Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотига тайёргарлик доирасида, 4 июл куни соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасидаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Унда сўзга чиққан соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров Сирдарёда синовдан ўтказилган давлат тиббий суғурта тизими концепцияси муваффақиятсиз бўлганини айтди. “Сирдарёдаги давлат суғурта тизими концепциясини биз бошқа жойларга татбиқ эта олмаймиз”, деди у ва бунинг сабабларини изоҳлади.
“Суғурта тизимига ўтишимиз шарт, бу соғлиқни сақлаш тизимининг келажагини белгилаб беради. Тўғри, қийинчилик бўлади, хатолар бўлади. Бирорта давлат бунга силлиққина ўтмаган. Туркияда 12-15 йил вақт талаб қилинган суғурта тизимига ўтишга. Таймаут қилиш учун, ўзимни ҳимоя қилиш учун айтаётганим йўқ, бу ерда мутахассислар, молиячилар ўтирибди.
Президент топшириқ берган, суғурта тизимига босқичма-босқич ўтишимиз керак. Бу йил Тошкент шаҳрида ва йил охирида Қорақалпоғистон Республикасида янги тамойил бўйича [синовдан] ўтказамиз. Бу ерда нимага эътибор берамиз? Кафолатланган пакет белгиланиши шарт, қайси кўламда ва ихтисослашган бўғимда ёрдам кўрсатамиз? Иккинчиси, тартиб-қоидалар, энг кўп учрайдиган касалликлар, тарификация – ҳаммасини кўрамиз.
Сирдарё вилоятидаги қилган хатомиз шундан иборат бўлдики, талаб ўрганилмаган, молиявий ҳажм билан аҳоли талаб қиладиган ҳажмнинг номутаносиблиги юзага келгани учун молиявий томондан муаммо бўлган. Бундан ташқари, рақамлаштириш масаласида катта муаммо юзага келган. Рақамлаштиришсиз суғуртани ривожлантириб бўлмайди”, – деди вазир.
Тиббий суғурта тизими жорий йил Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида пилот тариқасида йўлга қўйилади, 2025 йилда яна 5 та ҳудуд, 2026 йилда эса тўлиқ республика бу тизимга ўтиши керак.
“Суғурта тизими хусусий сектор учун ҳам жуда қўл келади. Чунки суғурта фондига ажратилган пул беморнинг орқасидан юради, яъни у даволанган муассасага пул боради. Яхши хизмат қилган жойга пул боради, рақобат юзага келади. Бусиз ривожланишнинг имконияти йўқ”, – деди Худоёров.
ССВ раҳбарининг таъкидлашича, поликлиникалар ва рецептларни рақамлаштириш бўйича Рақамлаштириш вазирлигининг “O‘zinfocom” ташкилоти билан ишланяпти.
“Буни ҳам қийинчиликлар билан бўлса-да, инвентаризацияси бошланди. Тошкент шаҳрида пилот тариқасида бир нечта поликлиналарда қилдик. Йил охиригача электрон поликлиника, электрон стационар, электрон рецепт тизимларини тўлиқ йўлга қўймоқчимиз”, – деди у.















