Иқтисодиёт | 13:52
695
2 дақиқада ўқилади

Хитойнинг Россия билан савдо ҳажми 5 йилда илк бор қисқарди

Reuters Хитой Бош божхона бошқармаси маълумотларига таяниб хабар беришича, 2025 йилда Хитой ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2024 йилдаги рекорд кўрсаткичдан пасайган. Бу сўнгги беш йил ичида биринчи қисқариш ҳисобланади.

Фото: ИЗВЕСТИЯ/Сергей Лантюхов

Хитойнинг Россия билан савдо ҳажми 2025 йилда сўнгги беш йил ичида илк бор қисқарди ва 2024 йилда қайд этилган рекорд даражадан паст бўлди. Бу ҳақда Reuters агентлиги 14 январ, чоршанба куни Хитой Бош божхона бошқармаси маълумотларига таяниб ёзди.

Ушбу статистикага кўра, 2025 йилда Хитой—Россия товар айирбошлаш ҳажми 1,63 трлн юанни ташкил этган (тахминан 201 млрд евро). Бу бир йил аввалгига нисбатан 6,5 фоизга кам. Жумладан, Хитойнинг Россияга экспорти 9,9 фоизга, Россиядан импорт эса 3,4 фоизга қисқарган.

Россиянинг Украинага тўлиқ кўламли ҳарбий ҳужуми бошлангандан ва Ғарб санкциялари жорий этилгандан кейин Россия—Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ошган эди.

Маълумотдан келиб чиқишича, савдо ҳажмининг пасайиши Россияда Хитой автомобилларига талаб тушиб кетгани ҳамда Хитойнинг РФдан хом нефт импорт қилиш қиймати арзонлашгани билан боғлиқ.

The Moscow Times нашри Гайдар институти маълумотларига таяниб ёзишича, утилизация йиғими оширилгани ва автокредитлар кескин қимматлашгани сабабли Хитойдан олиб келинган автомобиллар 2024 йилга нисбатан икки баравар кам харид қилинган. Нашрда, шунингдек, Ғарб технологияларининг ўрнини босиш учун Хитойдан келтирилаётган бошқа ускуналар етказиб бериш ҳам йиллик ҳисобда 11 фоизга камайгани айтилади.

Россия ва Хитой ўртасида савдо ҳажмининг сўнгги марта қисқариши 2020 йилда қайд этилган бўлиб, у COVID-19 пандемияси оқибатлари билан изоҳланган.

Россиянинг Хитойга экспорт қилаётган товарлари қийматининг асосий қисмини нефт, табиий газ ва кўмир ташкил этади. Бошқа товарлар қаторида мис ва мис рудалари, ёғоч, ёнилғи ҳамда денгиз маҳсулотлари бор. Хитой эса Россияга автомобиллар, тракторлар, компютерлар, смартфонлар, саноат ва ихтисослашган ускуналардан тортиб, болалар ўйинчоқлари, кийим-кечак ва пойабзалгача бўлган кенг турдаги маҳсулотларни экспорт қилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид