Жаҳон | 13:20 / 03.03.2026
28979
20 дақиқада ўқилади

Сайёранинг энг муҳим қонтомири: Ҳўрмуз бўғозини назорат қилиш Эрон учун қанчалик аҳамиятга эга?

28 феврал куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий операцияси бошланганидан сўнг оммавий ахборот воситаларида Ҳўрмуз бўғози ёпилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу бўғоз ҳақида нималар маълум ва нега уни сайёранинг энг муҳим энергетик қонтомири деб аташади?

Ҳўрмуз бўғози нима?

Ҳўрмуз бўғози — Форс ва Ўмон кўрфазларини Араб денгизи билан боғловчи сув йўли. У Эрон ва Ўмонни ажратиб туради ҳамда асосан шу икки давлатнинг ҳудудий сувларига тегишли. У дунёдаги энг муҳим денгиз коммуникацияларидан бири ҳисобланади, чунки у орқали Форс кўрфази мамлакатлари (Ироқ, Саудия Арабистони, Кувайт, Баҳрайн, Қатар ва БАА) нефти танкерлар ёрдамида Осиё бозорларига ташилади. Бўғоз орқали жаҳон нефти, конденсати ва нефт маҳсулотларининг 15–20 фоизи, шунингдек, суюлтирилган табиий газнинг 30 фоиздан кўпроғи ўтади. Bloomberg баҳолашича, 2025 йилда бўғоз орқали ҳар куни 16,7 миллион баррелга яқин хом нефт ва конденсат ташилган. Эроннинг Форс кўрфази давлатлари (биринчи навбатда Саудия Арабистони ва БАА) ҳамда Исроил ва АҚШ билан муносабатлардаги кескинлиги ушбу ҳудуддаги кемалар қатнови хавфсизлигига оид хавотирларни кучайтиради. Бўғознинг ёпилиши ёки қамал қилиниши углеводород хом ашёси нархларининг кескин ошишига сабаб бўлиши мумкин.

Ҳўрмуз бўғози Ўмон кўрфазини (ўнгда) Форс кўрфази (чапда) билан боғлайди. Шунингдек, ушбу сув йўли Яқин Шарқ давлати Эронни (юқорида) Арабистон яриморолидаги Ўмон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатар давлатларидан (пастда ўнгдан чапга) ажратиб туради.
(Фото: Jacques Descloitres / MODIS Land Rapid Response Team / NASA / GSFC).
Ҳўрмуз бўғози
NASA

Ҳўрмуз бўғозининг географияси

Ҳўрмуз бўғози Ҳинд океанининг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, у Эроннинг жануби-шарқий соҳилини Ўмоннинг шимолий соҳилидан ажратиб туради. Бўғознинг узунлиги — 180–195 км, чуқурлиги — 70–100 м, эни — 55–95 км. Энг тор жойи шимоли-шарқда (Эроннинг Ларак ороли билан Ўмоннинг Ас-Салама архипелаги орасида) бўлиб, эни атиги 33–39 кмни ташкил этади. Шу билан бирга, кема қатнови учун мўлжалланган йўлаклар ҳар икки йўналишда ҳам бор-йўғи икки денгиз миляси кенгликда бўлиб, улар ўртасида худди шундай кенгликдаги буфер (ажратувчи) ҳудуд мавжуд.

Бўғозда кўплаб майда, кимсасиз ороллар ва аҳоли яшайдиган саккизта йирик орол жойлашган. Улар орасида энг муҳимлари — Ҳўрмуз ороли (бўғоз номи ҳам шу оролдан олинган), шунингдек Кешм (бўғоздаги энг катта орол), Ларак, Ҳенгам, Катта Томб ва Абу-Муса ороллари (барчаси Эрон таркибида). Ларак оролидан жанубда Ўмонга қарашли Сумандам яримороли жойлашган бўлиб, унга Ас-Салама архипелаги ороллари туташиб кетган. Бўғознинг шимолида Эроннинг йирик денгиз порти — Бандар-Аббос жойлашган. Шунингдек, соҳил бўйлаб Фужайра порти, Жабал-Али ва Хор-Факкан шаҳарлари жойлашган бўлиб, улар Дубайга юк ташишда муҳим транзит тугунлари ҳисобланади.

Дастлаб бўғознинг шимолий соҳилида, ҳозирги Бандар-Аббос шаҳридан 100 км шарқда жойлашган Миноб воҳаси яқинидаги қадимий порт шаҳри Ҳўрмуз деб аталган. 650–651 йиллардан бошлаб у араблар назоратида бўлган, тахминан 1110 йилдан эса ўмонлик мусулмон сулоласи томонидан бошқарилган. XIII аср бошига келиб порт муҳим транзит савдо марказига айланган — у орқали Ҳиндистон ва Хитой билан савдо амалга оширилган. Шаҳарга машҳур сайёҳ Марко Поло икки марта келган (1272 ва 1293 йилларда). XIII аср охирида Чиғатой улусидан бўлган мўғуллар ҳужумлари сабабли шаҳар ва порт Жарун оролига кўчирилган ва у ерда Янги Ҳўрмуз шаҳри барпо этилган. XIV асрда бу ерга араб сайёҳи ва савдогари Ибн Баттута бир неча бор келган, тахминан 1472 йилда эса рус савдогари ва сайёҳи Афанасий Никитин ҳам бу ерда бўлган. Вақт ўтиши билан янги порт ҳам, орол ҳам Ҳўрмуз номи билан атала бошлаган. 1507–1508 йилларда ва 1515 йилдан бошлаб орол португаллар назорати остида бўлган. 1622 йилда эса форс шоҳи Аббос I томонидан қайтариб олинган ва Сафавийлар давлати таркибига қўшилган (1798–1854 йилларда орол Маскат ҳукмдорларига ижарага берилган).

Ҳўрмуз ороли
Lauren Dauphin / NASA Earth Observatory

Ҳўрмуз бўғози ва Эрон: кимга тегишли ва ким назорат қилади

Аксарият давлатлар Ҳўрмуз бўғозини хавфсизлик халқаро денгиз ҳуқуқи, жумладан 1982 йилда қабул қилинган ва 1994 йилда кучга кирган БМТнинг Денгиз ҳуқуқи бўйича конвенциясининг 37-моддаси билан кафолатланган халқаро кема қатнови ҳудуди деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, ушбу Конвенцияни на Эрон, на АҚШ ратификация қилган ва ҳар икки томоннинг ушбу ҳудудда кема қатновини тартибга солишнинг ҳуқуқий режими бўйича позицияси турлича.

Эрон XX аср давомида ҳудудий сувлар зонасини бир неча бор кенгайтирган, жумладан Ҳўрмуз бўғозида ҳам. 1934 йилда у бу зонани 3 денгиз милясидан 6 милягача, 1959 йилда эса 6 милядан 12 денгиз милясигача кенгайтирган. 1972 йилда Ўмон ҳам шунга ўхшаш чорани амалга оширган. Эроннинг 1993 йилда қабул қилинган Форс кўрфази ва Ўмон денгизидаги денгиз ҳудудлари тўғрисидаги қонунига кўра, Ҳўрмуз бўғози 12 денгиз миляси (22,2 км) доирасида Эроннинг ҳудудий сувлари таркибига киради. Шу сабабли у ерда фақат «тинч ўтиш» (инглизча innocent passage) ҳуқуқи амал қилади. Назарий жиҳатдан бу Теҳронга фавқулодда вазият ёки ҳарбий таҳдид юзага келганда денгиз йўлини ёпиш ҳамда хорижий ҳарбий кемалар ўтиши учун келишув талаб қилиш ҳуқуқини беради. Эрон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларда айниқса кескинликка сабаб бўлаётган масалалардан бири бўғозда Америка ҳарбий кемаларининг патруллик қилишидир (1980-йиллардан буён Баҳрайнда АҚШ Бешинчи флоти кучлари жойлашган). Эрон буни ўз миллий хавфсизлигига таҳдид деб билади. Ўмон ҳам Теҳрон каби бўғознинг 12 денгиз миляси доирасидаги қисмини ўз ҳудудий сувлари деб ҳисоблайди.

1970-йиллар бошидан, минтақадан Британия қўшинлари чиқиб кетганидан сўнг, шоҳлик Эрони Ҳўрмуз бўғози устидан назоратни кучайтиришга урина бошлади. Хусусан, қатор оролларни ўз назоратига олди ва уларда ҳарбий кучларни жойлаштирди, 1973–1976 йилларда эса АҚШнинг маъқуллови билан Ўмонда юз берган монархга қарши қўзғолонни бостириш ва Ҳўрмуз бўғозида Эрон манфаатларини ҳимоя қилиш учун бу мамлакатга экспедиция корпусини йўллади. 1975 йилга келиб Эроннинг бўғоз устидан амалий назорат ўрнатиши Саудия Арабистонини нефт экспорти учун Қизил денгиз ва Ҳинд океани орқали муқобил йўлларни излашга ундади. Мамлакатда Ислом инқилоби ғалаба қозонгач (1979 йил), Эрон–Ироқ уруши бошланиши (1980-1988 йиллар) ва минтақада Америка ҳарбий-денгиз кучлари пайдо бўлиши ортидан бўғоз атрофидаги вазият кескинлашди. Жумладан, Эрон Ироқ билан уруш аввалида Францияга Париж Бағдодга қурол етказиб берган тақдирда бўғозни ёпиш билан таҳдид қилди.

БАА билан низо

1970-йиллардан бошлаб кема йўллари яқинида жойлашган Абу-Муса, Катта ва Кичик Томб оролларининг тегишлилиги атрофидаги можаро боис Хўрмуз бўғози Эрон ва БАА орасидаги кескинлик ҳудудига айланди. Теҳрон бу ороллар 1887–1888 йилларда ва 1908 йилгача (ўшанда улар Буюк Британия томонидан босиб олинган ва Лондон назорати остидаги Шаржа амирлигига берилган) Эроннинг бир қисми бўлганини даъво қилди. 1971 йил ноябрида, минтақадан Британия қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан сўнг Теҳрон ва Шаржа ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Унда Эрон ҳарбий базасини экстерриториал ҳуқуқ билан жойлаштириш эвазига Шаржа амирлигига Абу-Муса ороли устидан суверенитет бериш кўзда тутилганди. Аммо ўша ойнинг ўзида, амирлик устидан Британия назоратининг охирги кунида Теҳрон оролга қўшин жўнатди ва уни ҳамда Катта ва Кичик Томб оролларини аннексия қилди (ҳозирда ҳар учала орол Эроннинг Ҳўрмузган вилояти таркибига киради). Абу-Муса ороли устидан назорат Эронга нефт экспорти инфратузилмаси ҳамда ҳарбий база жойлашган Бандар-Аббос портини қўшимча муҳофаза қилиш имконини беради.

Абу-Муса ороли
Icana News Agency / Keystone Press Agency / Global Look Press

АҚШ билан низо

1984 йилдан бошлаб, Эрон ва Ироқ ўртасидаги танкерлар уруши деб аталган давр давомида ҳар икки томон Ҳўрмуз бўғози орқали ўтаётган танкерлар ва бошқа кемаларга ҳамда соҳилбўйи нефт транспорти инфратузилмасига ҳужум қилди. Натижада 239 та нефт ташувчи кемага зарар етди, лекин бўғознинг ўзи кемалар қатнови учун очиқ турди. 1987–1988 йилларда бўғоз сувлари Америка ва Эрон кучлари ўртасидаги зиддият майдонига айланди: Эроннинг бўғозни миналаши ва Америка фрегатига шикаст етказишига жавобан АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари Earnest Will («Қатъий ният») ва Praying Mantis («Бешиктебратар») операцияларини ўтказди ва Эрон флоти ҳамда соҳилдаги ҳарбий ва саноат инфратузилмасига жиддий зарар етказди.

2000-йилларнинг иккинчи ярмида уранни бойитиш гумони сабабли Теҳронга нисбатан халқаро санкциялар жорий этилиши Хўрмуз бўғозидаги кескинликнинг янги босқичига сабаб бўлди. Хусусан, 2008 йил январда бўғоз халқаро сувларида Эроннинг бешта ҳарбий катери Американинг учта кемасига хавфли даражада яқинлашганидан сўнг АҚШ Эронни провокацияда айблади. 2012 йил январда Эрон Хўрмуз бўғозида йирик ҳарбий машқлар ўтказди ва АҚШ ҳамда ЕИ санкцияларига қасос сифатида кема қатновларини ушлаб қолиш билан таҳдид қилди. Барак Обама маъмурияти ушбу сув йўли ёпилишини «қизил чизиқ» деб атади, аммо Теҳроннинг юқори мартабали шахслари Эрон нефтини экспорт қилишга тўсқинлик қилинган тақдирда бўғоз ёпилиши эҳтимоли ҳақида бир неча бор ишора қилишди.

