Жаҳон | 11:11 / 27.06.2022
22128
4 дақиқада ўқилади

НАТО саммити совуқ уруш давридан кейинги энг катта ҳарбий жойлаштириш ҳақида қарор қабул қилади — ОАВ

El País газетасининг ёзишича, Мадридда 28-30 июнь кунлари нафақат «мудофаа ва тийиб туриш» доктринасига тузатишлар киритилиши, балки Россиянинг НАТО стратегик концепциясидаги роли ҳам ўзгартирилиши мумкин.

Фото: Picture Alliance

28-30 июнь кунлари Мадридда бўлиб ўтадиган НАТО саммити чоғида совуқ уруш давридан кейинги кучларни энг йирик ҳарбий жойлаштириш бўйича қарор қабул қилиниши мумкин, деб ёзади Испаниянинг El País газетаси 26 июнь, якшанба куни. 

Нашр маълумотларига кўра, Шимолий Атлантика альянсига аъзо 30 давлат Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши фонида максимал даражада ҳарбий шай ҳолатда йиғилади ва можаро кучайиши мумкин бўлган тақдирда саммитдан кучларни қайта ташкил этиш учун фойдаланади. Бунда, келажак стратегиясини кўриб чиқиш ва мудофаага миллий инвестициялар ва альянсни биргаликда молиялаштиришни кучайтириш ҳам назарда тутилади. 

Брюсселдаги штаб-квартирада таъкидланишича, 25 июнь куни ҳарбий тузилмани қайта қуриш кўлами бўйича дастлабки музокаралар давом этди, шарқий қанотдаги НАТО иттифоқчилари ўз ҳудудларида ҳарбий мавжудликни кескин оширишни талаб қилган.

El País манбаларининг таъкидлашича, «мудофаа ва тийиб туриш» («Defense and deterrence posture») доктринасига евроатлантика ҳудудида мумкин бўлган хавфсизлик таҳдидларига жавоб бериш учун қурол ва қўшинларни жалб қилиш бўйича тузатишлар киритилиши кутилмоқда. 

Нашр суҳбатдошларининг таъкидлашича, «айрим давлатлар альянс шарқидаги ҳозирги мавжудликдан жанговар гуруҳлар форматида бригадалар тузишга ўтмоқчи». 

Агар ҳозирги моделга кўра, ҳар бир гуруҳда тахминан 1000 - 1600 аскар ҳақида гап кетаётган бўлса, келажакда бу кўрсаткич икки баравар ошиши мумкин. Янги бўлинмалар, шунингдек, ҳаракатларнинг кўпроқ тезкорлиги ва илғор қуролларни етказиб беришни англатади. 

Шу билан бирга, альянсдаги географик жиҳатдан Россияга энг яқин бўлган бир қатор иттифоқчилар ўзларининг иштирокини 15 минг аскаргача бўлган бўлинмалар даражасига оширишни хоҳлаяпти. 

Брюсселдаги Friends of Europe маркази таҳлилчиси ва НАТО бош котиби ёрдамчисининг собиқ ўринбосари Жейми Шининг сўзларига кўра, саммитдаги асосий мунозаралар ҳарбий бригадалар ўз ҳудудларида доимий равишда жойлаштирилишини истайдиган Шарқий Европа иттифоқчилари ва инқироз ёки можаро юзага келган тақдирда кучлар алмашинуви ҳамда уларни кучайтириш бўйича жорий стратегияни афзал кўрган АҚШ ёки Германия каби бошқа давлатлар ўртасида бўлади. 

Шу билан бирга, саммитда НАТОнинг Стратегик концепцияси янгиланиши кутилмоқда. Янги ҳужжат норасмий ном олиб бўлди - «Мадрид концепцияси». 

Амалдаги стратегияда «Россия хавф туғдирмайди», НАТОнинг Москва билан ҳамкорлиги эса «стратегик аҳамиятга эга» деб ҳисобланиши кўрсатилган. Янгиланган версияда эса Россия тўғридан тўғри ва бевосита таҳдид сифатида таснифланади, дейди газета манбалари. 

Ўзгаришлар иттифоқчиларнинг Владимир Путин бошчилигидаги Россия уларга ҳужум қилиши мумкинлиги бўйича ташвиши билан боғлиқ. Бундай зарба, Брюсселда таъкидланганидек, ядровий кучлар ўртасида глобал қуролли эскалацияни келтириб чиқариши мумкин.

Аввалроқ, 18 июнь куни НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Bild am Sonntag нашрига берган интервьюсида Россиянинг Украина билан уруши «йилларга чўзилиши мумкинлиги» ҳақида огоҳлантирган эди. Унинг қўшимча қилишича, агар илгари альянсда Россия «шерик» сифатида қабул қилинган бўлса, энди у «хавфсизлигимиз, тинчлигимиз ва барқарорлигимизга таҳдид»га айланган ва бу Стратегик концепцияда ҳам ўз аксини топади. 

НАТОнинг Стратегик концепцияси альянс олдида турган янги хавфсизлик муаммоларини жамоавий баҳолаш ва НАТО ушбу таҳдидларга қарши туриш бўйича ўз зиммасига оладиган сиёсий ва ҳарбий мақсадларни ифодалайди. Концепция иттифоқчилар ўртасидаги ички маслаҳатлашувлар, ҳамкорлар, бошқа халқаро ташкилотлар, эксперт ҳамжамиятлари, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор билан ўзаро ҳамкорлик натижасидир. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид