҳодиса тафсилотларини ўрганди.

Маълум бўлишича, Кўтарма маҳалласи 1-, 3- ва 9-уйлар орасидаги 15 сотих ер майдони Тошкент шаҳар ҳокимининг 2020 йил 9 декабрдаги 1147-сонли қарори асосида фуқаро Мирҳамид Мирходжаевга компенсация тариқасида доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида кўп қаватли турар жой қуриш учун ажратилган.

1-, 3- ва 9-уйларда яшовчи фуқаролар ушбу ҳудудда болалар ва спорт майдончаси, қариялар дам олиши учун шийпон, автотураргоҳ қуриш шарти билан қурилиш олиб борилишига розилик билдиришган. Шу билан бирга, бу ҳақда маҳалла фуқаролар йиғинининг баённомаси ҳам расмийлаштирилган.

Маҳаллий аҳоли вакиллари “Max Building Project” МЧЖ бу ерда бино қурмоқчи эканидан умуман хабари йўқлиги, розилик имзоси ҳақиқий эмаслигини айтишмоқда.

“Тўртта “дом” олдида битта ҳам болалар майдончаси йўқ. Натижада болаларимиз қаерга чиқиб ўйнашни билмайди. Маҳалладан ҳамма жойда болалар майдончаси бор, нега бизда ҳали ҳам бундай майдонча қурилмагани ҳақида сўраганимизда масъуллар тез орада бўлади деб жавоб беришганди.

Орадан қанчадир вақт ўтгач, шаҳар ҳокимининг қарорини кўрсатишди. Собиқ маҳалла раиси болалар майдончаси, шийпон қурилиши учун аҳолидан имзо йиғишни бошлади. Аммо атрофдаги домларда яшовчилардан ҳеч кимнинг бу ерда кўп қаватли иморат қурилишидан хабари бўлмаган.

Имзолар эса қалбакилаштирилган. Бугун тадбиркорнинг қўлида турган баённомада кўплаб маҳалладошларимиз исм-фамилияси ёзилган жойда бошқа имзо тургани кўриб бу уларнинг имзоси эмаслигини айтишди. Бир неча кун олдин қурувчилар дабдурустдан келиб экскаваторларини ишлатиб кетишмоқда. Агар “участкавой”лар келиб, уларни тўхтатишмаганда “котлован”лар қўйиб қуришни бошлаб юборишарди”, дейди 39 уйда яшовчи Дилдора Ҳамроева.

Ботир Норқобилов 

“Шу йил феврал ойида “Яшил макон” дастури доирасида дарахт кўчатларини экдик. Тадбиркорнинг жойи бўлганда нега дарахт экманглар, бу майдонда бино қурилади, кейин менга таъна қилманглар деб огоҳлантирмади? Бир юз элликта манзарали кўчат экканмиз.

Ҳудудда ёш кўчатлардан ташқари ўндан зиёд кўп йиллик дарахтлар ҳам бор. Ўтган сафар экскаватори битта дарахтни синдириб кетди. Бизни кислород манбасидан маҳрум қилишмоқчи. Шаҳар экология бошқармасидан ҳам масъуллар келиб тадбиркорни қурилишни бошламаслик тўғрисида огоҳлантириб кетишган.

Кўчатларни ўзимиз пул йиғиб сотиб олиб, ҳашар йўли билан экканмиз. Булар 39 домнинг орқа тарафида қурган биноси на болалар майдончаси ва на машиналар стоянкаси бор. Биз бу ерда ўзимизга ўзимиз шароит яратмоқчимиз. Ҳокимиятдан ҳеч қандай ёрдам бўлмаяпти. Дом олдидаги йўлларни ҳам 22 млн сўм пул йиғиб ўзимиз таъмирладик”, дейди шу ерда яшовчи Ботир Норқобилов.

Эътиборлиси, 2018 йил 18 майдаги 370-сонли ҳукумат қарорига асосан Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси томонидан 2021 йил 19 июлдаги архитектура-режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилган ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича Архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши ишчи органининг 2022 йил 30 июндаги 47871-сонли хулосаси олинган.

Ушбу масала юзасидан жорий йил 5 ноябрь куни туман ишчи гуруҳи, тадбиркор ҳамда аҳоли билан учрашув бўлиб ўтган. Лекин масалага ечим топилмаган, томонлар бир тўхтамга келолмаган. Фуқаролар яна норозилик билдиришгани сабабли 7 ноябр куни ҳокимлик мутасаддилари аҳолининг хонадонларига бирма-бир кириб, овоз йиғиш таклифини берган.

Тадбиркор қўлида қонуний ҳамма ҳужжатлари борлигига қарамай Чилонзор туман ҳокимлиги мутасаддилари ҳудудда қурилиш бошлаш учун яна аҳолидан овоз йиғиш керак деган таклифни билдиришаётгани, шу пайтгача маҳалла аҳли билан уч ё тўрт марта учрашув бўлгани, лекин фуқаролар бу ерда қурилиш бошлашга тўла ҳақли эканини тушунишни истамаётганини таъкидламоқда.

