Жамият | 14:22 / 01.04.2022
11474
4 дақиқада ўқилади

“Тўнғичим вафот этиб, 7 йил деганда шу қизим туғилганди, унда эса оққон...” – фарзандини қутқариш илинжидаги ота-оналар ҳасрати 

Улар фарзандлари ҳақида изтироб, алам ва кўзёш билан гапиришади. Уларни шунчаки тинглаб бўлмайди, чунки ҳасрат чўккан нигоҳларга қарашнинг ўзи оғир. Бугун ҳам юртимизнинг турли вилоятларидан келган, боласининг дарди олдида чорасиз ота-оналар илтижосига қулоқ тутамиз.

Қизини даволатиш учун мардикорлик қилаётган ота

Хоразмдан келиб яшаётган Суҳроб икки қизини бекам-у кўст катта қилиш, яхши таъминлаш мақсадида хорижга бориб ишлар эди. Бир куни унга уйдан қўнғироқ қилиб, зудлик билан орқага қайтиши лозимлигини, катта қизи Камола оққонга чалинганини айтишди.

“Тўнғич фарзандимиз вафот этгач, 7 йил деганда шу қизим туғилган эди. Бу хабарни эшитиш жуда оғир бўлди. Қайтишга мажбур бўлдим.

Ҳозир қизимни даволатиш учун пойтахтда ижарада яшаймиз. Ўзим мардикор бозорда кунлик иш қидираман. Қарз-ҳавола қилдим, яқинларим ёрдам беришди”, — дейди у.

Камола Одилбековага оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0417 6375 3275 онаси Навбаҳор Бекметова номида

Humo: 4073 4200 1042 4921 онаси Навбаҳор Бекметова номида

Ёлғиз аёлнинг хаста фарзанди

Нурмуҳаммад ҳозир 4 ёшда. 3 йилдан бери ҳар ойда қон олиб яшаётган болажонни тақдир хасталикдан ташқари отасиз ўсишга ҳам ҳукм қилган. Онаси Мафтуна Султонованинг айтишича, улар ажрашишгандан бери турмуш ўртоғи боланинг ҳолидан хабар олмайди. Она-бола Мафтунанинг ота уйида яшайди. Давлат томонидан бериладиган 850 минг сўм нафақа эвазига кун кўришади.

“Қийналиб кетдим жудаям, лекин боламни йўқотиб қўйишдан қўрқаман. Касалхоналарда овқатсиз қолиб кетамиз. Чунки болам касалхонадаги овқатни егиси келмайди. Шунақа пайтларда ноилож ёнимиздаги беморлардан илтимос қилиб, уларнинг овқатидан еймиз”, — дея зор йиғлайди йўқчиликдан, дарддан куйиниб аёл.

Нурмуҳаммад Алланазаровга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0609 3799 2809 онаси Мафтуна Султонова номида

Humo: 9860 1801 0446 7485 онаси Мафтуна Султонова номида 

“Уйимиз бўлганда сотиб бўлсаям даволатардик”

Сирдарёлик Балжан ҳам ўзи нималигини билмайдиган касалнинг ўлжасига айланган. Бир йил аввал бурни қонаб, баданида кўкаришлар пайдо бўлганида йўқчилик гирдобидаги фарзандининг қандай дардга чалинганини билишмаган эди. Онаси Нурипа Ҳожибоева буни афсус-надоматлар билан гапиради:

“Ижарама-ижара яшаб касаллик бошланганда унча аҳамият бермабмиз. Текширтирганимизда шу касал аниқланди. Уй-жой топилар экан, аммо боламнинг соғлигига ҳеч нарса етмайди.

Турмуш ўртоғим оддий ишчи бўлиб ишлайди. Топгани ижарамиз, газ-светимиздан ортмайди. Еб-ичиш тўғрисида ўйлашга-ку умуман илож йўқ. Уйимиз бўлганда сотиб бўлсаям даволатардик”.

Балжан Бахтиёровага оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0609 8667 1254 онаси Ҳожибоева Нурипа номида

Humo: 9860 0803 0298 8078 онаси Ҳожибоева Нурипа номида 

“Бир эмас, икки ўғлим ҳам шу дардга чалинадими?”

Юқоридагилардан икки ҳисса дардни вужудида ортмоқлаб Намангандан келган бу онанинг бир эмас, икки ўғлига оққон ташхиси қўйилган.

“10 йилдан бери ҳар 20 кунда катта ўғлимга қон қуйдирамиз. Аввал қорнида шиш пайдо бўлгач, талоғини олдирдик. Тўнғичим 6 ёш бўлганда яна ўғилли бўлдик, 7 ойлик чақалоғимда ҳам касаллик аломатлари кўрина бошлагач текширтирдик. Афсуски у болам ҳам шу касалга дучор бўлган экан.

Чидолмадим. Бир эмас, икки фарзандим ҳам шу касалга чалинди: бирини 10 йилдан, бирини 3,5 йилдан бери даволатиб келамиз. Ҳеч нарсамиз қолмади, очиғи. Хўжайиним кира қиларди, машинасини сотиб болаларимни даволатишга ишлатдик. Умримиз касалхонада ўтади: бирини даволатсак, иккинчисини даволаниш вақти келиб қолади”.

Болаларга хорижда даволатиш мумкинлигини айтишган. Лекин бу катта маблағ талаб қилгани сабабли оилага яхшилар кўмаги лозим.

Дилмурод ва Азизбек Ҳамидовларга оид маълумотлар:

Онаси Шаҳноза Мамажонова

Uzcard: 8600 0610 6255 5171 онаси Шаҳноза Мамажонова

Viza: 4231 2000 0915 4617 онаси Шаҳноза Мамажонова

Мавзуга оид