Ўзбекистон | 15:05 / 12.12.2020
18326
6 дақиқада ўқилади

Маъмурий жарималарга 30 фоизлик чегирмани қўллашда муаммолар бор. Ечими-чи?

Маълумки, МЖтКнинг 332-1-моддасига кўра, ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жарима миқдорининг 70 фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, у жариманинг қолган қисми (30 фоизи)ни тўлашдан озод қилинади.

Мазкур қоида амалда қандай ишламоқда?

Маъмурий жарима учун 30 фоизлик чегирма электрон тўлов тизимлари (Payme, Click ва бошқа иловалар) орқали тўлов амалга оширилганида чегирмали 15 кунлик муддат барча ҳолатларда жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланмоқда. Яъни, ҳайдовчилар жарима тўлашдаги 30 фоизлик чегирмадан жарима солиш тўғрисидаги қарор расмийлаштирилган санадан бошлаб 15 кун муддат ичида фойдалана олишяпти холос.

Аслида қандай бўлиши керак? Муаммо нимада?

Йўл ҳаракати қоидалари бузилиши махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали ҳам қайд этилишини ҳисобга олсак, ушбу ҳолатларда жаримани тўлашда ҳайдовчиларда яхшигина муаммолар келиб чиқаётганини айтиш мумкин.

МЖтК 309-1-моддасининг учинчи қисмига кўра, жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг кўчирма нусхаси махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари қўлланилган ҳолда олинган материаллар илова қилиниб, электрон ҳужжатни қоғоздаги ҳужжатга айлантириш йўли билан тайёрланади ҳамда мазкур қарор чиқарилган кундан эътиборан 3 кун ичида буюртма почта жўнатмаси тарзида ҳуқуқбузарга юборилади.

МЖтК 332-1-моддасига кўра, жарима тўлашдаги чегирма ҳуқуқбузарга жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан эмас, балки ўша қарор ҳуқуқбузарга топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида қўлланиши лозим.

Муаммо шундаки, амалиётда махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун белгиланган жаримани тўлашдаги чегирмали муддат жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланмоқда.

Ушбу ҳолатда жарима тўлашдаги чегирмали муддат кодексда белгиланганидек 15 кун эмас, аксинча ундан анча камайиб кетмоқда. Аслида бу муддат ҳуқуқбузар қарорни почтадан қўлига олгандан сўнг ўта бошлаши шарт. Чунки, одатда, почта энг тез етиб келганда 3 кун вақт ўтади. Баъзи ҳолларда бу муддат бир неча кунни ташкил этиши, ҳатто айрим сабаблар билан қарор ҳуқуқбузарга етиб бормаслиги ҳам мумкин. Одатда ҳуқуқбузарлик махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари қўлланилган ҳолда аниқланганда ҳуқуқбузарнинг ўзи бундан хабардор бўлмайди (бўла олмайди).

Бунга таҳририятга йўлланаётган ўнлаб мурожаатлар ҳамда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг билдираётган эътирозлари, баҳс-мунозаралари орқали ҳам гувоҳ бўлиш мумкин.

Бу ерда энг муаммоли масала – қарор нусхаси ҳуқуқбузарга топширилган санани қайд этиш механизмининг йўқлиги бўлиб қолмоқда. Бусиз ҳуқуқбузарнинг қонундаги 15 кунлик ҳуқуқини таъминлаш иложсиз эканига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Ушбу муаммоли вазият юзасидан изоҳ олиш мақсадида Тошкент шаҳри ИИББ ЙҲХБ Маъмурий амалиёт бўлими билан боғландик. Маъмурий амалиёт бўлими бошлиғи Баҳодир Зиётов юқоридаги каби муаммолар амалиётда ростдан ҳам мавжудлигини, ҳатто инсон омили туфайли баъзи ҳолатларда жарима солиш тўғрисидаги қарор нусхаси ҳуқуқбузарга умуман етиб бормаслик ҳолатлари ҳам учраб турганини тан олди.

Б.Зиётов қарор нусхаси ҳуқуқбузарга топширилган санани қайд этиш механизмининг йўқлиги ҳақида гапираркан, бундай механизмни йўлга қўйиш қийин масала эканлиги, бунинг учун, аввало, бўлим ходимлари сонини ошириш лозимлигини, қолаверса, почтачи ҳар бир ҳуқуқбузарга қарор нусхасини қачон топширганини қайд этиши ва буни базага киритиб, худди шундай ҳуқуқбузарлик ҳайдовчи томонидан сўнгги бир йил ичида биринчи марта бўлаётганлигини аниқлаш каби жараённи чўзиб юборувчи бир қатор ишлар амалга оширилиши кераклигини таъкидлади.

Маъмурий амалиёт бўлими бошлиғи ушбу муаммоли вазиятларнинг олдини олиш учун чегирмали муддатни ҳуқуқбузарга қарор нусхаси топширилган кундан эмас, балки қарор чиқарилган кундан бошлаб ҳисоблаш мақсадга мувофиқ бўлишини ҳамда бунда қарор нусхаси етказилишига кетадиган тахминий муддат ҳуқуқбузар ҳисобидан кетмаслигини таъминлаш учун чегирма қўлланиладиган муддатни кўпроқ қилиб белгилаш оқилона ечим бўлишини айтди.

Кўриниб турибдики, МЖтКнинг 332-1-моддасини амалиётга тўғри татбиқ этишда муаммолар мавжуд. Ушбу муаммони ҳал қилишнинг эса иккита усулини таклиф қилиш мумкин.

Биринчиси, юқоридаги моддага ўзгартириш киритиш устида бош қотириб кўриш лозим. Бунда 30 фоизлик чегирмали муддат ҳуқуқбузарга жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб 30 кун этиб белгиланса нисбатан тўғри ечим бўлади, деб ўйлаймиз. Аммо бунда ҳам қарор нусхаси ҳуқуқбузарга қисқа фурсатларда етиб боришини қатъий таъминлаш чораларини кўриш лозим бўлади.

Иккинчи ечим сифатида, бутун дунёда ривожланган почта жўнатмасини онлайн кузатиш тизимини ишга тушириш ва уни ЙҲХБнинг тегишли базаси билан интеграциялашни таклиф қилиш мумкин.

Яна бир масала – ҳуқуқбузарга қарор нусхаси унга боғлиқ бўлмаган ҳолда умуман топширилмаган тақдирда эса чегирмали муддатни унга қарор нусхаси амалда топширилган санадан бошлаб тиклаш масаласини ҳам кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ана шунда қонунларнинг амалда етарли даражада ишламайдиган нормалари сони биттага қисқарган бўларди.

Қонун ижодкорларидан мазкур муаммонинг ечимига доир ижобий ташаббуслар кутиб қоламиз.

Аббос Салайдинов
ҳуқуқшунос

Мавзуга оид