2015 йил баҳорида Эрон патрул катерлари контейнер ташувчи кемани тўхтатди ва Сингапур байроғи остида сузаётган Alpine Eternity танкерига қарата ўт очди. Пентагон йил давомида АҚШ ва Эрон ҳарбий кемалари иштирокидаги 23 та «хавфли ҳолат»ни қайд этди, кейинги йилда эса улар сони 35 тага етди. Энг жиддий воқеа 2016 йил январда юз берди: Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси денгиз кучлари Форси ороли яқинида Американинг икки катерини ўн нафар денгизчиси билан қўлга олди. АҚШ маълумотларига кўра, кейинчалик бундай воқеалар сони камайиб, 2017 йилда 14 тага тушди. Бироқ 2018 йил май ойида АҚШнинг ядровий келишувдан чиқиши ва Эронга қарши санкциялар тикланишидан сўнг икки давлатнинг Ҳўрмуз бўғозидаги муносабатлари яна кескинлашди. Ўша пайтдаги Эрон президенти Ҳасан Руҳоний бўғозни блоклаш эҳтимоли ҳақида ишора қилди.

2019 йил май ойида Фужайра яқинида тўртта, жумладан, иккита Саудия нефт танкери ҳужумга учради. Июнда Эрон кучлари Теҳрон баёнотига кўра, Ҳўрмуз бўғози устида Эрон ҳаво маконига кирган Американинг RQ-4 Global Hawk дронини уриб туширди. Бир ойдан сўнг, 18 июлда Гибралтарда Эрон танкерининг тўхтатилишига жавобан Бандар-Аббос портида Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси патрули Британиянинг Stena Impero танкерини ушлади. Ўша вақтда АҚШнинг USS Boxer десант кемаси бўғоз устида Эрон дронини уриб туширди. Эртаси куни АҚШ Марказий қўмондонлиги Sentinel («Қўриқчи») операцияси бошланганини эълон қилди. «Денгизда барқарорликни таъминлаш, хавфсиз ўтишни кафолатлаш ва Форс кўрфази, Ҳўрмуз ва Боб-ил-Мандоб бўғозлари ҳамда Ўмон кўрфази халқаро сувларида кескинликни камайтириш» операция мақсадлари сифатида кўрсатилди.

2020 йил февралдан бошлаб, АҚШнинг Европа ва Яқин Шарқдаги иттифоқчилари Ҳўрмуз бўғозига қўшимча кучлар жўнатди, шунингдек, у ерда Франция шафеълигида Европа денгиз кузатув миссияси (EMASoH) бошланди. 2021 йил январда Эрон Ҳўрмуз бўғозида Жанубий Корея байроғи остидаги танкерни ушлади, 2023 йил май ойида эса яна иккита нефт танкери ушланди. 2024 йил апрелда Исроил Эроннинг Дамашкдаги элчихонасига зарба берганидан сўнг Португалия байроғи остида сузаётган, Исроил тадбиркори Эял Офер билан боғлиқ MSC Aries контейнер ташувчи кемаси ушланди.

Xinhua / Global Look Press

2025 йил июнда Исроилнинг Эронга қарши «Исёнкор шер» операцияси бошлангач, Эрон парламентининг миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат қўмитаси раҳбари Исмоил Косари Ҳўрмуз бўғозини ёпиш эҳтимоли ҳақида баёнот берди.

2026 йил феврал ойи ўрталарида АҚШнинг минтақадаги ҳарбий-денгиз кучларини кучайтириши ва Доналд Трамп таҳдидлари фонида Эрон ҳарбий-денгиз кучлари Ҳўрмуз бўғозида «Ҳўрмуз бўғози устидан ақлли назорат» деб номланган ҳарбий-денгиз машғулотларини ўтказди. Машғулотлар доирасида "кемалар қатнови хавфсизлигини таъминлаш чоралари" муносабати билан Ҳўрмуз бўғозининг бир қисми бир неча соатга ёпилди. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони адмирал Алиризо Тангсири агар мамлакат олий раҳбарияти буйруқ берса, Ҳўрмуз бўғозини ёпишга тайёр эканликларини билдирди.

2026 йилнинг 28 феврал куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумидан сўнг Reuters бўғоз Эрон томонидан ёпилгани ҳақида хабар берди. Теҳрон бундай топшириқ берилганини расман тасдиқламади. Bloomberg бўғоз очиқ бўлса-да, танкерлар ушбу бўғозни кесиб ўтмаётганини ёзди. Хусусан, Япониянинг Nippon Yusen KK кемасозлик компанияси ўз кемаларига Ҳўрмуз бўғозидан ўтмасликка кўрсатма берган, Греция ҳам ўз савдо флотини огоҳлантирган. Fars агентлигининг ёзишича, «танкерлар ҳаракатини мониторинг қилувчи халқаро тизим Ҳўрмуз бўғози ҳудудидаги танкерлар тезлиги нолга тушганини кўрсатмоқда».

Ҳўрмуз бўғозининг жаҳон иқтисодиётидаги аҳамияти

Бугунги кунда, турли баҳоларга кўра, жаҳон нефти, конденсат ва нефт маҳсулотларининг 15–20 фоизи (кунига 17–21 миллион баррелга яқин) ҳамда суюлтирилган табиий газнинг 30 фоиздан ортиғи (асосан Қатар ва БААдан) Ҳўрмуз бўғози орқали ўтади. 2024 йилда бўғоз орқали ташилган хом нефт ва конденсатнинг 84 фоизи, суюлтирилган газнинг эса 82 фоизи Осиё мамлакатларига, қолган қисми Европага тўғри келган. Жумладан, Хитойга импорт қилинадиган суюлтирилган газнинг 24 фоизи Ҳўрмуз орқали етказилган. Саудия Арабистонининг нефт экспорти Ҳўрмуз бўғозига боғлиқ (2024 йилда хом нефт ва конденсат ҳажмининг 38 фоизи у орқали ташилган). Энг йирик харидорлар эса Хитой, Ҳиндистон, Япония ва Жанубий Корея бўлиб, 2024 йилда Ҳўрмуз бўғози орқали ташилган нефтнинг 69 фоизи улар томонидан сотиб олинган.

У дунёдаги энг тиғиз йўналишлардан ҳисобланади — бўғоз орқали кунига 200–300 та кема ўтади, тиғиз соатларда ҳар олти дақиқада битта кема ўтиши мумкин. Умумий ҳисобда ушбу денгиз йўли жаҳон денгиз нефт савдосининг 40 фоизини таъминлайди. Шу боис АҚШ энергетика вазирлиги уни дунёдаги энг муҳим нефт ташиш йўналиши деб атайди.

Муқобил йўналишлар

Минтақадаги аксарият мамлакатлар (биринчи навбатда Ироқ, Қатар ва Кувайт) Ҳўрмуз бўғозидан Осиё-Тинч океани минтақасига нефт етказишнинг ягона йўли сифатида фойдаланишга мажбур. Ҳозирда фақат Саудия Арабистони, БАА ва Эронгина нефт маҳсулотларини соҳилдаги экспорт терминалларига Ҳўрмуз бўғозини четлаб ўтган ҳолда етказа оладиган қувур йўлларига эга. Булар:

  • Саудиянинг Шарқ–Ғарб нефт қувури (Petroline): суткалик қуввати 5,1 млн баррел. (Шарқий вилоятдаги Абкайк нефт конини Қизил денгиз соҳилидаги Янбу терминали билан боғлайди, узунлиги 1200 км атрофида).
  • Саудиянинг Абкайк–Янбу газ қувури: суткалик қуввати 290 минг баррел.
  • БААнинг Абу-Даби–Фужайра нефт қувури: суткалик қуввати 1,5 млн баррел, Хабшан конидан Фужайра терминалига нефт етказилади.

Шунингдек, қуввати суткасига 1,65 млн баррел бўлган IPSA Саудия–Ироқ нефт қувури (Iraqi Pipeline in Saudi Arabia) ҳам бўлган. У Ироқ нефтини Басра ҳудудидан Янбу шимолидаги Ал-Муажиз терминалига етказиб берган, бироқ 1990 йилда Ироқнинг Кувайтга ҳужумидан сўнг ишдан чиқарилган ва ўшандан буён ишламайди. Ироқ нефтини экспорт қилишнинг яна бир йўналиши — узунлиги 970 км бўлган Киркук—Жейҳан Ироқ–Туркия нефт қувури ҳисобланади. У орқали нефт Ироқ шимолидаги Киркукдан Ўрта Ер денгизи бўйидаги Жейҳан терминалига етказилади. У томонлар ўртасидаги келишмовчиликлар сабабли 2023 йил мартида ёпилган. Ниҳоят, 2008 йил сентябрида БААда Ҳўрмуз бўғозини четлаб ўтадиган, қиймати 200 млрд АҚШ доллари бўлган канал қуриш лойиҳаси илгари сурилган, бироқ ушбу режа амалга оширилмаган.