Саъдулла Сайфуллаев, тадбиркор

“2020 йил декабр ойида ушбу ер участкаси тегишли рухсатнома билан бизга ажратиб берилган. 2021 йил эскиз лойиҳаларини чиздириб тайёрлаганмиз. Декабр ойида лойиҳани 1 ва 9-кўп қаватли уйларда яшовчиларга кўрсатиб розилигини олганмиз.

2022 йил феврал ойида яна бир келиб лойиҳаларимизни одамларга кўрсатиб йиғилиш баёни асосида аҳоли розилиги олинган. Шу пайтгача бу жойда ҳеч нарса экилмагани, қуруқ ерлиги ҳақида ҳужжатлар бор. Ўша ой охирида эса 39-уйда яшовчилар қурилиш бўлмайди деб бу ерга дарахтлар экишган. Ҳозир улар бу ерга меҳнатимиз синган, унгача қаровсиз чиқиндихона бўлиб ётарди деб норозилигини билдиряпти.

Ваҳоланки, ер кадастр қилингани, ҳамма нарса рўйхатдан ўтганидан уларнинг хабари бўлмаган. Биз кўпчиликдан розилигини олганмиз. Одамлар қурилиш муддати беш-олти йил давом этади деб ҳам норози бўлишмоқда. Биз рухсат берилган вақтда яъни эрталаб 8-00 дан кечки 19-00 гача ишлашимизга кафолат берганмиз. Кўп қаватли уйдан ташқари болалар майдончаси, катталар учун спорт майдонини ҳам қуришимиз кафолатини ёзиб берганмиз. Барча кафолат хатлари маҳаллага топширилган.

Қурадиган иморатимиз саккиз қаватдан иборат. Эскиз лойиҳалари тегишли тасдиқдан ўтган ва рухсат олинган. Аввал одамлар рози бўлиб, кейин бирдан фикри ўзгариб қолганини тушунолмаяпмиз. Масалага ойдинлик киритилгунча қурилишимиз ҳозир тўхтаб турибди. Туман ҳокимлиги мутасаддилари бу ерга келишиб, қонуний ҳужжатимиз бўла туриб, уйма-уй юриб овоз йиғамиз дейишмоқда”, дейди тадбиркор Садулла Сайфуллаев.

Маълум бўлишича, низоли ҳудуд тадбиркор томонидан ўзбошимчалик билан ўраб олингандан кейин аҳоли кескин норозилик билдириб чиққан ва бу ҳолат акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалган. Бу бўйича Чилонзор туман ҳокимлиги мутасаддиси муносабат билдирди.

“Ҳудудни ўраб олиш жараёни иккинчи ноябр куни бошланган. Ўша куннинг ўзида кечки пайт туман ҳокими шахсан ўзи келиб, вазиятни ўрганиб тунука тўсиқлар олиб ташланиб, ишлар тўхтатилган. 2020 йил Тошкент шаҳри ҳокимининг 1147-сонли қарори асосида ушбу ер участкаси компенсация тариқасида тадбиркорга ажратиб берилган. Ундан кейин бу ерда қурилиш меъёрларига асосан қурилиш қилиш учун рухсат берилган. Бу ишларнинг барчаси қонун асосида бошланган.

Позициямизга келадиган бўлсак, биринчи ўринда аҳолини фикрини инобатга олдик. Аҳоли бу ерда қурилиш ишларидан норози бўлгани учун ишлар тўхтатилди. Агар тадбиркор бу ёғига ўзбошимчалик билан иш қилса, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари у билан шуғулланишади.

Маҳалла раиси ва фуқаролар ўртасида учрашув ўтказилиб, тегишли тартибда баённома тузилган. Унга кўра, ўнинчи мавзедаги 1-, 3- ва 9- домларда яшовчилар ўз розилигини беришган. Аҳоли ҳужжатдаги имзолар ўзларига тегишли эмаслигини айтмоқда. Тадбиркор эса мана имзо қўйгансизлар, розилигингиз бор деяпти. Баённомада тадбиркор аҳоли томонидан берилган таклифга рози бўлган. Унда ободонлаштириш ва аҳолига қулайликлар яратиш ишлари кўрсатилиб ўтилган”, дейди Чилонзор тумани ҳокими маслаҳатчиси. 

Ботир Расулов, Чилонзор тумани ҳокими маслаҳатчиси

Мутасаддиларнинг маълум қилишича, ҳолат бўйича туман ҳокимлигида ишчи гуруҳ тузилиб, мазкур ҳудудда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. 8 ноябр куни маҳаллий аҳоли вакиллари, тадбиркор, ОАВ ва кенг жамоатчилик иштирокида учрашув бўлишига келишиб олинди. Ўша ерда овоз бериш натижалари ҳам эълон қилиниши, низоли ҳудуд масаласи ҳал бўлиши кутилмоқда.

Мавзуга оид