Ўзбекистон | 21:02 / 10.10.2022
10539
2 дақиқада ўқилади

Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга табиий газ ва электр энергияси етказиб бериш ҳажми оширилади 

Энергетика вазирлиги хабарига кўра, 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга жами 30,6 млрд куб метр табиий газ, 34 млрд 918 млн киловатт-соат (ўтган куз-қиш мавсумига нисбатан 2 млрд 540 млн киловатт-соатга кўп) электр энергияси етказиб берилади. 

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Бош вазир ўринбосари, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов тизим ташкилотлари ва ёқилғи-энергетика соҳасида фаолият юритаётган корхоналарда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича олиб борилаётган ишларнинг ҳолати, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди. 

Унда соҳа обектларини 2022/2023-йиллар куз-қиш даврига тўлиқ тайёрлаш, истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш ишларининг бугунги кундаги ҳолати муҳокама қилинди.  

Йиғилишда куз-қиш даврида истеъмолчиларга жами 30,6 млрд куб метр табиий газ етказиб берилиши юзасидан топшириқ берилди. Шундан 10,4 млрд куб метр газ аҳолига ва 20,2 млрд куб метр газ иқтисодиёт тармоқларига етказилади. 

Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, жорий йил якунига қадар 12,7 минг дона қўшимча маиший газ баллони етказиб бериш лозимлиги белгиланди. 

Шунингдек, олис ва бориш қийин бўлган қишлоқ, овулларда кўмир, суюлтирилган газ захирасини яратишда 168 мингдан зиёд хонадонга 10 693 тонна суюлтирилган газ етказиб берилишини таъминлаш чоралари кўрилади. 

15 сентябрдан бошлаб бугунги кунгача аҳоли истеъмолчиларига 144 минг тонна кўмир етказиб берилган. Йил якунига қадар 882 минг тонна кўмир етказиб бериш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Куз-қиш даврида республика истеъмолчиларига жами 34 млрд 918 млн киловатт-соат (ўтган куз-қиш мавсумига нисбатан 2 млрд 540 млн киловатт-соатга кўп) электр энергияси етказиб берилиши юзасидан топшириқ берилди. Мавсум давомида аҳолига 10 млрд 938 млн киловатт-соат электр энергияси етказиб берилади. 

Шунингдек, энергия ресурслари таъминотини назорат қилувчи доимий штаб фаолияти йўлга қўйилади. 

Мавзуга оид