Эронда Ҳўрмуз бўғозига қарамликни камайтириш мақсадида 2021 йил июлида уни четлаб ўтувчи, суткасига 300 минг баррел қувватга эга Гуре—Жаск нефт қувури ва Ўмон кўрфази соҳилида жойлашган Жаск шаҳрида терминал қурилди. Бироқ унинг имкониятлари чекланган бўлиб, деярли бутун Эрон нефт экспорти ҳали ҳам Харк оролидаги нефт терминали (бўғознинг шимолида жойлашган) орқали амалга оширилмоқда.

Ҳўрмуз бўғози
NASA

Ҳўрмуз бўғози ёпилса нима бўлади?

Эронлик экспертларнинг 2025 йилдаги баҳолашларига кўра, Ҳўрмуз бўғозининг ёпилиши нефт таъминотининг кескин қисқаришига олиб келади ва нефтнинг бир баррели 250 АҚШ долларигача кўтарилиши мумкин. Ироқ ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, бўғознинг ёпилиши Форс кўрфази ва Ироқдан кунига тахминан 5 млн баррел нефт йўқотилишига ҳамда нархларнинг бир баррел учун 200–300 долларгача кўтарилишига сабаб бўлиши мумкин. Исроилнинг Эронга ҳужумидан сўнг Brent русумидаги нефт нархи 13 фоизга кўтарилиб, бир баррели 78,5 долларга етди. JPMorgan мутахассислари эса Яқин Шарқда кенг кўламли можаро юз бериб, Ҳўрмуз бўғози қамал қилинган тақдирда нефт нархи бир баррел учун 130 долларга ёки ундан ҳам баландроққа кўтарилиши мумкинлигидан огоҳлантиришган.

Нефт нархининг кескин ошиши ҳақидаги хавотирлар 2026 йил февралида АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумларидан сўнг янада кучайди. Жумладан, РБК экспертлари фикрича, Ҳўрмуз бўғози ёпилган тақдирда нефт котировкалари 100 долларлик чегарадан ошиб, ҳатто бир баррел учун 150 долларга етиши мумкин.

Эрон халқаро сиёсатда Ҳўрмуз бўғозидан қандай фойдаланиши мумкин?

Ҳўрмуз бўғозининг шимолий қисми устидан назоратга эга бўлгани туфайли Эрон бир неча бор, хусусан, 2012 ва 2018 йилларда уни ёпиш билан таҳдид қилган. Бу Эронга нисбатан халқаро санкциялар киритган АҚШ ва ЕИ мамлакатларига босим ўтказиш воситаси сифатида кўрилган. Бўғоз ҳудуди асосан Эрон куч тузилмаларининг энг жанговар ва яхши қуролланган қисми ҳисобланувчи Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг ҳарбий-денгиз кучлари жавобгарлиги доирасига киради. Улар тезюрар ракета катерлари ва кемага қарши ракеталар билан жиҳозланган бошқа кемаларга эга ҳамда уларнинг ихтиёрида бўғозни тўлиқ ёпа олмаса ҳам кемалар қатновини жиддий равишда издан чиқаришга қодир денгиз миналари захираси мавжуд.

Шу билан бирга, Ҳўрмуз бўғози Эрон нефтини халқаро бозорларга, биринчи навбатда Хитойга экспорт қилишда энг муҳим йўналиш сифатида хизмат қилади ва мамлакат иқтисодиётида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Bloomberg ҳисоб-китобларига кўра, Эрон 2025 йилда бўғоз орқали 2018 йилдан буён рекорд ҳажмда нефт ташиган.

Бундан ташқари, Ғарб мамлакатлари ва Исроил Эронни Ямандаги ҳусийчиларни Ҳўрмуз бўғози орқали қурол билан таъминлашда айблаб келади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид