Тиббий маълумотномалар тўлиқ электрон шаклга ўтади
2023 йил давомида тиббий маълумотномаларни электрон шаклга ўтказиш ҳисобига, 2024 йил 1 январдан уларни қоғоз шаклда талаб қилишни тақиқлаш таклиф этилмоқда. Шу йил 1 июлдан эътиборан Тошкентда давлат тиббий суғуртасини жорий қилиш бошланади. Тўғри овқатланиш тарғиботини умуммиллий ҳаракатга айлантириш кўзда тутилган.
2023 йилги давлат дастурига оид фармон лойиҳасида тиббиёт соҳасига оид бир нечта режалар санаб ўтилган.
Унга кўра, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномалар берилиши босқичма-босқич электрон шаклга ўтказилади. Тахминий муддатлар қуйидагича:
- Навоий ва Сирдарё вилоятларида – 2023 йил 1 июлдан бошлаб;
- Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида – 2023 йил 1 октябрдан бошлаб;
- республиканинг бошқа ҳудудларида – 2024 йил 1 январдан бошлаб.
2024 йил 1 январдан бошлаб тиббий маълумотномаларни қоғоз шаклда талаб қилишни тақиқлаш кўзда тутилмоқда.
Лойиҳага кўра, 2023 йил 1 июлдан бошлаб Тошкент шаҳрида босқичма-босқич давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилади.
Сирдарё вилоятида тиббий суғуртани жорий этиш бўйича ўтказилган эксперимент натижаларини инобатга олган ҳолда, бу тизим босқичма-босқич республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этилади. Бунда, тиббий хизматларни молиялаштириш яхшиланиши ҳисобига аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ошиши айтилмоқда.
2023 йил якунига қадар ногиронлиги бўлган шахсларни амбулатор ва стационар шароитда бепул тиббий-ижтимоий реабилитация чоралари билан қамраб олиш кўлами 2 баробар оширилиб, 30 минг нафарга етказилиши назарда тутилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига 2023 йил учун қуйидаги вазифалар юклатилиши кўзда тутилмоқда:
- 30 та оилавий поликлиника, 110 та оилавий шифокор пункти ва 520 тагача ихчам маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш;
- 18-40 ёшли 12,6 миллион нафар аҳолини профилактик кўрикдан ўтказиш, 40 ёш ва ундан катта ёшдаги сурункали касаллиги бўлмаган 6,3 миллион нафар аҳолини юрак қон-томир касалликлари ва қандли диабет, 3 миллион нафар аҳолини онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича скрининг текширувлардан ўтказиш;
- спинал мушак атрофияси билан касалланган 112 нафар болани дори воситалари билан таъминлаш;
- эшитиш заифлиги мавжуд бўлган 250 дан ортиқ болаларда кохлеар имплантация операцияларини ўтказиш, шунингдек, бундай операциялар ўтказилган 132 нафар болаларда нутқ процессорларини алмаштириш.
Шунингдек, “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” умуммиллий ҳаракатини йўлга қўйиш таклиф этилмоқда. Ҳаракат қуйидагиларни ўз ичига олади:
- аҳолига смартфон ва мобил иловалар ёрдамида ўз соғлиғи ва овқатланишини назорат қилишни ўргатиш, тўғри овқатланиш бўйича мобил илова яратиш;
- болаларга мўлжалланган носоғлом озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар, болалар озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда энергетиклар, дори воситалари, биологик фаол моддалар рекламасига талабларни кучайтириш;
- таълим муассасаларида болалар ва ёшлар учун тавсия этилмайдиган маҳсулотлар, шу жумладан таркибида шакар, туз, трансёғлар миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, таъм ва ранг берувчи қўшимчалар рўйхатини тасдиқлаш ва истеъмолини камайтириш;
- маҳаллий маҳсулотлар турларидан келиб чиқиб, аҳолининг ҳар бир хавф гуруҳи ва касаллик турлари учун алоҳида-алоҳида соғлом овқатланишга қаратилган тавсияларни ишлаб чиқиш;
- ёши, тана тузилиши, турмуш тарзи ва касалликларга мойиллигидан келиб чиқиб, болалар, катталар ва кексалар учун қисқа тўғри овқатланиш, соғломлаштириш машқлари ва гигиена қоидалари тўпламини яратиш;
- иш жойларида ходимларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланиши ва соғлом овқатланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш.
Қайд этилишича, мамлакатда 10,7 млн аҳоли соғлом турмуш тарзини олиб бормайди. Аҳолининг 16,5 фоизи тамаки ва 4,7 фоизи алкоголь истеъмол қилиши, 16 фоизи мева ва сабзавотларни етарли миқдорда истеъмол қилмаслиги (кунига 400 граммдан кам), 36,6 фоизи таомга қўшимча туз қўшиши, 32,9 фоизида ортиқча вазн ва 23,5 фоизида семизлик мавжудлиги, 38 фоизида юқори артериал босим ва 8,4 фоизи қонида қанд миқдорининг юқорилиги, 26 фоизининг эса, жисмоний фаоллиги сустлиги аниқланган.
Мавзуга оид
22:57 / 04.09.2024
Тиббий суғурта доирасида тиббий хизмат кўрсатиш ва дори бериш давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади
18:56 / 04.07.2024
Вазир: “Йил охиригача электрон рецепт тизимини йўлга қўямиз”
12:24 / 22.05.2024
Саида Мирзиёева соғлиқни сақлаш соҳасида кутилаётган ўзгаришларни маълум қилди
11:45 / 31.01.2024